BBC navigation

Покистон: Парвез Мушарраф Беназир Бҳутто ўлимида айбланди

Сўнгги янгиланиш 20 август 2013 - 09:06 GMT

Парвез Мушарраф жавобгарликка тортилаётган илк Покистон ҳарбий раҳбаридир

Покистон собиқ президенти Парвез Мушаррафга қарши 2007 йилда мухолифат раҳбари ва мамлакат собиқ бош вазири Беназир Бҳутто ўлдирилишига алоқадор иш бўйича уч айблов илгари сурилган.

Мушаррафни қотиллик, одам ўлдириш мақсадида тил бириктириш ва бу жиноятга шериклик қилишда айблашмоқда.

Айблов пайтида ҳеч қандай баёнот бермаган собиқ президент барча айбловларни рад этмоқда. Ушбу жиноий ишни кўриб чиқиш 27 августга қолдирилган.

Мушарраф унга қарши айбловларнинг барчаси сиёсий эканини таъкидлаб келади.

Беназир Бҳутто 2007 йилнинг 27 декабрида Равалпинди шаҳрида сайблов олди учрашуви пайтида ўлдирилган эди.

Шу йил аввалроқ муҳожирликдан ўз истаги билан Покистонга қайтган Парвез Мушарраф Исломободда уй қамоғида сақланмоқда.

Беназир Бҳутто ўлимига алоқадор ишда собиқ президентдан ташқари яна олти киши жавобгарликка тортилган. Улар орасида юқори мартабали икки полиция зобити ҳам бор.

"Бу айбловларда асос йўқ. Биз маҳкамадан қўрқмаймиз. Унда ҳуқуқий тартибга мувофиқ ҳаракат қиламиз", - деб айтган Мушарраф ҳимоячиси Афшон Одил Франс Пресс агентлигига.

Покистонда кўпчилик Мушаррафга айбловлар илгари сурилишини кутган эса-да, бу қарор мисли кўрилмаган бўлди, дея қайд этишади Би-би-си мухбирлари.

Қурилганидан буён асосан ҳарбийлар томонидан идора этилган мамлакатда ҳозирга қадар на жорий, на собиқ ҳарбий раҳбарлар жавобгарликка тортилган.

Парвез Мушарраф 1999 йилда қонсиз йўллар билан Навоз Шарифни ҳокимиятдан ағдариб, мамлакат раҳбарига айланганди. У ҳокимиятда тўққиз йил қолди, бироқ сайловларда мағлуб бўлиб, Покистонни тарк этди, ва шу йил бошига қадар асосан Дубай ва Лондонда яшади.

Собиқ ҳарбий раҳбар шу йил аввалроқ сайловларда ўз партиясига раҳбарлик қилиш мақсадида ватанига қайтди, бироқ сайловлардан четлатилди ва кўп ўтмай уй қамоғига олинди.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.