'Роспотребнадзор': 'имкони бўлса Ҳаж зиёратини қолдиринг'

  • 16 Сентябр 2013

Россия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон эсон-омонлигини муҳофаза қилиш бўйича назорат идораси бу йилги Ҳаж зиёратига отланган россияликларни Яқин Шарқ Респиратор Синдроми коронавируси янги ҳолатлари Саудия Арабистонида аниқланганидан огоҳлантирган.

Роспотребнадзорга кўра, оддий тилда коронавирус деб аталаётган хасталикни яна тўртта ҳолати Саудия Арабистонида аниқланган.

"Ҳар йили Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига олти миллион атрофида инсон боради. Бундан ташқари, у ерда 7,5 миллион меҳнат муҳожири рўйхатга олинган. Бир неча минг ноқонуний муҳожир ва антисанитар шароитда яшаб юриб келган тўлиб кетган қочқинлар жамлоқларидан борадиган қочқинларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. Бу йил бир неча ўн минг россиялик Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратини ўташ учун йўл олдилар. "Роспотребнадзор" имкон бўлса, юқорида қайд этиб ўтилган минтақаларга сафардан тийилиб туришни тавсия этади", дейилади идора эълон қилган хабарда.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, Коронавирус хасталиги ҳали унча яхши ўрганилмаган.

Бу хасталик кўпинча юқори нафас йўлларига юқади.

Шунингдек, болаларнинг бронх йўллари ва ўпкасига юққани ҳолатлари аниқланган.

Роспотребнадзор Ҳаж зиёратига отланганларни йўлдан қайтараркан, бунда Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг Яқин Шарқ Респиратор Синдроми коронавируси деб номланаётган хасталик ҳақидаги шу йил 7 сентябрда эълон қилган ахборотига таянган.

Бу хабарида халқаро ташкилот август ойида Саудия Арабистонида тўртта янги ҳолат аниқланганини хабар қилади.

Риёд шаҳридаги бир шифохона икки ходимининг саломатликликлари ёмонлашган.

Улардаги аломатларнинг ўхшаш экани айтилган.

41 яшар ҳамшира вафот этган, 30 яшар эркакнинг аҳволи оғирлиги хабар қилинган.

Ҳафар ал-Батин вилоятида ҳам икки ҳолат кузатилган.

79 ёшли кекса аёл вафот этган, 47 ёшли эркакнинг ҳам аҳволи оғир.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти 2012 йилнинг сентябридан буён Яқин Шарқ Респиратор Синдроми коронавирусини юқтиришнинг 114 лаборатория ҳолати аниқланганини хабар қилган, 54 ҳолат ўлим билан якунланган.

Халқаро ташкилот барча мамлакатларни нафас йўллари инфекциясини юқтириш ҳолларига жуда эътиборли бўлишни ва ҳар қандай ноодатий ҳолатлар ҳақида ўзларини хабардор этишни сўраган.

Шундан келиб чиқиб Россия назорат идораси Саудия Арабистонига отланган россияликларга мурожаат қилиб, имкон бўлса, зиёратга бормасликни тасвия этган.

Хўш, ўзи бу коронавирус хасталиги ҳақида нималар маълум?

Би-би-си ушбу саволни Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг матбуот хизмати раҳбари Грегор Хартлга берди.

Грегори Хартл: Биз бу вирус коронавируслар оиласига мансуб вирусларга хос хусусиятларга эга эканини, яъни бу хасталикнинг шамоллаш ёки нафас йўллари яллиғланишига ўхшаш кечишини биламиз. Бироқ ҳозирча бу вирус инсонларга қандай йўл билан юқишини билмаймиз. Биз бу вирус кўп ҳам тезлик билан тарқалмаслигини биламиз. Аммо қандай ўтиш йўллари ҳали ҳам бизга номаълум қолаяпти.

Би-би-си: Бу кўпроқ гриппга ўхшаб юқадими?

Грегори Хартл: Биз айнан қандай юқишини аниқ билмаймиз. бу нафас йўлиданми, бирор ҳайвон ёки паррандаданми ёки овқатданми ёки инфекция теккан жойдан юқадими, буни аниқлаш йўлидаги тадқиқотлар ҳали ҳам давом этаяпти.

Би-би-си: Саудия Арабистонида аниқланган янги тўртта ҳолат ҳақида нималар маълум?

Грегори Хартл: Қарийб 1 йил мобайнида биз битта-яримта янги ҳолатлар учраётганини кўриб турибмиз. Шунинг учун Саудия Арабистонида янги тўртта инфекция юқтириши кузатилгани, яъни бу нарса давом этаётгани ҳайратланарли эмас. Бизга маълум бўлишича, янги вирусга чалиниш аломатлари худди аввалгиларидек бўлган.

Би-би-си: Мана Россия расмийлари Ҳаж зиёратига бормасликни тасвия қилаяпти. Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ҳам шуни маслаҳат берадими?

Грегори Хартл: Мен бирорта махсус огоҳлантиришни кўрганим йўқ. Бироқ ҳар бир давлатнинг ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун қайси йўлни маъқул топса, ана шу чорани кўриш ҳуқуқи бор. Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти шу пайтгача бирор саёҳат ёки савдо-сотиққа нисбатан чеклов киритиш тавсияси билан чиққани йўқ.

деди Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти матбуот хизмати раҳбари Грегори Хартл.