BBC navigation

Британиялик аёллар нима учун Исломни танлашмоқда?

Сўнгги янгиланиш 31 май 2013 - 10:58 GMT

Батул ал-Тома диндор католик оилада вояга етган

Британияда эълон қилинган рақамларга кўра, 2010 йилда 2 мингга яқин британиялик аёл Ислом динини қабул қилган.

Уларнинг сони кўпайиб бораётгани ва Исломга кираётган аёллар сони эркаклар сонидан икки баробар кўплиги айтилади.

Кембриж университети Исломни қабул қилган 50 нафар британиялик аёллар орасида сўров ўтказган.

Cўровда британиялик аёллардан нима учун Исломни танлашгани ва бу танлов уларнинг оилалари ва яқинлари билан муносабатларига қандай таъсир қилгани ҳақида сўралган.

Кембриж университети Исломий тадқиқотлар маркази раҳбари, Профессор Ясир Сулаймоннинг айтишича, сўровда келиб чиқиши турлича бўлган ва турфа ижтимоий қатламларга мансуб аёллар иштирок этишган.

"Уларнинг келиб чиқишлари турли-туман. Ёшлари, маълумотлари, турли жўғрофиядан, эътиқодлари турлича бўлган. Яъни бу кенг қамровли бир сўров эди. Унда қатнашган аёлларнинг ҳикоялари, тажрибалари Исломга олиб борувчи йўл ҳақида атрофлича тасаввур беради, деб ўйлайман",- дейди британиялик олим.

"Муқаддас учлик" инқирози

Анита Найяр бундан 13 йил муқаддам, 18 ёшида Исломни қабул қилган.

Насроний оилада вояга етган Анита ёшлигида руҳоний бўлишни орзу қилганини айтади.

"Менинг мусулмон бўлишим том маънода Исломнинг теологик баҳсда ютиб чиқиши бўлган. Мен ҳамма вақт жуда ҳам диндор насроний бўлган эдим ва Яратган ҳамда Исо Масиҳга қаттиқ эътиқод қилганман. Менда насронийликдаги муқаддас учлик таълимоти жуда кўп саволларни пайдо қилган. Мен уни метафорадан бошқа нарса деб тушунишга қийналганман. Аммо Исломни ўрганишни бошлаганимдан сўнг, ўзимдаги жуда кўп саволларга жавоб топдим. Ислом "Учлик эътиқоди"ни рад этади ва Исо Масиҳни пайғамбар, деб атайди. Ва барча Иброҳимий пайғамбарлар рўйхатининг энг охирида Муҳаммад Пайғамбар келади. Буларнинг ҳаммаси менинг насроний эътиқодимда мавжуд бўлган бўшлиқни тўлдирди", дейди у.

Батул ал-Тома ирланд католик оиласида вояга етган. Ҳозирда у Британия Мусулмонлари лойиҳаси раҳбари. Унинг Исломга йўли ҳам "Муқаддас учлик" таълимоти ва Исо Масиҳ шахсияти атрофидаги саволлардан бошланган.

"Мен жуда ҳам қатъий католик оиласида вояга етганман. Айтишим керакки, жуда ҳам иноқ ва меҳрибон бир оилада. Бутун оиламиз билан бирга ҳар ҳафта черковга борардик. Мен муқаддас учлик эътиқоди ва Исо Масиҳ шахсиятига қадалиб қолгунимча насроний динига қаттиқ амал қилиб келдим. Кейин эса изланишларни бошладим ва бу изланишлар мени Исломга олиб келди", - дейди ҳозирда Лестердаги Исломий жамғарма тадқиқотчиси.

"Юзимизни ерга қаратдинг"

Аммо британиялик насроний аёлларнинг Исломга йўллари силлиқ кечмаган, айниқса, уларнинг ота-оналари ва яқинлари учун.

Батул ал-Томанинг айтишича, Исломни янги қабул қилган фарзанд учун ўз қарорини ота-онаси ёки бошқа яқинларига қандай йўлда изҳор қилиши жуда муҳим.

"Бир диндан иккинчи бир динга ўтиш жуда катта жаҳд, энергия ва интилиш воситасида содир бўлади. Кўпинча, айниқса, ёшликда, қизиққонликда содир бўлса, бу нотўғри тус ҳам олиши мумкин. Кейинроқ ортга қараб, ўша пайт ота-онангизнинг дилини оғритадиган бир шаклда изҳор қилганингиздан афсус ҳам чекасиз. Мен ҳозир мана шу жараёнда, айниқса ёшларга руҳий, маънавий ёрдам бериш йўлида иш олиб бораяпман. Исломни янги қабул қилганларга маслаҳат бераман, ўз тажрибам билан ўртоқлашаман", - дейди Батул ал-Тома.

