'Одам ташувчиларнинг бирорта гапига ҳам ишонманг!'

  • 10 Сентябр 2013

Ҳар ой минглаб муҳожирлар Австралия қирғоқларига етиб олиш мақсадида ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб Ҳинд Уммонига чиқадилар.

Уларнинг аксари Афғонистон, Эрон ва Шри-Ланка каби беқарор мамлакатлардан йўлга чиққанлардир.

Бу инсонлар йирик миқдордаги маблағни контрабандачиларга тўлашади.

Контрабандачиларнинг аксари эса Индонезия соҳилида хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган кемалар эгаларидир.

Бошпана изловчиларнинг масаласи Австралиядаги парламент сайловидаги энг машҳур масалалардан бири бўлди ва икки партия ҳам бошпана изловчилар оқимини тўхтатиш йўлида қаттиқ чоралар кўришга ваъда бердилар.

Би-би-си Австралия томон сафарнинг турли босқичларида бўлган қатор мигрантлар билан суҳбатлашган.

Афғонистонни тарк этаётган

Ҳабиб 41 ёшда. У ҳуқуқ фаоли ва Кобулда яшайди. Ҳабибнинг уч қизи бор. Қизларининг тўнғичи 9, ўртанча қизи 8 ва кенжаси 3 ёшда. Ҳабиб мана шу кунларда Афғонистондан чиқиб кетишни ўйлаб юрипти.

Мен зўравонлик қурбони бўлган кўплаб одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилганман.

Жиноят ишлари маҳкама орқали ўтгани туфайли менинг ўзим ҳам кўп қийинчиликларга дуч келганман.

Мени уч марта қамашди.

Икки марта ҳужум қилишди.

Иккинчи марта ҳужум қилишганида мени пичоқлашди - мақсадлари ўлдириш бўлган.

"Агар мен ўлиб қоладиган бўлсам, хотиним билан уч қизимнинг ҳаёти жуда оғир бўлади, шунинг учун мен Афғонистондан чиқиб кетишим керак", деган қарорга келдим.

Мен Австралияни танладим. Чунки бу мамлакатда инсон ҳақлари ҳимоя қилинади.

Мен қизларимнинг бехавотир мактабга боришларини хоҳлайман. Уларнинг ҳар дақиқада қон тўкилиши, худкушлик бомба ҳужуми ва одам ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни эшитмасликларини истайман.

Менинг Индонезияда қариндошларим бор. Улар мени Кобулдаги саёҳат агентлиги билан таништиришди. Уларнинг эса трафикчилар билан алоқаси бор экан.

Мен ҳали трафикчилар билан кўришганим йўқ. Аммо агентликдагилар, улар яқинда йўлга тушишади, деб айтишди.

Албатта, бу гардкам ўйин. Трафикчига ишониб бўлмайди. Аммо бу одамлар аллақачон менинг қариндошларимга Афғонистондан чиқиб кетишларига ёрдам берган. Бизнинг уларга ишонишдан ўзга иложимиз йўқ.

Бизга айтишдики, биринчи бўлиб биз Ҳиндистонга боришимиз керак. Кейин улар бизни Малайзияга, ундан кейин Индонезияга олиб боришади.

Малайзиянинг ўқиш ва иш визаси учун биздан 21000 доллар сўрашди. Мен билан хотиним учун ҳар биримизга 6000 дан, қизларимнинг ҳар бири учун 3000 доллардан, дейишди.

Бу пулнинг ярмини биз йўлга чиқишдан олдин беришимиз керак. Қолганини Малайзияга етиб олгандан кейин. Бунча пулни топиш қийин.

Мен қарз олмасам бўлмайди. Ундан кейин уйдаги нарсаларни сотишимиз керак.

Биз телевизор ва радио орқали Индонезиядан Австралияга етиб олиш қанчалар хавфли йўл эканини эшитганмиз. Кўпинча кемалар кучли тўлқинларга дош беролмайди, ҳаддан ташқари кўп одам чиққанидан чўкиб кетади.

Лекин шунга қарамасдан биз кўпчилик Австарилиягача етиб олганини ва у ерда янги ҳаёт бошлаганини кўраяпмиз.

Тинч-хотиржам жойга етиб олиш учун биз қийинчиликларга тайёрмиз.

Мен ўзимнинг ҳаётимни сақлаб қолиш ва болаларимнинг келажаги учун ватанимни тарк этишга мажбурман.

Бу нарса мени хафа қилади, чунки шу ерда менинг киндик қоним тўкилган, ота-онамнинг қабрлари шу ерда. Лекин менинг бошқа иложим йўқ.

Кристмас оролида ушлаб турилган

23 ёшли Саид Эрон пойтахти Теҳрондан. Саид ўзига тўқ ўрта синф оиласида вояга етган. Бироқ у Ислом динидан чиқиб насронийликни қабул қилганидан кейин ватанидан чиқиб кетишга қарор қилган. Мусулмонликдан чиқиб насронийликни қабул қилиш Эронда жиноят ҳисобланади. Саид кемада Индонезиядан Кристмас оролига етиб келган. Саид бу оролга етиб боришидан уч кун олдин Австралияда янги тартиб кучга кирган ва бу тартибга кўра янги бошпана изловчилар ишлари кўриб чиқилгунча Папуа-Янги Гвинеяга юборилиши шарт. Агар ишлари кўриб чиқилиб қочқин мақомини олса ҳам Австралияда ўрнашишига изн берилмайди. Бу янгилик Саиднинг ҳафсаласини пир қилди. У Папуа-Янги Гвинеядаги бошпана изловчиларни сақлаб туриш марказидан мобил телефон орқали Би-би-си билан суҳбатлашган.

