Австралияда Ўзбекистон пахтасига қаршилик

  • 19 Август 2013
Австралияда Ўзбекистон пахтасига қаршилик

Австралия газеталарининг бугун ёзишича бу мамлакатда тикилган кийим-кечакнинг 93 фоизи қайси пахтадан эканлиги ноаниқдир.

Бу дегани болалар меҳнати қўлланилган пахта ҳам ушбу кийим-кечак ичида мавжуд бўлиши мумкин.

Ўзбекистон дунёда энг кўп пахта ишлаб чиқарадиган мамлакатлар орасида тўртинчи ўринни эгаллайди, дейди бу газеталар.

Жумладан Канберра Таймс газетасининг ёзишича Ўзбекистонда 10 яшар атрофидаги болалар ҳам мактабдаги ўқишларидан олиниб "Каримов ҳукумати тарафидан ҳафтасига 70 соатли ишга мажбур этилишади".

Австралия Модалари ҳисоботи кийим-кечак тикадиган 40 ширкатни текшириб, булардаги 128 брэнд, ёки тижорий тамғалар орасида Brands Supre, Abercrombie & Fitch, Abercrombie & Fitch, Lacoste ва Specialty Group кабиларини Ўзбекистон пахтасига бойкот киритмаганликда айбланган.

40 ширкатдан фақат 20-си Ўзбекистон пахтасига бойкот киритишган.

Австралия газеталарининг бу ҳисоботга таяниб ёзишича Бангладешда ишлатиладиган пахтанинг 35 фоизи Ўзбекистондан етказилади. Бангладешдан Австралияга келган кийим-кечакнинг ҳажми эса 2007 йили $16 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2012 йили $287 миллионга етган.

Rivers, Woolworths ва Coles каби ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот этишмаган, деб ёзади The Age газетаси.

Жумладан Rivers ширкатининг матбуот вакили бу ҳолни изоҳлаб, "Бизнинг ширкат ўзининг этик стандартларини чоп этган ва бу стандартларга риоя қилади" - деб айбловни четга қоққан.