BBC navigation

Америка ва Эрон Президенти телефон орқали гаплашишди

Сўнгги янгиланиш 28 сентябр 2013 - 09:49 GMT

АҚШ президенти Барак Обама Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали гаплашган.

Бу икки давлат раҳбарларининг ўттиз йилдан ортиқ муддатидан сўнг, яъни 1979 йилги инқилобдан буён илк бор телефон орқали мулоқотидир.

Обама жаноблари Эрон раҳбарияти билан мулоқот муносабатларни қайта тузиш учун "мисли кўрилмаган" имконият деб таърифлаган.

Президент Обама билан телефон мулоқоти жаноб Руҳонийнинг Нью Йоркни тарк этишидан олдин содир бўлган. У БМТнинг Бош Ассамблеясида иштирок этган.

Оқ Уй мулозимлари мазкур мулоқотни самимий руҳда ўтди, дея баҳолашган.

Эрон матбуотида ёзишларича, "Эрон президенти билан телефон мулоқоти Обама жаноблари учун шунчалик катта аҳамиятга эга бўлганки, у мулоқотдан сўнг дарров камералар олдида пайдо бўлган"

Дарҳақиқат, телефон мулоқотидан бир неча дақиқа ўтгач, президент Обама Эрон президенти билан суҳбатлашганини билдирди.

"Хозиргина мен Эрон Исломий республикасининг президенти билан телефон орқали уландим. Иккаловимиз Эрон ядровий дастури бўйича келишувга эришиш уринишларни муҳокама қилдик. Мен президент Руҳонийга Нью Йоркда айтган сўзларимни яна бир бор қайтардим, яъни олдинга силжиш йўлида тўсиқлар бўлишига қарамай ҳамда ечимга эришиш йўлида мувафақият кафотланмаган бўлса ҳам, биз келишувга эришишимизга ишонаман деб айтдим", деган жаноб Обама.

Жаноб Руҳоний твиттерида Барак Обама унга "рахмат" ва форс тилида "Худо ҳофез" дегани ва Ҳасан Руҳоний Обамага инглиз тилида жавоб қайтаргани айтилмоқда.

Оқ Уй расмийлари ишонишича, мулоқот Эрон Президенти ташаббуси билан бўлган.

Телефон мулоқотига ташаббус қайси томондан чиққан?

Мухбирларнинг ёзишича, БМТнинг Бош ассамблеясида иштирок этган Жаноб Руҳоний Эрон элчиси билан кетаётганида, элчининг қўл телефонига қўнғироқ бўлган.

Жаноб Руҳонийнинг гапларига кўра, юзма юз учрашувга каттароқ тайёргарлик кўриш керак эди ва бундай имконият уларда бўлмаган.

Оқ Уй мулозимлари эса 15 дақиқа давом этган мулоқот самимий руҳда ўтган деб баҳолашган ва ишонишларича ташаббус Руҳоний жаноблари томонидан чиққан.

Демак, телефон мулоқотидан олдин матбуот анжуманида Эроннинг ядровий дастури борасида гапирган Руҳоний жаноблари Эрон атом қуролини ишлаб чиқариш ниятида эмаслигини, барча ҳаракатлар тинч мақсадлар учун эканлигини таъкидлаган. Бироқ ғарб давлатлари Эроннинг айнан атом қуролини яратмоқчи экан деб гумон қилиб келмоқдалар.

Унинг сўзларига кўра, Эрон билан Ақш ўтмишдаги муносабатларда бўлган муҳит хозирги муҳитдан ажралиб туради. У террористларни бактерия каби " деб тарифлаган ва уларга қарши кураш олиб боришда ҳамкорликка чақирган.

Тўрт кунлик ташрифидан кейин Руҳоний жаноблари АҚШ давлат котиби Жон Керри билан Эрон ядоровий дастури борасидаги музокаралари ижобий ўтганини айтди. Унга кўра, бундай мулоқотлардан сўнг сезиларли натижаларни кутиш мумкин.

Ҳасан Руҳонийни Эрон аэропортида тарафдорлари ва АҚШ Президенти билан учрашувидан норозилар кутиб олишган.

Эронга қайтгач уни қандай кутиб олишди?

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Нью-Йоркдан қайтганидан кейин катта сондаги оломон Теҳроннинг Меҳробод аэропортида олқишлар билан кутиб олган.

Иккинчи гуруҳ эса унга қарата пойабзал ва тухумларни отиб, "Марг ба амрико" деб бақиришган.

У ерда бўлган Нью Йорк таймс мухбири манзарани туполонга тўла деб тарифлади.

Қаттиққўл сиёсатчиларнинг тарафдорлари президентдан норози эканликларини кўрсатмоқчи бўлганлар. Улар Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар нормаллашиши эхтмолидан қаттиқ ғазабда.

Бироқ уларни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеи қўллаб қуватлашиши номаълум.

Шу билан бирга унинг юқори лавозимдаги вакиллари, жумладан унинг маслахатчиси Али Акбар Велоёти, расман Эрон президентини кутиб олишган.

Бироқ шу билан бирга, норозилик намойишчилари камчилик бўлишса ҳам, улар Ҳасан Руҳонийга ў ўзбошимчалик қилолмаслигини яна бир бор эслатишга харакат қилганлар.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.