Гонконгни тарк этган Эдвард Сноуден Москвага етиб борди

  • 23 Июн 2013
Гонгонг ҳукуматига кўра, америкалик ўз ихтиёри билан учинчи давлатга бориш учун учоққа чиққан.

Собиқ АҚШ жосуслик таҳлилчиси Эдвард Сноуден Гонконгда ўтирган учоқ якшанба куни Москванинг "Шереметьево" аэропортига бориб қўнган.

Америка расмийлари унинг экстрадиция этилишини талаб қилаётган эдилар.

Гонконг ҳукуматига кўра Эдвард Сноуденни ҳибсга олиш учун асос бўлмаган.

The South China Morning Post рўзномаси хабар қилишича, жаноб Сноуден «Аэрофлот" ширкатининг Москвага парвоз қиладиган учоғига чиққан, бироқ у Москвада қоладими ё бошқа жойга учадими, маълум эмас.

Эдвард Сноуден Москвадан Кубага, ундан Венесуэлага учиши мумкин, деб хабар беради "Аэрофлот"даги манба охирги хабарларда.

Айтилишича, Сноуден номига икки чипта рўйхатга олинган ва улар Москва-Гавана ва Гавана-Каракасга дея махфий рақамланган.

Викликснинг Твиттердаги блогида Сноуден "демократик давлат"ларнинг бирида сиёсий бошпана олиши ташкиллаштирилди дейилади. Шунингдек, Сноуденга Викликснинг вакили ҳамроҳлик қилиши ва унга барча ҳужжатлар берилгани айтилади.

Олдинроқ Интерфакс агентлиги Эдвард Сноуденга яқин манбага иқтибосан, унинг Москвада бир кун, балки Россияда бутунлай қолиши мумкинлигини хабар берган эди.

Шунингдек, Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ҳам жаноб Сноуден Россиядан сиёсий бошпана сўраса, буни кўриб чиқилишини билдирди.

Собиқ АҚШ жосуслик таҳлилчисининг Гонконгни тарк этгани ҳақида биринчи бўлиб ёзган South China Morning Post газети унинг манзили Исландия ёки Эквадор бўлиши, бунда Виклискснинг кўмаги борлигини қайд этди.

Қочқин

Сноуден дастлаб махсус хизматларнинг интернет орқали кузатувлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритгач, май ойида Гонконгга қочган эди.

Унинг маълум қилишича, Америка махсус хизматлари миллионлаб телефон қўнғироқларини эшитган, шунингдек йирик интернет ширкатлар манбаларига кирган.

Жума куни АҚШ Адлия вазирлиги Сноуденга қарши жиноий иш очгани ва уни ҳибсга олишга буйруқ бергани маълум бўлди.

Америка Президенти идораси Би-би-сига Сноуденнинг экстрадицияси ҳақидаги мурожаат Гонконгга берилганини тасдиқлади.

Унда Вашингтон ва Гонконг ўртасида жиноятчиларни топшириш ҳақидаги келишув борлиги келтирилади.

Жаноб Сноуден "Ҳукумат мулкини ўғирлаш", "Миллий мудофаа маълумотларини рухсатсиз тарқатиш" ва "Махфий маълумотларни ўз истаги билан тарқатиш" айбларига юз тутмоқда.

Ҳар бир айблов учун у 10 йилгача қамалиши мумкин.

Prism лойиҳаси нима учун?

Сноуден бундан аввал ўзини Гонконгдан экстрадиция қилиниши бўйича ҳар қандай ҳаракатларга қарши чиқишини билдирди.

АҚШ махсус хизматлари фаолияти ҳақидаги дастлабки маълумотлар июн ойининг бошида пайдо бўлганди.

Guardian газети Verizon телефон ширкати Америка миллий хафвсизлик агентлигига миллионлаб қўнғироқлар ҳақида маълумот берганини ёзганди. Сўнгра "Washington Post"да Америка хизматлари Facebook, Google, Microsoft ва Yahoo дохил тўққиз интернет ширкатлари манбаларига кириш имконига эга бўлгани ҳақида хабар чиқди.

Айтилишича, Махсус хизматларнинг бу лойиҳаси "Prism" деб аталган.

Кейинроқ Сноуденнинг ўзи ҳам АМХ нинг лойиҳалари ҳақида матбуотга ахборот берганлигини тан олди.

Бунинг орқасидан Америка махсус хизматлари Prism лойиҳаси компютер тизими бўлиб, манбаларни йиғиш программаси ҳисобланмаслигини билдиришди.

Марказий Жосуслик Бошқармасига кўра, лойиҳа ўнлаб террористик режаларни ошкор этилишига ёрдам берган.

Сноуденнинг маълумотларидан сўнг, Америка ҳукумати фуқароларнинг телефон қўнғироқларини эшитмасликлари, интернетдаги маълумотлар йиғиш фақат АҚШдан ташқаридаги хорижликларга қаратилганини иддао қилмоқда.