Путин: Россия Сурияга қарши амалиётларга розилик бериши мумкин

  • 4 Сентябр 2013
"Россия учун қайсидир томоннинг кимёвий қурол қўллагани ҳақида аниқ далиллар керак,-деган жаноб Путин.

Сурияда Башар ал-Ассад армиясининг кимёвий қурол ишлатгани исботланадиган бўлса ва фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билан Россия Сурияга қарши ҳарбий амалиётларга қаршилик қилмаслиги мумкин, деб айтган Президент Путин журналистларга берган интервьюсида.

"Россия учун қайсидир томоннинг кимёвий қурол қўллагани ҳақида аниқ далиллар керак, шундан сўнг Москва қатъий ҳаракат қилади",- деган жаноб Путин.

Шунингдек, айни вазиятда шошма-шошарлик қилмасдан, БМТ текширувчиларининг хулосаларини кутиш зарурлиги, ҳали қайси томон кимёвий қурол қўллагани ҳақида аниқ далиллар йўқлигини таъкидлаган Россия Президенти.

Петербургда бошланадиган "Йирик йигирмалик" саммити олдидан Владимир Путин Биринчи канал ва Ассошиэйтед Пресс агентлигига интервью бериб, айни пайтдаги муҳим масалалар, Россия-Америка муносабатлари, Россияда гомосексуалистларнинг ҳуқуқлари, Навалний ва Сноуденга доир саволлар ва албатта Суриядаги вазиятга тўхталган.

"Агар бизда бу жиноятни ким содир этгани ҳақида аниқ далиллар бўлса, ўшанда муносабат ҳам қатъий бўлади. Ҳозир тахмин қилиш ва олдиндан бундай қиламиз, деб айтиш бутунлай нотўғридир. Лекин мен сизни ишонтириб айтаманки, биз принципиал йўл тутамиз. Бу муносабат шундай бўладики, инсонларга нисбатан оммавий қирғин қуролини ишлатиш жиноят. Лекин бошқа савол ҳам туғилади. Агар оммавий қирғин қуролларини жангарилар қўллагани исботланса, АҚШ у пайтда жангариларга қарши қандай йўл тутади?".

Сурияда кимёвий ҳужум оқибатида заҳарланган болалар туширилган видеолавҳалар ҳақидаги саволга жавоб бераркан, жаноб Путин шундай дейди:

"Бу ерда савол бу жиноятни ким қилди ва ким айбдор? Бу лавҳаларнинг ўзи ушбу саволларга жавоб беролмайди. Шундай фикрлар ҳам борки, бу видеолар биз яхши билганимиздек ва Қўшма Штатлар маъмурияти ҳам тасдиқлайдиган шафқатсизлиги билан ажралиб турадиган Ал-Қоидага алоқадор жангариларнинг монтажи бўлиши мумкин деган фаразлар билдирилмоқда".

Сўнгги хабарларга биноан, Қўшма Штатларнинг хорижий масалалар бўйича сенат қўмитаси Американинг Сурияга ҳужумини қувватлайдиган резолюзия лойиҳасини тайёрлаган.

Унга кўра, ҳарбий амалиётлар 60 кун давом этиши керак, вазиятга қараб яна бир ойга узайтирилиши мумкин.

Айни пайтда Франция Президенти Франсуа Олланд АҚШ Конгрессининг Дамашққа ҳужуми ҳақидаги қарорини сабрсизлик билан кутаётганини маълум қилди.

Ассад тузумига қарши Франция якка ҳолда ҳарбий амалиётларга чиқмайди, деб айтган Олланд жаноблари.

Бу мавзуда батафсилроқ