BBC navigation

Генерал Абдулрашид Дўстум кимдан ва нима учун узр сўрамоқчи?

Сўнгги янгиланиш 9 октябр 2013 - 12:05 GMT

Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ўзбеклар зич яшовчи шимолий минтақасида энг қудратли сиёсатчилардан бири бўлган генерал "ўтмишдаги сиёсатларидан жабр чеккан афғон халқидан узр сўраган биринчи инсон бўлмоқчи".

Абдулрашид Дўстум жаноблари куни-кеча ана шундай истакда эканини ошкора баён этиб чиқди.

Ўзбек генералининг чиқиши президентлик сайловларида таниқли пуштун сиёсатчиси Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг 1-муовини бўлиб расман рўйхатдан ўтиши ортидан кузатилмоқда.

Жаноб Дўстум президентликка даъвогар барча асосий номзодлар билан юзма-юз учрашиб, Ашраф Ғани Аҳмадзай танловида тўхталганди.

Бу учрашувларнинг барчаси президентликка даъвогарларнинг ўз истаклари билан амалга оширилганди.

Чунки Афғонистон президентлигига номзод сиёсатчилар ҳамиша шимолий саккиз вилоятда зич яшовчи кўп миллионли Ўзбекларнинг овозини олишга уриниб келишган.

Таҳлилчилар генерал Дўстумнинг дастаги номзод сиёсатчининг сайловларда ғалаба қозониши учун етарлича овоз йиғиб бериши мумкинлигини айтишади.

Аммо Ўзбек генерали ва пуштун сиёсатчисининг келишуви жаноб Аҳмадзай тарафдорларининг орасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Улардан кўпчилиги генерални ўтмишда катта сондаги инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлганликда айблаб, ўз номзодларининг қарори янглиш бўлганини иддао этишмоқда.

Уруш ва жиноят

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дохил қатор нуфузли ҳалқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари Афғонистонда ўтган ўттиз йилдан буён давом этаётган зўравонликларнинг асосий иштирокчилари бўлган кўплаб инсонларни уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларни содир этганликда гумон қилишади.

Уларнинг ораларида бугун Афғонистон парламенти, ҳукумати таркиби ва президентликка номзодлар орасида бўлган қатор қудратли сиёсатчилару собиқ мужоҳиддин қўмондонларининг ҳам борликлари айтилади.

Аммо Афғонистоннинг бу яқин ўтмишида қўл урилган уруш ёки инсониятга қарши жиноятлар тўлиқ ҳужжатлаштирилмаган.

Жавобгарларнинг ҳануз жазосиз қолишаётгани эса, тез-тез танқид остига олинади.

2001 йилда гумондорларни жавобгарликка тортиш масъулияти юкланган Афғонистон Мустақил Сайлов ҳайъати эса, орада кечган вақт давомида деярли ҳеч нарсага муваффақ бўлмаган.

Бу масалада Афғонистоннинг Бирлашган Миллатлар Халқаро Уруш жиноятлари маҳкамасига аъзо бўлиб кириши ҳам иш бермаган.

Худди шу манзарада генерал Абдулрашид Дўстум афғон халқига ўтмишдаги сиёсатлари етказган ситам учун кечирим сўраш истагини ошкора баён қилган илк сиёсатчи бўлади.

Туркиядан сиёсий таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургутнинг айтишича, Ўзбек генералининг бу қабила узрхоҳлик билан чиқиши унинг обрўйини кўтаришга хизмат қилади, холос.

"Фақат ўзбеклар орасида эмас, Афғонистондаги тожик, пуштун, бошқа қавмлар орасида ҳам генерал Дўстумнинг ҳурмати ошади деб ўйлайман", - дейди таҳлилчи:

Генералнинг узрхоҳлиги амалда нимани англатиши, фақат қуруқ гаплигича қолиб кетиш-кетмаслиги саволига келганда, таҳлилчи ўтган ўттиз йиллик низолар давомида Афғонистонда урушга қўл урмаган инсон деярли йўқлигидан келиб чиқиб жавоб беришни маъқул кўришини айтади.

"Агар биз инсон ҳақларини оёқ-ости қилганларни маҳкамага тортамиз десак, Афғонистон нуфусини маҳкамага тортишимиз мумкин. Яъни, бу - амалий бир нарса эмасдир. Фикр қилингки, халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Афғонистондаги вазиятни билмай туриб, ўз таҳлиллари ва ҳисоботлари билан чиқишади. Бу ерда фақат шуни айтиш мумкинки, узр тилаб, бундай кейин бу хатоларни такрорламаслика ваъда беришнинг ўзи кифоя қилади", - дейди таҳлилчи.

Аммо халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларининг фаоллари ўтган ўттиз йиллик жиноятлар юзасидан адолат қарор топмас экан, Афғонистонда қонуний давлатчилик ўрнатиш имконсиз бўлишини таъкидлашади.

Қалтис вазият

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу галги президентлик сайловлари хорижий қўшинлар Афғонистондан чиқиб кетаётган бир йилда бўлиб ўтади.

Аммо Америка бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ишғолидан 12 йил ўтиб ҳам, афғон можароси на-да ҳарбий ва на-да сиёсий ечимини топган эмас.

Куни-кеча Афғонистоннинг амалдаги президенти Ҳомид Карзай Натони мамлакатида ҳеч нарсани уддалай олмаганликда айблаб чиққанди.

Буёғи Россияю Хитойдан тортиб, Ўзбекистон дохил минтақадаги қатор қўшни давлатлар эса, хорижий қўшинларнинг сафарбарлиги ортидан Афғонистондаги вазиятнинг жиддий издан чиқиб кетишидан хавотирдалар.

Уларнинг даъво қилишларича, Афғонистон яна террорчилар, экстремистлар, бангивор моддаларнинг уясига айланиши мумкин, фуқаролар уруши гирдобига ботиши мумкин.

Барча таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, кўп нарса Афғонистондаги президентлик сайловларининг қандай ўтиши ва қудратга кимнинг келишига ҳам боғлиқ бўлади.

Афғонистоннинг бу яқин тарихидаги учинчи президентлик сайловлари келаси йил апрел ойига режаланган.

Унда иштирок этиш истагини билдириб, Афғонистондаги энг қудратли сиёсатчи ва собиқ мужоҳиддин қўмондонлари дохил ўттизга яқин номзод расман рўйхатдан ўтишган.

Кўплаб маҳаллий кузатувчилар президентлик сайловлари ўтган галгисидек "ўта қаллобликлар манзарасида кечса", вазият жиддий издан чиқиб кетади, деган хавотирдалар.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Изоҳларга ўтиш
 
  • тавсия қилиш
    0

    Изоҳ рақами 1.

    Генерал Дустумнинг узр сурашини жуда хам сиёсийлаштириш уринли булмас, чунки бугун Афгонистон узи тошган узанлардан яна оркага кайтмокда. Буни Толибларнинг хукумат билан мулокатга киришаётганлиги ёки Карзайнинг Толибларни афгон халки сифатида мулокатга ундаётганлиги ва бошка бир катор объектив ва субъектив сабабларда куриш мумкиню Иккинчи бир томондан бу шунчаки сайлов олдидан узига хос тактика хам булиши мумкин. Дустум учун айни вактда турли кабилаларни бирлаштириш ва эътиборли кучга эга булиш мумкин кадар зарурдир. .

 
 

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.