Генерал Данфорд: Афғонларни якка ташлаб қўйманг

  • 12 يونيو/ حزيران 2013
Жозеф Данфорд Афғонистонда ниҳоий тинчликни ўрнатиш учун Толибон билан музокара ўтказиш муҳимлигига ишонади

Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондони халқаро ҳамжамиятни Афғонистондан юз ўгирмасликка чақирган.

Генерал Жосеф Данфорд Би-би-си билан суҳбатда 2014 йилда Афғонистонда ҳарбий амалиётлар тўхташи ортидан демократик ислоҳотлар хавф остида қолиши мумкинлигини айтган.

У Толибон билан эртами-кечми музокаралар ўтказиш ўта муҳимлигини айтган.

Улар ягона душман эмас, кўплаб жиноий гуруҳлар исёнчилар сафига қўшилган, деб илова қилган Жозеф Данфорд.

Америкалик генералнинг айтишича, Толибон билан бир сафда жанг қилаётган Ҳаққоний тармоғи, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан бирга жиноий ва наркотик контрабандаси билан шуғулланувчи гуруҳлар ҳам бор.

Унга кўра, хорижий сиёсатчиларнинг давомли қўллаб-қувватловисиз, Афғонистон фуқароларининг оддий ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиш имконсиз.

Генерал Данфорд Афғонистондаги охирги НАТО қўмондонидир ва ушбу лавозимда НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгунга қадар, яъни келгуси йил охирига қадар қолиши кутилмоқда.

Би-би-си билан шимолий Кундуз шаҳрида гаплашган Жозеф Данфорд: "Ҳозиргача сезиларли ютуқларга эришдик, лекин исталган натижага ҳали анча бор," – деб айтган.

Келгуси ҳафта мамлакатдаги сўнгги минтқалар Афғонистон ҳукуматининг тўлиқ назоратига ўтади, баъзи халқаро кучлар ёрдам берувчи куч сифатида қолишади.

Генерал Данфорд афғон кучлари исёнчиларга қарши курашда “етарли тажриба”га эга эсаларда, Толибон билан мулоқот ўтказиш ўта муҳим, деб айтган.

Бундай огоҳлантириш Толибон томонидан экани айтилаётган зўравонликларнинг янги тўлқини бошланган бир паллага тўғри келмоқда.

Сешанба куни Кобул марказида содир этилган худкуш ҳужумида камида 16 ҳалок бўлган ва яна 40 нафардан зиёд инсон жароҳат олган.

Душанба куни эса етти исёнчи, жумладан интиҳорий бомбачилар, тўрт соат давомида Кобул аэропорти яқинида бир бинони ишғол этиб турганлар.

Афғонистондаги Би-би-си мухбири Девид Лойннинг айтишича, Толиблар ҳалиям йирик амалиётларни ўтказишга қодир эканини кўрсатиб қўяётганга ўхшайди.