Сурия ҳукумати БМТ назоратчиларига рухсат берди

  • 25 Август 2013

Сурия Давлат телевидениеси мамлакат ҳукумати БМТ инспекторларига Дамашқ четидаги кимёвий ҳужум содир этилгани тахмин этилаётган жойга киришларига рухсат берганини эълон қилди.

Бундан бироз олдин Оқ Уй расмийси журналистларга "Сурияда кимёвий қурол ҳуукумат кучлари томонидан ишлатилмаганига ишонч жуда оз" деб айтган.

Башар ал-Ассад ҳукумати юзлаб одамларнинг ўлимига олиб келган ҳужумда террористларни айблаган.

Шунингдек, 25 август куни АҚШ Президенти Барак Обама ва Буюк Британия Бош вазири Девид Кэмерон телефон орқали 40 дақиқа Суриядаги вазиятни муҳокама этганлари хабар қилинди.

Икки раҳбар 21 август куни Дамашқ шаҳри яқинида юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган ҳужумлардан ўта хавотирда эканликларини изҳор этганлар ва агар Сурия ҳукумати кимёвий қуролни ишга солгани аниқланадиган бўлса, бунга қарши "жиддий жавоб" бўлиши билан таҳдид қилганлар.

АҚШ ва Британия раҳбарларининг телефон мулоқоти ҳақида Британия бош вазири идораси баёнот тарқатди.

Бу баёнотда айтилишича, икки раҳбар "бу Сурия режими томонидан содир этилган катта кимёвий қурол ҳужуми эканининг тобора кўп белгилари" бор деган фикрга якдиллик билдирганлар.

Британия Бош вазири идораси ҳозир Сурияда бўлиб турган БМТнинг кимёвий қурол бўйича назоратчиларини ҳужумлар рўй берган ҳудудга зудлик билан боришларига изн беришни талаб қилган, назоратчиларга шу пайтгача имкон берилмаётгани Сурия ҳукумати ниманидир яшираётганининг аломати деган.

Би-би-си мухбири Иэн Уотсонга кўра, Сурияга нисбатан "жиддий жавоб" ҳарбий қўшин юборишни англатмайди.

Бу нарса ҳаво ҳужумлари сингари амалларни кўзда тутиши мумкин.

Сурия ҳукумати ҳам, мухолифат ҳам бир-бирини кимёвий қуролдан фойдаланганликда айблаб келади.

Айни пайтда Сурия давлат телевидениеси Дамашқ шаҳридан шарқда исёнчиларга тегишли кимёвий воситалар сақланган туннел топилгани ҳақида хабар тарқатган.

Сурия телевидениесига кўра, ҳукумат аскарлари газ ниқоблари ва "Саудия Арабистонида тайёрланган" деган ёзуви бор пластмасса қутиларни топганлар.

Саудия Арабистонининг Башар ал-Ассадга қарши жанг қилаётган исёнчиларга кўмак бераётгани аён.

Суриядаги исёнчилар ҳукумат қўшинларини чоршанба куни Дамашқ шаҳридан шарқ ва ғарбда жойлашган туманларда кимёвий қуролдан ҳужумларни содир этганликда айблайди.

Мухолифатга кўра, 500 дан 1000 нафаргача тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Исёнчилар ҳужумлар рўй берган ҳудудларни ҳозир Дамашқда бўлиб турган БМТ кимёвий қурол назоратчилари бориб кўришларини истайди.

Назоратчилар шу йил бошида рўй бергани айтилган кимёвий ҳужумларни текширишни мақсад қилган.

Эроннинг давлат назоратидаги ИРНА ахборот агентлиги хабар тарқатишича, Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим Эрон ташқи ишлар вазири билан суҳбатлашган.

Ва жаноб Муаллимнинг Сурия ҳукумати БМТ миссияси билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирилган.

"Кимёвий ҳужумга тутилган ҳудудларни БМТ миссияси бориб кўришига имконият яратилаётгани" ҳақида айтган Сурия ташқи ишлар вазири.

Бу мавзуда батафсилроқ