Генерал Дўстум нега афғон президенти бўлмоқчи эмас?

  • 4 Октябр 2013
  • изоҳлар

Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири бўлган генерал Абдулрашид Дўстум бўлажак президентлик сайловларида Ашраф Ғани Аҳмадзай номзодини қўллашга қарор қилган.

Хабарларга кўра, генерал Дўстум сайловларда жаноб Аҳмадзайнинг 1-муовини бўлишга ҳам рози бўлган.

Мухолифат лидерининг қарори узоқ муҳокамалар ортидан янграмоқда.

Чунки Афғонистон президентлигига номзод сиёсатчилар ҳамиша шимолий саккиз вилоятда зич яшовчи кўп миллионли Ўзбекларнинг овозини олишга уриниб келишган.

Таҳлилчилар генерал Дўстумнинг дастаги номзод сиёсатчининг сайловларда ғалаба қозониши учун етарлича овоз йиғиб бериши мумкинлигини айтишади.

Афғонистоннинг собиқ Молия вазири бўлган Ашраф Ғани Аҳмадзай Афғонистонда энг кўзга кўринган сиёсатчилардан бири.

Унинг ўқимишли, зиёли инсон экани ҳам алоҳида урғуланади.

Кобул Университети, Жаҳон Банкида ишлаган, миллати пуштун.

Ҳомид Карзай ғолиб чиққан 2009 йилги сайловларда ҳам қатнашган. Аммо тўртинчи ўринда келган.

Ўз номзодини илгари суришидан аввал халқаро қўшинлардан Афғонистон хавфсизлиги учун масъулиятни қабул қилиб олиш жараёнига масъул бўлган.

Президентлик сайловларининг ўзи келаси йил апрел ойига режаланган.

Номзодларни расман қайддан ўтказиш жараёни шу кунларда ўз ниҳоясига етади.

Аммо шу пайтгача тўртта номзод расман рўйхатдан ўтган.

Улардан фақат икки нафари: Афғонистон собиқ Ташқи ишлар вазири доктор Абдулло Абдулло ва парламент вакили, собиқ мужоҳиддин лидерларидан Абдул Расул Сайёф уларнинг орасида энг номдорларидир.

Тўрттовлондан ташқари, президент Ҳомид Карзайнинг акаси ва Афғонистон Қироли Зоҳир Шоҳнинг жияни дохил яна қатор шахслар президент бўлиши истагини изҳор этишган.

Аммо, ҳозирча, номзод сифатида расман қайддан ўтишмаган.

Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг шу кунларда ўз номзодини расмийлаштириши айтилмоқда.

Генерал Дўстумнинг ўзи эса, 2004 йилги президентлик сайловларида иштирок этган ва 10 фоиз овоз тўплаганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати унинг сўзчиларидан бири Иноятуллоҳ Фараҳмаддан генерал нега айнан Ашраф Ғани Аҳмадзайни танлади, деб сўради: