Тунги Кобул ёки бойвачча афғон ёшлари бугун пулларини нимага сарфлашади?

  • 17 Октябр 2013
  • изоҳлар

Ғарбликларнинг шунча йиллик таъсири ва Афғонистон пойтахтига оқиб келган саноқсиз пуллар ўз мевасини бермай қолмабди.

Бойиб бораётган афғон оилаларининг пулдор болалари учун Кобулда, ҳатто, музлатилган мевали йогуртлар таклиф қилувчи тунги барлар ҳам очилибди.

Кобулнинг жонланиб бораётган тунги ҳаёти Британияда чоп этилувчи нуфузли “Гардиан” газетаси мухбирининг эътиборидан четда қолмагани эса, бунинг Афғонистон учун қанчалик ноодатий эканига далолат қилади.

Дам олиш кунларининг бирида кечқурун йўлим Кобулнинг бойвачча Вазир Акбар Хон мавзесига тушди. Қарасам, ташқи қиёфасидан ўзига тўқ эканликлари кўриниб турган 20 ёшлар чамасидаги бир гуруҳ йигитлар музлатилган йогурт сотувчи “Cherry Berry” барининг қаршисида навбатда туришибди, - дея ўз мақоласини бошлайди Сабра Айрес.

“Гардиан” мухбири қизиқиб қолиб, ўзи ҳам барга киргандан кейинги манзарани эса, мана бундай тасвирлайди:

Барнинг овқатланиш учун мўлжалланган ва ёрқин рангга бўялган юқори қаватида кўзим стол атрофига жамланиб олган шолвор камзулдаги бир гуруҳ афғон ёшларига тушди. Қўлларида смартфонлар ва таблетлар. Билсам, улар тунги соат биргача очиқ бўлган бу барда соатлаб чақчақлашиб, “Фейсбук”ларини титкилаб ўтиришаркан, - дейди Сабра.

“Кейинроқ эса, уларга қўлларидаги финжонларини музлатилган йогуртга тўлдириб олган, сочлари замонавий русумда қиртишланган, гелланган, жинсию ғарбона рамзлар туширилган футболкада бўлган тенгдошлари бориб қўшилишди”.

Ҳа, энди бу ёш йигитчалардир десам, барнинг пастки қаватида ёш қизу жувонлар, бутун бошли афғон оилаларига кўзим тушди, - дея ўз ҳайратларини изҳор этади “Гардиан” мухбири. (Чунки Афғонистонда ҳали-ҳануз аёлу эркакнинг бирга ўтириши хушланмайди).

Мақола тафсилотларидан маълум бўлишича, “Cherry Berry” ёш, пулдор афғон ёшлари ва хорижлик меҳмонлар учун мўлжалланган тунги масканлардан биттаси.

Юз минглаб ғарбликларнинг ҳозирлигидан Кобул ҳам бойиб қолган эмасми, авваллари кеч тушиши билан қоронғулик қўйнига чўмиб кетувчи шаҳарда бугун тунда ҳам оч қолмайсиз: Чўнтагингиз кўтарса, қорнингизни тўйдириб олишингиз мумкин бўлган ресторан ва қаҳвахоналар бирталай.

Демоқчиманки, Афғонистон пойтахти ўтган икки йил ичида мисли кўрилмаган ўзгаришларга юз тутмоқда, ўта анъанадор афғон жамиятида янги анъана шаклланаётир: пулдорлар учун хос масканлар пайдо бўлмоқда. Истаган хонандангизга тақлид қилиб, овозингизни баралла қўйишингиз мумкин бўлган караоке қаҳвахоналари дейсизми ва ёки боулинг залларигача бор.

"Қанийди, бизга ўхшаган ёшлар бориб, мазза қилиб дам оладиган жойлар кўп бўлса”, - дейди бизнес бошқаруви бўйича таҳсил олаётган 22 ёшли Идрис Лутфий. “Cafe Che”да Идрис йигиту қиз талаба дўстлари билан кечки овқатни еб, яна чилим ҳам чекиб олишади. Пайшанба кунлари эса, бу қаҳвахонада хонандалар жонли чиқишлар қилишади: афғонча попдан тортиб, Болливуднинг одамларнинг кўнгилларини забт этган энг сўнгги қўшиқларидан олишади...

Бу каби анъана, айниқса, пойтахт Кобулда яққол кўзга ташланади. Чунки, Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари билан қиёсланганда, одамлар бу ерда кўпроқ даромад қилишади. Пойтахт Ғарбона ҳаёт тарзига ҳам анчайин очиқ.

Аслида Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади. Агар, Жаҳон Банкининг сўнгги маълумотларига қаралса, аксарият афғонлар йилига ўртача олти юз долларга яқин даромад қилишади. Устига устак, афғон оилаларининг қанчалик серфарзанд эканликларини айтинг.

Энди, буни пойтахт Кобулдаги тунги барлардаги нарх-наво билан таққослайлик: Дейлик, “Cherry Berry” барида бир финжон музлатилган йогурт қарийб 5 АҚШ доллари туради. “Агар, сиз фаррош ёки оддий сотувчи бўлсангиз, бу сизга қимматлик қилади”, - дейди бар ҳамсоҳибларидан бири Шекиб Рашидий.

Ҳали ёши 30 га ҳам етмаган Шекибнинг айтишича, “Мижозларидан аксарияти ойига камида 500 доллар топишади ва шунинг учун ҳам, бу каби барларга кириш учун пулларини аяйдиган одамлар эмас”.

Агар, унинг сўзларига қаралса, Афғонистонда дам олиш куни бўлган пайшанба кунлари ўртача 600 та мижозга хизмат кўрсатишади.

“Cherry Berry”дан бироз юрсангиз, “Strikers” боулинг хиёбони жойлашган. Бу ерга оилангиз ва дўстларингиз билан келиб бир соат боулинг ўйнаш 30 АҚШ доллари туради. Орада сизга пицца ва бургерлар ҳам тортишади.

Лекин, шунда ҳам, Афғонистон жамияти эркакларнинг сўзи сўз бўлган анъанадорларидан эмасми, тунги масканлар аксариятининг мижозларини ёш йигитлар ташкил қилишади. Аммо қаҳвахоналарга бориб, савдо марказларининг тит-питини чиқараётган қизларнинг сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда.

Тўғри, Кобулнинг тунги оромгоҳларини ҳозирча Лондон ёки Нью-Йоркдагиси билан таққослаб бўлмайди. Аммо аксарият учун Кобулнинг жонланиб бораётган тунги ҳаёти шаклланиб келаётган афғон ўрта синфининг таъсири остида кечаётган ўзгаришлар сифатида талқин этилмоқда.

Аммо келаси йилги президентлик сайловлари ва хорижий қўшинларнинг ортга сафарбарликларини назарда тутиб, Афғонистон иқтисоди таназзулга юз тутиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Улар халқаро кўмакларнинг кўлами қисқариб, Толибон билан музокараларда берилажак ён беришлар афғон жамиятининг қайта анъаналашувига йўл очиши мумкин, деган ўйдалар.

“2014 йил”, деган қўрқувларга қарамай, Афғонистонда ҳаёт ўнгланмоқда. Кобул электр токи бўлмагани учун одамлар кеч соат саккиздан ётиб оладиган пайтларга қайтишига ҳеч ақл бовар қилмайди”, - дейди Лутфий.