Обама ва конгресс: муаммонинг ечими топилмаяпти

  • 3 Октябр 2013
  • изоҳлар
Президент Обама огоҳлантиришича, республикачилар фракцияси ўз қарзлари ҳисобига мамлакатни дефолтга учрашига йўл қўйишга тайёр.

Президент Барак Обама билан Америка Конгрессининг раҳбарларининг бюджет муаммоси борасидаги учрашуви натижасиз тугаган.

Ҳукумат хизматининг қайта иш бошлаши учун Обама конгрессменларни қонун лойиҳаси ўтказишга кўндириши кутилаётган эди.

Икки кун олдин Конгресс янги бюджет бўйича муросага келолмагани боис, ҳукумат ўз ишини вақтинчалик тўхтатган эди.

Республикачи ва демократлар муаммода бир-бирларини айблашмоқда.

Республикачи Жон Бейнернинг мухбирларга айтишича, Обама билан учрашув яхши ўтган, бироқ ўзгаришлар етарли эмас.

Жаноб Бейнер президент музокаралар ўтказишга кўнмаётганини айтган. Сенатдаги демократлар раҳбари Гарри Ридга кўра, Обама республикачиларнинг режаларини маъқулламаган.

Айни пайтда қарийб 700 минг ҳукумат хизматчилари ўз ҳисобидан дам олишда қолмоқда.

Кўпгина давлат ташкилотлари, жумладан паспорт ва виза бериш хизматлари ишламаяпти.

Миллий боғлар, сайёҳлик сайтлари, ҳукумат веб-сайтлари ва бошқа кўплаб идоралар ёпиқ.

Президент Обама огоҳлантиришича, республикачилар фракцияси ўз қарзлари ҳисобига мамлакатни дефолтга учрашига йўл қўйишга тайёр.

Обама телевидениега берган интервьюсида ўзининг "асабийлашгани"ни айтган.

Республикачилар 2010 йилда демократлар томонидан қабул қилинган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни бекор қилишни сўрашмоқда.

Чоршанба куни Обама қатор йирик банклар JPMorgan Chase , Goldman Sachs ва Америка Банки вакиллари билан иқтисодий муаммолар тўғрисида гаплашди.

Америка Миллий истиҳборат бошлиғи Жеймс Клеппер ҳукуматда фаолиятнинг тўхтатиб турилгани мамлакатни ҳимоя қилиш имкониятларига жиддий зиён етказишидан огоҳлантирди.

"Бу вазият давом этар экан, Америка учун хавф ҳар куни ошиб боради. Хориж жосуслик хизматлари бундай фойдаланишлари мумкин", - деган жаноб Клеппер сенатдаги чиқишида.