Мен диний эркинлик истаб Эрондан чиқиб кетганман.

Агар мен янги вазият ҳақида олдиндан билганимда Австралияни танламаган бўлардим.

Мен кемада уч кун денгизда суздим.

Бу саёҳат даҳшатли эди.

Мен ўз кўзим билан инсонларнинг ўлганини кўрдим.

Бу ерга етиб олмоқчи бўлган ҳар бир одам ўзининг ҳаётини хавф остига қўяди.

Лекин ҳозир Австралия расмийлари айтишаяпти: "Сен бу ерга қандай қилиб етиб келганинг бизни қизиқтирмайди. Сен хоҳлайсанми-йўқми, Папуа-Янги Гвинеяга боришинг шарт."

Бизни Папуа-Янги Гвинеяга боришга мажбурлашаяпти.

Бу адолатдан эмас.

Мен ҳозир жуда тушкунликка тушганман.

Мен оилада ёлғиз фарзандман ва Эронда умримда ҳеч қачон бирор молиявий муаммо бўлмаган.

Агар мени Папуа-Янги Гвинеяга мажбуран юборишса, ўзимни ўлдираман.

Кейин ота-онам мени тирик кўришмайди.

Австралиянинг ўзидаги бошпана изловчи

Маъруф Машфи Шариф 38 ёшда. У Шри-Ланкадан, мусулмон. Маъруф Машфи Шариф ўзининг номзодини маҳаллий сайловда илгари сурган. Шундан кейин унга таҳдидлар бўлган ва ватанини тарк этишга мажбур бўлган.

Мен ўзи Австралияга келмоқчи эмас эдим. Мен Италияни танлаган эдим. Бироқ мен ўзимни хавфсиз ҳис қилмаётганидан иложи борича тезроқ мамлакатдан чиқиб кетишим керак эди.

Мен ўзимнинг танишларим орқали Австралияга кема юбораётган одамларни топдим.

Уларнинг бошлиғи билан учрашганимда, у мени ишонтирди.

Мен йўл хавфли эканини билардим, лекин у менга, "ҳаммаси хавфсиз ва жуда қулай бўлади", деб айтди.

Ҳар бир одамдан бир миллион Шри-Ланка рупийси(7500 АҚШ доллари) сўрашди.

Мен бунча пулни уч кунда топиб келдим.

Ўзимнинг ёнимда озроқ пулим бор эди, бироқ кўпини дўстларимдан қарзга олдим.

Сафар мен тасаввур қилганимдан ҳам хатарли экан. Бизни балиқчи кемага солиб денгизга чиқишди. Кейин янада каттароқ кемага ўтқазишди. Унинг ичида аллақачон бошқа одамлар бор эди. Ўзи у кемага 40 киши чиқиши керак экан, биз эса 117 киши эдик.

Кеманинг эгалари бир кунда бир марта овқат беришар, бунга ҳеч ким тўймас эди.

Ичимлик суви 10 кундан кейин тугади.

Тўғрисини айтсам, тирик қоламанми-йўқми, билмас эдим.

Ҳеч ким биз қаерда эканимизни билмас эди, чунки ҳамма томон сув эди.

17-кун деганда биз қуруқликни кўрдик. Яқинроқ сузиб борганимизда Австралия ҳарбий кемаси бизни тутиб олди.

Биз Австралия назоратидаги Кокос оролларига келиб қолган эканмиз.

Бу ер фақат сайёҳлар келадиган жой ва у ерда қочқинларни тутиб турадиган жой йўқ эди. Бир неча кундан кейин бизни Кристмас оролига жўнатишди.

У ерда мен ўпка инфекциясини юқтирдим. Шундан кейин мени даволаниш учун Перт шаҳрига юборишди.

Одатда бошпана изловчиларнинг ишлари Кристмас оролида кўриб чиқилади. Сени катта ерга қачон ўтказишади, қачонки сенинг важларингни жиддий деб топишса.

Ҳозир мен Мелбурн шаҳридаман ва ўзимнинг бошпана изловчи аризамга жавоб беришларини кутаяпман.

Мен бутун оилам ва дўстларим Шри-Ланкада. Уларни ташлаб кетиш оғир эди. Бироқ мен ўзимнинг ишим жиддий эканига ишонтирдим. Агар қабул қилишса, мен ўзимнинг оилам аъзоларини бу ерга олиб кела оламан.

Шри-Ланкада менинг ўзимнинг бизнесим бор эди, шунинг учун мен ўзимга тўқ эдим. Ўзимнинг шахсий ҳаётим, ўзимнинг эркинлигим бор эди. Бу ерда эса мен яна бошқа тўрт шри-ланкалик билан бирга яшаяпман, улар нафақага кун кўришади.

Мен Шри-Ланкадаги ватандошларимга тўғрисини айтаман: "Бу йўлга чиқманг! Одам ташувчиларнинг бирорта гапига ҳам ишонманг, улар сиз билан менинг бахтсизлигимиздан даромад қиладиганлар".

Ушбу мақолани тайёрлашда Марям Ғамгусор, Фариба Саҳройи, Кумар Малхотра, Женни Нортон ва Иоханнес Делл кўмаклашганлар.