Россияда миллатчилар трамвайларни муҳожирлардан тозалашмоқда

  • 16 Сентябр 2013

Россиянинг Саратов шаҳрида якшанба куни рус миллатчилар гуруҳи "Оқ вагон" акциясини ўтказганлар. Мазкур акцияга биноан, миллатчилар трамвайларга Қофқоз ва Осиёдан келиб чиққан одамларни киритмасликка қарор қилганлар.

Бу ҳақида Россиянинг "Четвертая власть" сайти хабар тарқатди.

Саратов шаҳрининг "Болалар парки" ёнидан №3 трамвайига чиққан миллатчи ёшлар вагоннинг эшиклари олдида туриб олиб, фақат славян кўринишига эга бўлган фуқароларнинг киришига рухсат берганлар.

Сайтда ёзилишича, зиддиятлар юзага келмади, чунки трамвай эшиклари олдида турган ниқобли йигитларни кўрган муҳожирлар ҳатто вагонга чиқишга ҳаракат ҳам қилишмади.

Сафар давомида акциянинг иштирокчиларидан бири трамвайдаги йўловчиларга юзланиб, "Русская пробежка" ҳаракати иштирокчилари ва қофқозликлар ўртасида аввалроқ юзага келган муштлашув ҳақида сўзлаб берган.

Бу муштлашувда миллатчи рус сафдошлари жароҳат олганини айтган воиз сўнгра йўловчиларни ўз миллати тақдирига бефарқ қолмасликка чақирган ва миллатчи йиғинларга қўшилишга ундаган.

Миллатчилар трамвай эшикларини назорат қилишди

Сайтнинг хабар қилишича, полиция ҳеч кимни мазкур чақириқлар ёки акция учун ҳибсга олмаган.

Трамвайдаги ўзбошимчаликдан аввалроқ миллатчилар гуруҳи Чернышевский ёдгорлиги қаршисида йиғилиб, қофқозликлар ва осиёликларнинг маҳаллий аҳолига қарши гўёки уюштираётган ҳужумларини қоралашган.

Миллатчиларга, хабарда ёзилишича, "мазкур муаммога бефарқ бўлмаган 40-50 оддий фуқаролар ҳам қўшилганлар".

Қатнашчилар муҳожирлар уларга қандай таҳдид солиши ҳақида сўзлаганлар.

"Кўчага чиқсанг, улар бизга бақиришади, эй сен, русский, буёққа кел, биз сени чўчқадек сўямиз, дейишади," - деб айтган Фёдор исмли бир иштирокчи.

"Биз ўз она шаҳримизда бизни отиб ўлдиришади, ё сўйишади, деб қўрқиб яшашни истамаймиз," - деб айтган яна бир иштирокчи.

Хабарларга биноан, акцияни кузатишга жамоатчилик билан алоқа ва миллий сиёсат қўмитасининг раиси Борис Шинчук келган, бироқ у иштирокчиларни сал четроқдан туриб кузатган.

Россия бўйлаб охирги икки ой ичида муҳожирлардан тозалаш, яъни "зачистка" акциялари авж олган. Миллатчилар Москва, Санкт-Петербург ва бошқа йирик шаҳарларда бозорларда савдо билан шуғулланаётган марказий осиёлик ва қофқозлик кўринишига эга одамларни сиқувга олганлар.

Нацистлар салютини берган миллатчилар аксар акцияларини Россия полициясининг кўз остида, ва баъзи ҳолларда полициянинг ҳамкорлиги билан амалга оширмоқдалар.