BBC navigation

Биометрик паспортлар фуқароларни назорат этишга ёрдам берадими?

Сўнгги янгиланиш 10 июл 2013 - 10:00 GMT

Лекин, шунда ҳам, биометрик паспортга ўтиш Исроилда тажриба тариқасида синаб кўрилмоқчи

Исроил ҳам оддий паспортдан биометригига ўтмоқчи. Бунга кескин қарши чиққан Исроил мухолифати ҳукуматни "фуқароларни назорат этишнинг қулай механизми"ни яратиш истагида эканликда айбламоқда.

Сўнгги янгилик шу ҳафта Исроил Ички ишлар вазири Гидеон Саар томонидан расман эълон қилинганди.

Аммо унинг баёноти Исроил ичкарисида бир хил қарши олинмади.

Агар, масъулларнинг иддаоларига қаралса, биометрик паспортларга ўтиш орқали қалбаки ёки бировнинг ҳужжати билан амалга оширилувчи жиноятларни кескин камайтириш мумкин.

Лекин, шунда ҳам, биометрик паспортга ўтиш Исроилда тажриба тариқасида синаб кўрилмоқчи.

Яъни, дастлабки икки йил биометрик паспорт олиш мажбурий бўлмайди ва бепул берилади.

Норозилар нима дейди?

"Биометрик паспорт бизга зиён қилади, деяётган кишилар, менимча, сўз нима ҳақда бораётганидан буткул бехабарлар", дейди жаноб Саар

Ушбу ғоя мухолифларига кўра, ҳар бир фуқарога оид шахсий маълумот киритилувчи биометрик манба осонлик билан жиноятчиларнинг қўлига тушиб қолиши мумкин.

Исроил парламентидаги мухолифат вакиллари эса, янада узоқроқ кетиб, мамлакат раҳбариятини "фуқароларни назорат этишнинг қулай механизми"ни яратишни хоҳлаётганликда айблашмоқда.

Исроил Ички ишлар вазирининг таъкидлашича, "янги биометрик паспортлар масаласида ташвишга тушишнинг ҳожати йўқ".

"Биометрик паспорт бизга зиён қилади, деяётган кишилар, менимча, сўз нима ҳақда бораётганидан буткул бехабарлар", дейди жаноб Саар.

Исроил Ички ишлар вазирлиги томонидан йилига 600.000 дан ортиқ оддий ва хорижий паспорт берилади.

Шундан катта сондагисини такроран берилаётган паспортлар ташкил қилади.

Исроил Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, мамлакат фуқаролари ўз паспортларини тез-тез йўқотишади.

Янгитдан Исроил паспортини олиш уларга 32 АҚШ доллари, хорижийсини олиш эса, қарийб 70 АҚШ долларига тушади.

Лекин, шунда ҳам, гап, ҳатто, пулда ҳам эмас.

Иккинчи бор паспорт олмоқчи бўлсангиз, сизга шундоққина янги ҳужжат бериб қўйишмайди.

Исроилда хавфсизлик масаласига жуда ҳушёр қаралмайдими, масъул амалдорларга хорижий паспортингизни қачон, қаерда, қандай қилиб йўқотганингиз ҳақида батафсил маълумот беришингиз лозим бўлади.

Янги ташаббус тарафдорларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳам ички ва ҳам ташқи паспорт вазифасини ўтовчи биометрик паспортлардан бошқа ҳеч ким фойдалана олмайди.

Йўқотган тақдирингизда ҳам, шунчаки, бекор қилинади. Бу яқин йилларда уни қалбакилаштиришнинг ҳам иложи бўлмайди.

Биринчидан, паспорт эгасининг сурати 8 қават поликарбонат қатлами остида бўлади.

Унинг шахсига оид маълумотларни ҳам фақат махсус ультрабинафша нурлар воситасида ўқиш мумкин бўлади.

Иккинчидан, бармоқ излари ва кўз тўр пардасини қалбакилаштиришнинг ўзи имконсиз.

Тафсилот ўрнида

Янги ташаббус тарафдорларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳам ички ва ҳам ташқи паспорт вазифасини ўтовчи биометрик паспортлардан бошқа ҳеч ким фойдалана олмайди

Исроил Ички ишлар вазирининг сешанба кунги баёнотига энг кескин чиққанлардан бири мамлакат мухолифати лидери Шели Ехимович бўлди.

Унинг айтишича, фуқаролардан бу даражадаги маълумотларнинг олиниши уларнинг оғирларини енгил қилиш эмас, мутлақ назорат этишни кўзда тутади.

Мухолифат лидерини бошқарувдаги партияни демократия ва шахс эркинлигига ҳеч бир алоқаси йўқ қора кучлар билан ҳамкорлик қилишда айблаган собиқ вазир Мики Эйтан ҳам дастаклаб чиққан.

"Бу - Исроилнинг келажаги, унинг демократик табиати учун кураш. Мен мамлакат фуқароларини танлов эркинлиги чекланган тажриба остидаги қуёнларга айлантирмасликка даъват этаман", деб айтган собиқ вазир.

Янги биометрик паспортга буткул ўтиш керакми-йўқлиги борасидаги якуний қарор эса, икки йиллик синов даври ортидан берилади.

Агар, ижобий тўхтамга келинса, мамлакатнинг барча фуқаролари ўз шахсий маълумотларини тақдим этишга мажбур бўлишади.

Йўқ, деб қарор қилинган тақдирда эса, бу давр оралиғида тўпланган маълумотлар базаси буткул йўқ қилинади, дастур ҳам бекор қилинади.

Аммо сўнгги янгилик тарафдорлари бўлган исроилликларнинг бошқа бир даъволари ҳам йўқ эмас.

Уларнинг иддао қилишларича, буткул биометрик паспортга ўтилса, Америка ўзларига кириш визасини бекор қилиши мумкин.

Чунки расмий Вашингтон шунга ишора қилди, дейишади сўнгги янгилик тарафдорлари.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.