Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти тинчлик бўйича Нобел мукофотини олди

  • 11 Октябр 2013
  • изоҳлар

Бу йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига бериладиган бўлди.

Ташкилот ҳозир Суриядаги заҳарли газлар уюмини йўқотиш устида ишламоқда.

Нобел қўмитаси Норвегиянинг Осло шаҳрида бу йилги соврин ғолибини эълон қиларкан, ташкилотнинг кимёвий қурол-аслаҳаларни йўқ қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаган.

"Норвегия Нобел мукофоти қўмитаси, 2013 йилнинг тинчлик мукофотини Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг Сурияда кимёвий қуролни йўқ қилиш борасидаги кенг миқёсдаги фаолияти учун беришга қарор қилди", - деб айтган қўмита раиси Турберн Ягланд Ослодаги матбуот анжуманида.

1,25 млн доллардан иборат пул мукофоти ва олтин медал 10 декабрда Норвегия пойтахтида ўз соҳибига топширилади.

Мукофотни ташкилот раҳбари Аҳмат Ўзумжу қабул қилиб олади.

Кимёвий қуролни тақиқлаш конвенциясига амал қилишни кузатиш мақсадида тузилган кичик ташкилот Ҳаагада ўз штаб-квартирасига эга.

Ўтган якшанба куни мутахассислар Суриядаги заҳарли моддаларни йўқ қилишга киришдилар.

Ослодан Би-би-си мухбири Ларс Бевангернинг хабар беришича, ушбу мукофот қуролланишга қарши муҳим халқаро келишув амалига масъулиятли бўлган ташкилотнинг хизматларини тан олиш ва муносиб тақдирлаш саналган.

Конвенция орқали дунёдаги 80 фоизга яқин кимёвий қурол заҳиралари тугатилишига муваффақ бўлинди.

Халқаро жамоатчилик босими ортидан Сурия ҳукумати ҳам ушбу конвенцияга киришга тайёрлигини билдирди. Бу келишув амалга ошса, Сурия конвенция имзолаган 131- мамлакат бўлади.

Нобел Тинчлик мукофотига бу йил рекорд даражада - 259 номзод кўрсатилган.

Рўйхатда кимлар борлиги эса одатда қаттиқ сир тутилади, бўлажак совриндорлар ҳақидаги башоратлар кўпинча тасдиқланмай қолади.

Шунга қарамай, номзодлар орасида қизларнинг таълим олиши учун курашиб, толибларнинг ҳужумига учраган покистонлик 16 ёшли Малала Юсуфзай, конголик жинсий зўрланган аёлларга кўмаклашган шифокор Денис Муквеге ва Wikileaks сайтига улкан миқёсдаги маълумотлар берган америкалик аскар Брэдли Мэннинглар борлиги маълум бўлганди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Суриядаги кимёвий қурол заҳираларини тугатиш ишига қўшган ҳиссаси учун тинчлик бўйича Нобел мукофотига тавсия қилинди.

Путиннинг матбуот котиби, бунга фикр билдираркан, "Путин ҳар хил мукофотлар олишга эмас, балки қилаётган ишидан кўнгли тўлиш тарафдори" эканлигини айтганди.

Норвегиянинг NRK телеканали натижалар эълон қилинишидан бир неча соат олдин тинчлик бўйича Нобел мукофоти Суриядаги заҳарли моддаларни йўқ қилиш билан шуғулланаётган Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига берилиши мумкинлигини билдирди.