Буюк Ипак йўли дурдонаси - қадим Балх хазиналари

  • 20 Октябр 2013
15 асрга тегишли Хўжа Порсо масжидини таъмирлаш ишлари

Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида дунёдаги энг муҳим тарихий аҳамиятга молик нуқталар мавжуд. Қадимий Балх эса, "Шаҳарлар онаси" деб танилган.

Би-би-си мухбири Lynne O'Donnell илк бор Балхга ўн йилдан ортиқроқ вақт муқаддам сафар қилганди. Бу гал мухбиримиз шаҳарнинг қадимий хазиналарини кашф қилишга уринаётган археологлар билан бирга борган.

Афғонистон шимолида эсаётган иссиқ шамол чангу тўзонни осмонга кўтаради. Аёллар бурқаси шамолда мовий тўлқиндек мавжланади. 40 даража жазирамада қумтепалар оша ҳайдаб ўтилаётган қора эчкилар ҳам тинкаси қуриган кўринади.

Ушбу манзиллар - бир пайтлар кўчманчилару ўтроқ аҳоли, саркардалару сайёҳлар, борингки, масиҳийларни-да етаклаб ўтган карвон йўллари бўлган. Ўткинчилар ўзларидан кўплаб сир-синоатларни қолдиришган. Археологлар эса, ҳали ҳамон бу жумбоқларни ечишга уринишади.

Минтақа Осиёнинг 4, 000 йиллик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда диний тарихи қоқ маркази ҳисобланади.

Мен Бақтрия текистликларидан 2001 йил ўтгандим. Ню Йорк ва Вашингтонга қарши 11 сентябр ҳужумлари ортидан Британия ва Америка кучлари Толибонни еру кўкдан нишонга олаётган пайт мен Афғонистонга Ўзбекистон тарафдан Амударё орқали келгандим.

Минора 12 асрда бунёд этилган

12 йил ўтиб, яна дунёнинг энг қадимий, энг нодир ва энг буюк тарихини ўзида жамлаган ҳудудни зиёрат қилиш учун қайтдим. Бу галги ҳамроҳларим афғон ва француз қадимшунослари...

Бу манзиллар нафақат Афғонистоннинг ўтмиши, балки Ҳиндистону Чин ва ундан нариёқдаги сарҳадлар тамаддуни бешиги ҳамдир.

Бақтрия текистликларида Афғонистоннинг сир-синоатларга тўла тарихи хазиналари бекинган.

Ушбу саҳроларда Буюк Александр (Искандар Зулқарнайн) қўшин сурган, Балх подшоҳи Оксиартни ўлдириб, унинг гўзал қизи Рахшанак (Роксана)га уйланган.

1, 500 йил кейинроқ эса, Чингизхон бу юртга даҳшат солган, шаҳарлар кулини кўкка совурган.

Зардўштлик дини асосчиси Зардўшт ҳам 3, 500 йил муқаддам шу ерда яшаб, эҳтимолки, ҳаётдан кўз юмган.

Улуғ аллома Жалолиддин Румий 13 асрда Балхда таваллуд топган.

Янги терилга пахталар ортилган туялар карвонлари қуриб қақшаган чўлларни кесиб ўтиб, унумдор Балх воҳасига қараб юришган.

Франциялик археологлар олтибурчакли йирик қалъани ўраб турган деворлардан намуналар олишмоқда. Қалъанинг шаклу шамойили фақат сунъий йўлдош орқали олинган суратларда кўринади. Ушбу иншоот ҳам ҳимоя ва ҳам сув учун стратегик муҳим ҳисобланган.

Улар метал найчани тупроққа тўлдириш учун қалъа пойдеворини янада чуқурроқ ковлашади. Париждаги олимлар ушбу намуналарга қараб бино тарихини аниқлашга уриниб кўришлари мумкин. Ҳозир улар 2, 500 йилларни тахмин қилишмоқда.

Яқин-атрофда жойлашган Давлатобод - Задиандаги кичкина меҳмондўст қишлоқча. У ерда Толибон фаол бўлгани учун фақат қуролли полиция ҳамроҳлигида боришга муваффақ бўлдик.

Мен камерамни кўтаришим билан қудуқ бошидаги ранг-баранг рўмол ўраган қизалоқлар чинқираб қочишади.

Афғонча уст-бош кийган саллали эркаклар эса, бизни қаршилаш учун соядан чиқиб келишади.

Кўкка қарайман, мени ғуборсиз осмон, қуёшда пишган гилдан тикланган миноранинг улуғворлиги ҳайратга солади.

Тўққиз гумбаз масжиди ҳам қайта таъмирланмоқда

12 асрда бунёд этилган, Чингизхон ва унинг муғул босқинчилари ҳамда ўшандан бери дунёнинг ушбу нуқтасига тинимсиз келиб-кетган ўткинчилардан омон қолган минора ҳамон номсиз.

Чашмаи Шифо воҳасидаги йирик, сандонга ўхшатиб йўнилган оқ чақмоқтош ушбу ҳудудларда зардўштийликка эътиқод қилингани ягона далилидир.

Меҳробнинг текистланган уст қисми чироқ ёғи учун қудуқча вазифасини ўтаган. Ушбу ёлқинни эса, бутун водийдан туриб кўриш мумкин бўлган.

Француз қадимшунослари сандон Буюк Александр Рахшанакка уйланган пайти ҳам шу ерда бўлганмикан-йўқлигига қизиқадилар.

Французлар Балхда қарийб 100 йилдан бери изланишлар олиб боришади. Аммо, бу фаолият урушлару босқинлар туфайли бўлиниб турган.

Қазиш ишлари 1990 йиллар охирларида, тарих фақат 7 асрдан Ислом пайдо бўлиши билан бошланган деб ишонувчи Толибон қудратга келиши билан ҳам тўхтатилганди.

Аслида Афғонистонда Ислом Буддавийлик ўрнида барпо этилган. Тарихни назар-писанд қилмаслигини намойиш этган Толибон 2001 йил Бомиёндаги Будда ҳайкалларини вайрон қилди.

Бугун археологлар тараққиёт ва фалсафани дунёнинг тўрт томонига тарқатишда Афғонистоннинг роли минглаб йилларга бориб тақалишини тасдиқламоқдалар.

Мана бу чақмоқтош оташпарастларга тегишли бўлгани тахмин қилинади

Улар назарида, ўтмишнинг буюклиги келажак учун намуна бўлиши керак.

Асл Балх тарихдаги энг қадимий ва буюк шаҳарлардан бири бўлган.

Бугун ундан қолгани - чанг-тўзонли далалар, машаққатли қазиш ишларидан сўнг бўй кўрсатиб қолган улуғвор деворлар... 7 йил ичида пойдеворларнинг 20 метрлик қисминигина қазишга муваффақ бўлинди.

Деворлар оша эса, замонавий қишлоқ ҳовлилари... кир ёйиладиган дорлар, итларини таъқиб қилаётган болакайлар, арава тортиб бораётган эшаклар, чанг уюрмаларини кўкка кўтараётган иссиқ шамол...

Кейинги ҳодисалар қай томонга ўзгармасин, урушлар тугаб, келаси йил хориж кучлари чиқиб кетганидан сўнг, Балх яна Афғонистоннинг узоқ йиллик тарихи қаърига сингиб кетишига шубҳа йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