BBC navigation

‘Марҳум Қаддофийнинг қайноғаси Гаагада судланмайди’

Сўнгги янгиланиш 12 октябр 2013 - 08:10 GMT

Бундай қарорга Халқаро Жиноят маҳкамаси келди.

Маҳкама ҳукмига мувофиқ, полковникнинг собиқ Жосуслик Хизмати раҳбари Ливиянинг ўзида суд қилинади.

Аммо халқаро маҳкама қарори марҳум Қаддофийнинг тўнғичи Сайф ал-Исломни кўзда тутмайди.

Халқаро Жиноят маҳкамасига кўра, ўзининг асосий низомига таяниб иш тутган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, жиноий ишини ўз она юртида адолатли маҳкама кўриб чиқиши мумкин бўлган гумондорлар Халқаро Жиноят маҳкамасига тортилмайди.

Абдулла Сенуссий марҳум Қаддофийнинг энг таниқли давлат мулозимларидан бири бўлган.

Собиқ Жосуслик Хизматининг раҳбари полковникнинг қулатилиши билан якун топган 2011 йилги халқ исёни чоғида содир этилган уруш жиноятларида айбланади.

Ўтган ой Мавритания ўз она Ватанидан қочиб юрган Абдулла Сенуссийни Ливияга топширганди.

Унинг ҳимоячиси Бен Эммерсон халқаро маҳкаманинг қароридан ҳайрон қолганини айтмоқда.

“Ливия адлия тизими буткул издан чиққан. Шу боис ҳам, маҳкамалари собиқ Қаддофий тузуми амалдорларининг ишини кўриб чиқишга қодир эмас”, - дейди у.

Халқаро Жиноят Маҳкамаси таркибидаги махсус палата эса умуман бошқача фикрда.

Палатага кўра, Ливия Сенуссийнинг ишини ўзи кўриб чиқмоқчи ва улар бунга қодир.

Сайф ал-Исломга нима бўлади?

Халқаро маҳкаманинг расмий баёнотида билдирилишича, қарорлари марҳум Қаддофийнинг тўнғичи Сайф ал-Исломнинг жиноий ишини кўзда тутмайди.

Сайф ал-Ислом ҳам уруш жиноятларида айбланади ва Абдулла Сенуссийнинг ишига алоқадорликда маҳкамага тортилаётган 36 судланувчидан бири саналади.

Халқаро Жиноят Маҳкамасига кўра, Ливия томони марҳум диктаторнинг ўғли борасида ишончли далилларни тақдим эта олмаган ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини ҳам кафолатламаган.

24 октябр куни Триполи маҳкамаси Сайф ал-Ислом, Абдулла Сенуссий ва яна собиқ тузумнинг 20 нафар юқори мартабали мулозимига қўйилажак айбловлар масаласида бир тўхтамга келади.

Уларнинг барчаси 2011 йилги аксилҳукумат намойишлари иштирокчиларини ўлдиришга алоқадорликда айбланишлари мумкин.

Жангчилар Сайф ал-Исломни Ливиянинг ғарбий Зинтан шаҳрида ҳибсда ушлаб туришибди.

Шу йил сентябр ойида улар марҳум Қаддофийнинг тўнғичини Триполидаги маҳкама жараёнига юборишдан ҳам бош тортишганди.

Марҳум полковникнинг қайноғаси ҳам бўлган Абдулла Сенуссийга қарши илгари сурилаётган айбловлар эса бирталай.

У 1996 йилда пойтахт Триполидаги “Абу-Салим” қамоқхонасида сақланаётган сиёсий маҳбусларни оммавий ўлдиришга ҳам алоқадорликда кўрилади.

1999 йилда Франция маҳкамаси Абдулла Сенуссийни ўз учоқлари ҳалокатида айбдор, деб топиб, уни сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этганди.

Француз учоғи 10 йил бурун Нигерияда уриб туширилганди.

"Amnesty International" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти эса, ҳар икки бош гумондорнинг ҳам зудлик билан Гаагага юборилишига чақирмоқда.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.