BBC navigation

Lancet: Ёсир Арофат полоний моддаси билан заҳарланган бўлиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 13 октябр 2013 - 14:32 GMT

Жаҳондаги нуфузли тиббий журналлардан бири Lancet собиқ Фаластин лидери Ёсир Арофат Полоний-210 радиоактив моддаси билан заҳарлангани ҳақидаги даъвони тасдиқлаган.

Lancet швейцариялик мутахассислар текширувининг илк натижасини эълон қилган.

Текшириш натижаларига кўра, Ёсир Арофатнинг қони, сийдиги ва тупугида радиоактив модданинг ҳаддан ортиқ даражаси аниқланган.

Фаластин мухториятининг асосчиси ва биринчи раҳбари Ёсир Арофатнинг саломатлиги 2004 йил октябрида ёмонлашган ва у Рамаллоҳдаги шифохонага ётқизилган эди.

Аҳволи тобора ёмонлашганидан кейин Франциядаги шифохонага ўтқазилган.

Барча даволашларга қарамасдан, Ёсир Арофат комага тушган ва 2004 йилнинг 11 ноябрида 75 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Ёсир Арофатнинг заҳарлаб ўлдирилгани ҳақидаги кўплаб даъволар илгари сурилган.

Қатарда жойлашган "Ал-Жазира" телеканали журналистик тадқиқот ўтказишга қарор қилган.

Ва Ёсир Арофатнинг шахсий буюмларини Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги мутахассислардан текшириб беришни сўраган.

Ўшанда тадқиқотчилар Арофат буюмларида Полоний-210 радиоактив моддаси аниқланганини маълум қилганлар.

"Ал-Жазира" кўрсатуви Фаластин раҳбарларини Ёсир Арофатнинг қабрини очиб, текширув бошлашларига ундаган.

2012 йилнинг ноябрида Ёсир Арофатнинг қабри очилиб, эксгумация қилинган эди.

Фаластин маъмурияти талаби билан Швейцария мутахассислари ўтказган текширишларнинг тўла натижасини яқин кунларда оммага эълон этилиши хабар қилинмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.