BBC navigation

Колорадодаги сув тошқинлари сабаб 500 инсон бедарак қолмоқда

Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2013 - 10:30 GMT

АҚШнинг Колорадо штатида юз берган кучли сув тошқинларидан сўнг бедарак кетганлар сони 520 га етди, деб хабар қилади Америка ахборот воситалари.

Штат расмийларига кўра, номаълум қолаётганлар хавфсиз жойда бўлишлари мумкин, фақат имкон йўқлигидан яқинлари ёки қутқарувчилар билан боғлана олмаётганига умид қилиняпти.

Шу пайга қадар сув тошқини беш кишининг умрига зомин бўлгани аниқланган. Қутқарувчилар чекка туманларга етиб боргач, ҳалок бўлганлар сони ортиши ҳам мумкин.

"Мен бундай бўлмаслигига умид ва дуо қиламан, лекин ёпилиб қолган бинолардаги вайронагарчиликлар янги қурбонлар бўлиши мумкинлигини кўрсатади", дейди туман расмийларидан Боуддер Джо Пелле.

Колорадодаги вазият шанба кунги ёмғирдан сўнг янада мураккаблашган. Метеорологлар якшанба куни ҳам ёғингарчилик давом этишидан огоҳлантиради.

Колорадо ва Мексикадаги сел тошқинлари 11 сентябрдан буён давом этмоқда.

Ҳукумат кенг миқёсдаги қутқарув ишларини бошлаган, сув тошқинлари бўлган ҳудудлардан ўн минглаб одамлар кўчирилган.

Қутқариш амалиётларига Америка қирғоқ хавфсизлиги тикучарлари, армия ва полиция бўлинмалари ҳам жалб қилинган.

Бироқ телефон симларининг узилиб қолгани ва симёғочларнинг қулаб тушгани қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда.

30 дан ортиқ кўприк ва юзлаб чақирим йўллар вайрон бўлгани боис қутқарувчиларнинг манзилга тезроқ етишлари қийинлашяпти.

Миллий гвардиянинг тикучар ва автомашиналари етиб борган баъзи ҳудудларда эса аҳоли уйини ташлаб кетишга кўнмаётгани айтилади.

Ҳукумат одамларни янги сув тошқинларидан огоҳлантирган.

Президент Барак Обама сув босган туманларда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Одамларни қутқариш билан бирга уларга озиқ овқат ва ичимлик суви тарқатиляпти.

Ўтган ҳафта Колорадога 38 смдан кўп, яъни ўртача бир йиллик ёғин ёққан.

Бу сув тошқинлари ўтган асрнинг 40 йилларидан буён энг кучли экани айтилмоқда.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.