Сурия: аскарларни портлаш, болаларни очлик ўлдирди

  • 19 Октябр 2013

Сурия пойтахти чеккасида юз берган портлаш камида 16 аскарни нобуд қилган. Портлаш Башар ал-Ассад тарафдорлари назорат қилувчи Жарамана туманига кириш йўлида юз берган.

Бу туман ёнида исёнчилар назорати остидаги Ал Млеха тумани жойлашган.

Сурия давлат ахборот воситалари портлашларда "террорчилар"ни айблаганлар, бироқ ҳеч қандай тафсилотларни бермаганлар.

Жарамана аввал ҳам исёнчилар ҳужумига учраган. Ўтган август ойида машинага ўрнатилган бомба портлаб 18 одамни ўлдирганди.

Болалар очидан ўлмоқда

Аввалроқ АҚШ Сурия ҳукуматига мурожаат қилиб, Дамашқнинг исёнчилар назорат қилувчи ҳудудларида очликдан азоб чекаётган одамларга инсонпарварлик ёрдамини етказишга кўмаклашишни сўраган.

Америкалик расмийларга кўра, одамлар озиқ-овқат, сув ва дори-дармонга мухтожлар. Сурия армияси аввалроқ қамал ичида қолаётган исёнчиларга мурожаат қилиб, ё таслим бўлиш ё очдан ўлишни таклиф қилган.

АҚШ келтираётган тафсилотларга биноан, Президент Ассаднинг саройидан атиги бир неча чақирим нарироқдаги исёнчилар ерларида болалар очликдан нобуд бўлишаяпти.

Бу ҳафта мусулмон уламолари Дамашқнинг қамал остида қолаётган ҳудудларида очликдан қутулиш учун одамларга мушуклар, итлар ва эшакларни ейиш рухсат берилишини эълон қилганлар.

Кўмак ташкилотларининг айтишича, Сурияда жанглар давом этаётган ҳудудда қолаётган одамларга озиқ-овқат етказиб бериш Сурия кимёвий қуролларини барбод қилишдек катта аҳамиятга эга.