BBC navigation

Покистондаги Толибон раҳбари Ҳакимулло Маҳсуд 'музокараларга очиқ'

Сўнгги янгиланиш 9 октябр 2013 - 16:06 GMT

Ҳакимулло Маҳсуд Покистон ҳукумати билан жиддий музокараларга тайёр эканини айтади

Покистондаги Толибон раҳбари Ҳакимулло Маҳсуд Би-би-сига ҳукумат билан "жиддий музокараларга" очиқ экани, бироқ у билан ҳали алоқага чиқишмаганини айтган.

Ҳакимулло Маҳсуд яқинда жамоат жойларида содир этилган ҳалокатли ҳужумларга алоқаси йўқлигини, бироқ "Америка ва унинг иттифоқчилари"ни ҳадафга олишда давом этишини билдирган.

Ҳакимулло Маҳсуд Покистоннинг қабила минтақаларида фаол бўлган 30 дан ортиқ қуролли гуруҳлар устидан назорат қилади.

Май ойида Покистон Бош вазири этиб сайланган Навоз Шариф Толибон билан ҳеч қандай шартларсиз музокараларни бошлашини эълон қилганди.

'Дрон ҳужумлари'

Ҳакимулло Маҳсуд билан суҳбатни Би-би-си мухбири Аҳмед Вали Мужиб шу ой бошида шимолий-ғарбий қабила ҳудудларидан бирида уюштирган.

Покистон ҳукумати билан тинчлик музокаралари ўтказиш эҳтимоли ҳақида сўралганида, Маҳсуд: "Биз жиддий музокараларга ишонамиз, аммо ҳукумат ҳозирга қадар биз билан алоқага чиқиш сари қадам ташлагани йўқ. Ҳукумат биз билан ўтирсин, кейин биз ўз шартларимизни айтамиз," - дея жавоб қайтарган.

Маҳсуд ўз шартларини матбуот орқали муҳокамага қўйишга тайёр эмаслигини айтган.

"Буни тўғри амалга ошириш учун ҳукумат расмий гуруҳни тайинлайди, улар биз билан ўтиришади ва сўнгра биз ўз мавқъеимизни изоҳ этамиз," - деб айтган Ҳакимулло Маҳсуд.

Маҳсуд ҳукумат музокарачилари хавфсизлиги таъминланишига кафолат беришини айтган.

У ҳар қандай оташкесим кучга кириши учун "дрон ҳужумларини тўхтатиш муҳим" эканини таъкидлаган.

Покистондаги Толибон ёки "Теҳрики Толибон Покистон" иккинчи қўмондони, Вали ур-Раҳмон май ойида АҚШ дрон ҳужумида ҳалок этилганди.

Маҳсуд тинчлик музокаралари ҳозирга қадар самара бермагани учун Покистон ҳукуматини айблаган.

"Покистон ҳукумати Америка босими туфайли бегуноҳ қабила инсонларини бомбалайди... Америка томонидан содир этилган дрон ҳужумлари Покистон томонидан дастакланади. Кейин америкаликлар бу заминда қуруқликда амалиёт ўтказиш талаби билан Покистонга босим ўтказишди ва Покистон бунга итоат қилди," - деб айтган Ҳакимулло Маҳсуд. - "Шундай экан ўтмишдаги муваффақиятсизликларга Покистон ҳукумати масъул."

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси Маҳсуд бошига 5 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган.

Унинг ўн минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлгани хабар қилинади.

Бироқ Би-би-си билан суҳбатда Ҳакимулло Маҳсуд сўнгги ҳужумларга унинг алоқаси йўқлигини айтган.

"Мусулмонлар, олимлар, масжидлар ва мадрасалар тинчлигини сақлашни биз ўзимизнинг муқаддас бурчимиз ҳисоблаймиз," - деб айтган Ҳакимулло Маҳсуд.

"Мусулмонлар мулкига зарар етказган портлашларга келадиган бўлсак, ўтмишдагиларига ҳам бугунгиларига ҳам бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ,"

- деб илова қилган Маҳсуд - "Кофирларга ишонганлар Америка дўстларидир ва улар кофирлар низомига бўйсунадилар... Биз уларни ўтмишда ҳам ҳадафга олганмиз, келажакда ҳам оламиз."

АҚШ етакчилигидаги кучларнинг Афғонистондан келгуси йил охирида чиқиб кетиши ҳақида сўралганида у: "Америка бизнинг Покистонга қарши жиҳод эълон қилишимизнинг икки сабабидан бири эди. Иккинчи сабаби Покистон тузумининг ноисломий тузум эканидир. Биз бу тузумни Исломий тузумга алмаштиришни истаймиз," - деб жавоб қайтарган Ҳакимулло Маҳсуд.

"Бизнинг бу талабимиз ва истагимиз Америка чиқиб кетганидан кейин ҳам давом этаверади," - дея қўшимча қилган Покистондаги Толибон раҳбари.

Ўлим даъволари

Ҳакимулло Маҳсуд 2007 йилда Толибоннинг собиқ раҳбари Байтулло Маҳсуд раҳбарлигида 300 нафар покистонлик аскарни қўлга олиши билан шуҳрат қозонди.

У Покистон армияси ва Афғонистонга бораётган АҚШ юк карвонларига қарши уюштирилган ҳужумларга етакчилик қилди.

2009 йил августида Байтулло Маҳсуд дрон ҳужумида ҳалок этилиши ортидан Ҳакимулло Толибон раҳбари этиб тайинланди.

АҚШ ва Покистон жосуслик манбаларининг у ўлдирилгани ҳақидаги қатор даъволари ўз исботини топмаган.

Ғарб раҳбарлари Толибон билан тинчлик музокараларини ўтказиш уринишлари гуруҳга ўзини ўнглаб олиш имконини беради деган ташвишдалар.

Би-би-си Покистон Ички ва Ташқи ишлар вазирлигига Ҳакимулло Маҳсуд баёнотига изоҳ беришни сўраб мурожаат қилди, бироқ улар шарҳ беришни исташмади.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.