Озарбайжон сайловлари: савол ва жавоблар

  • 8 Октябр 2013

Нефтга бой собиқ Иттифоқ республикаси Озарбайжонда 9 октябр куни навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтади.

Мустақиликка эришганидан бери бу мамлакатдаги олтинчи сайловлардир.

Кутилишича сайловларда жорий президент Илҳом Алиев учинчи бор беш йиллик муддатга сайланади.

Илҳом Алиев 2003 йили 1993 йилдан бери мамлакатни бошқариб келган отаси Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан сўнг меросхўр сифатида қудратга келганди.

Ҳайдар Алиевнинг 20 йиллик бошқаруви даврида эса биронта ҳам сайловлар адолатли, ҳақиқий рақобат асосида ёки ошкор бўлмаган.

Бу галги сайловларда мамлакатдаги икки асосий мухолиф партия ўз номзодалри билан иштирок этмоқда. Аммо кузатувчиларнинг айтишларича, бу ҳолат сайлов натижаларига у қадар ҳам таъсир қилмайди.

Асосий номзодлар ким?

Президент Илҳом Алиев унинг учинчи бор президентликка ўз номзодини қўйиши учун йўл очувчи ўзгартиришларни 2009 йили мамлакат Конституциясига киритди.

Бундан ташқари унинг ортида бутун мамлакатдаги бор имкон ва ресурслар бор.

Жорий Президентга салмоқлироқ рақиб Жамил Ҳасанлидир. У икки партия, "Мусават" ва "Халқ Фронти", шунингдек қатор кичикроқ ҳаракатларни бирлаштирган Демократик Кучлар Миллий Кенгаши номидан сайловларда қатнашмоқда.

"Мусават" ва "Халқ Фронти" 2008 йилги сайловларни бойқот қилгандилар.

Тарихчи олим, Парламентнинг собиқ аъзоси ва бир вақтлар Ҳайдар Алиевнинг маслаҳатчиси бўлган жаноб Ҳасанли Кенгаш томонидан охирги дақиқларда номзод этиб илгари сурилди. Чунки Кенгашнинг дастлабки номзоди таниқли режиссёр Рустам Ибрагимбековни Россия фуқаролигига эга бўлгани учун сайловларда қатнашишига рухсат берилмади.

Тарихчи олим, Парламентнинг собиқ аъзоси ва бир вақтлар Ҳайдар Алиевнинг маслаҳатчиси бўлган жаноб Ҳасанли Кенгаш томонидан охирги дақиқларда номзод этиб илгари сурилди.

Яна бир номзод либерал "Умид" партиясидан Иқбол Оғазода. У 2008 йилги сайлоовларда 3 фоиз овоз олган.

Сайловларда шунингдек яна уч партия ва тўрт ҳукуматпараст ҳаракат номзодлари ҳам қатнашмоқда. Лекин уларнинг биронтаси омма фикрини ўрганиш сўровларида 1 фоиздан кўпроқ овоз ололмаган.

Сайловларда қатнашиши тақиқланган яна кимлар бор?

Рустам Ибрагимбековдан ташқари Республикачи Муқобил партиясидан Илгар Мамадов ҳам сайловлардан четлатилган.

Жаноб Мамадов январ ойидан бери жамоат тартибсизлигини келтириб чиқариш айбловлари билан қамоқда. Унинг тарафдорларига кўра, айбловлар сохталаштирилгандир.

Марказий Сайлов Комиссияси унинг керакли сондаги имзоларни йиға олмаганлиги сабабли, дея рўйхатдан ўтказмаган.

Президентлик мақоми Озарбайжонда муҳимми?

Ҳа. Озарбайжон президент бошқарувидаги мамлакатдир. Давлат ва ҳукумат раҳбари сифатида Президентнинг салоҳиятлари кучли.

Озарбайжон Давлат Телевидениеси ҳамма номзодларга ўз кампанияларини олиб бориш учун тенг равишда вақт ажратди.

Лекин мухолифатга кўра, яқинда президент Алиевнинг мамлакат бўйлаб сафарларининг тинимсиз ёртитилиши бу тенгликни ёппасига бузувчи ҳолатдир.

Мухолиф номзодлар қўшимча эфир вақтини сотиб олишлари мумкин, лекин бу мухолифатнинг қўли етмайдиган даржада қимматдир.

Кўплаб шахсий каналлар ҳам мухолифатнинг тарғибот дастурларини намойиш қилишдан бош тортишган. Мухолиф партиялар шунингдек ҳукуматнинг босимларидан ҳам нолимоқда.

Интернет ва Ижтимоий тармоқларнинг роли ошиб бормоқда. Ҳамма номзодларнинг ўз вебсаҳифалари бор. Facebook билан Twitterда ҳам мавжудлар. Лекин буларнинг ҳаммасининг таъсири ҳозирча телевидениеникига етмайди.

Сайловолди кампанияси қандай ўтди?

Ҳуқуқ фаолларининг хабар қилишларича сайловолди кампанияси даврида ҳибсга олинган мухолиф фаоллар ва мустақил журналистлар сони кескин ошган.

Озарбайжон Инсон Ҳуқуқлари клубининг маълум қилишича, январ ойида ҳибсга олинганлар сони 60 нафар бўлган. Сентябр ойига келиб эса уларнинг сони 142 тага етган.

Айтилишича, май ойида "Интернетда ҳақорат учун" жиноий жазони назарда тутувчи қонуннинг қабул қилиниши Ижтимоий тармоқларга катта зарба бўлди.

Оврўпо Иттифоқи ҳам "мухолфат аъзолари, фуқаро жамияти ва мустақил матбуотга нисбатан давом этаётган босимлар" ҳақида ўз жиддий хавотирини изҳор этган.

Президент Алиевнинг матбуот котиби Али Ҳасанов бу танқидларни "бир томонлама, нохолис ва нотўғри маълумотларга асосланган", дея рад этди.

Сайловларни ким кузатади?

Озарбайжон мухолифати ва халқаро кузатувчилар авалги сайловлар даврида қаллобликлар юз берганини даъво қилганлар.

Таниқли режиссёр Рустам Ибрагимбеков Россия фуқаролигига эга бўлгани учун сайловлардан четлатилган.

Марказий Сайлов Комиссиясининг айтишича, бу гал қонунбузарликларнинг олдини олиш учун сайлов участкаларида назорат камералари ўрнатилган ва хоҳлаган киши сайловлар бошланишидан 24 соат мобайнида Интернет орқали хоҳлаган сайлов участкасида нималар бўлаётганлигини кузатиши мумкин.

Лекин овозларни санаш учун 10 кун мухлат белгиланган. Мухолифатнинг айтишича, бу муддат овозларни сохталаштириш учун етарлидир.

Сайловларни 1000 дан ортиқ хорижий кузатувчилар кузатиши айтилган.

Лекин Оврўпо Парламенти сайловларга кузатувчиларни юбормаслигини маълум қилган, аммо сабабларини очиқламаган.

Бу ўз навбатида Озарбайжон расмийлари учун мамлакат демократик давлат сифатида кўрилиши ва шунинг учун сайловларини синчиковлик билан кузатишга ҳожат йўқлиги ҳақидаги даъволар билан чиқишларига йўл очган.

Мухолифат эса Оврўпо Иттифоқи Озарбайжон билан газ қувури лойиҳаларини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, кузатувчилар юбормаётганлигини айтмоқда.