Исломни қабул қилаётган аёллар сони эркаклардан икки баробар кўплиги айтилади

Анита Найяр Исломни қабул қилишидан ота-онасининг ҳафсалалари пир бўлганини айтади.

"Ота-онамнинг ҳафсалалари пир бўлди. Уларнинг ўзлари жуда диндорлар одамлар эди. Отам ҳиндуизм динидан насронийликка ўтган. Улар менинг улғайиб, насронийлик динига хизмат қилишимни исташарди. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳафсалалари пир бўлган эди", - дейди у.

Профессор Ясир Сулаймоннинг айтишича, Исломни қабул қилаётган британияликларга уларнинг яқинлари томонидан муносабатлар турлича.

"Кимдир ҳафсаласи пир бўлиб, хатто воз кечиш даражасига борса, яна кимдир буни тушуниш билан қабул қилади. Аммо бунга зўравонлик билан муносабат кўрсатадиган оилалар ҳам бор. Масалан, мен Кембрижда ўтказилган анжуманда Исломни қабул қилган фарзандларини террорчиларга сотилганликда айблаган оилалар ҳақида ҳам эшитдим. Уларни оилани шарманда қилганлик, яқинлари ва дўстлари олдида юзларини ерга қаратганликда айблашади. Аммо кўпинча, ака-укалар ёки сингиллар Исломни қабул қилган фарзандни тушунишни бошлайдилар ва оилада ярашув жараёни бошланади. Баъзи оилалар фарзандларининг юриш-туриши ўзгарганини кўриб, Ислом қадриятлари ҳақида тушунчага эга бўла бошлайдилар ва пировардида буни қабул қилишади",-дейди Кембриж университети профессори.

Масжидлар аёллар учун очиқми?

Британияда аёлларнинг масжидда намоз қилишлари ноодатий эмас, аммо муслималарнинг айтишлаирча, ҳамма ҳамма масжидлар ҳам эшикларини аёлларга ланг очавермайди.

Британ жамиятида вояга етган аёл учун эса бу муаммо бўлиши мумкин.

Аммо Батул ал-Томанинг айтишича, ҳозирда британиялик мусулмонлар жамоаси бу масалага катта эътибор қратамоқда.

"Мен католик оиласида вояга етганман ва ирланд католик оиласи жуда ҳам анъанадор бўлади. 1970-80 йилларда католик черковларида эркаклар ва аёллар алоҳида-алоҳида ўтиришарди. Болалигимда мен отам ва онам билан черковга борар ва улар черковнинг икки тарафида ўтиришарди. Ва буни ҳамма қабул қиларди. Британияда аёллар намоз қила оладиган масжидлар жуда кўп, фақат аёллар учун яратилган шароитларни рисоладагидек, деб бўлмайди. Ҳозирда масжидлар ва Британиядаги мусулмонлар жамоаси бу муаммоларни ҳал қилиш учун астойдил ҳаракат қилишаяпти. Исломни қабул қилган британиялик сифатида бизнинг вазиятимиз бошқа мусулмон аёлларнинг вазиятларидан фарқлироқ. Шунинг учун ҳам биз уларнинг номларидан кўпроқ аёллар масаласини кўтаришимиз мумкин ва мусулмонлар жамоасининг овозига овоз қўша оламиз, деб ўйлайман", - дейди британиялик муслима.

Аммо нотенглик фақат мусулмонлар жамоасидаги муаммо эмас.

Анита Найяр мусулмонлар жамоаси ташқарисида ҳам муаммолар ошиб-тошиб ётганига эътибор қаратади.

"Мусулмонлар жамоасидан ташқарисида бугун ҳам жуда кўп нотенгликларни кўрамиз. Мисол учун аёлларга қарши зўравонлик ҳоллари. Британияда йилига 100 минг аёл жинсий зўрланади. Ҳар икки кунда бир аёл маиший зўравонликдан ўлади. Мен ҳали мусулмон бўлишимдан аввал ҳам бу муаммолар мени безовта қиларди. Албатта, сиз масжидга намоз қилиш учун, диний бурчингизни адо этиш учун борсангизу, масжид эшикларини юзингизга ёпишса,алам қилади. Аммо ҳозирда биз, мусулмонлар буни ўзгартиришга ҳаракат қилаяпмиз. Аёлларнинг масжидга бормаслиги Исломдаги бир тушунча эмас, балки маълум даврда, маълум маданиятдан келиб қўшилган бир нарсадир", дейди Анита Найяр.

Кембриж университети олиб борган тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, кўпчилик Исломни қабул қилган британияликлар ўз эътиқодларини сир сақлашади ва ўзларининг руҳоний тажрибаларини оила-аъзолари ва яқинлари билан баҳам кўришдан қўрқадилар.

Тадқиқот муаллифлари Исломни қабул қилаётган британияликларга кўпроқ руҳий-маънавий дастак беришга чақирганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.