"Хизбуллоҳ" Башар ал-Ассадга ғалаба ваъда қилмоқда

  • 26 Май 2013
Шайх Насрулло Башар Ассаднинг қудратдан кетиши бутун Яқин Шарқда "қора кун" ларни олиб келиши билан огоҳлантирган.

Суриядаги фуқаролар урушида ҳукуматга кўмак бериб келаётгани айтиладиган Ливаннинг шиа-исломий "Хизбуллоҳ" гуруҳи раҳбари Ҳасан Насрулло ўзининг тарафдорларига Сурия урушида ғалаба Башар ал- Ассад томонида бўлишини билдирган.

Телемурожаат билан чиққан шайх Насрулло Сурия раҳбарининг қудратдан кетиши бутун Яқин Шарқда экстремизм кучайиб, "қора кун" ларни олиб келиши билан огоҳлантирди.

Хабарларга кўра, Қусейр шаҳри учун кетаётган шиддатли жангларда жангарилар "Ҳизбуллоҳ" томонидан кучли артиллерия ҳужумига тутилган.

Ливан билан чегарада жойлашган Қусейр шаҳри иккала томон учун ҳам қурол-яроғ кириб келадиган муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланади.

Шайх Насрулло ўзининг телемурожаатида Сурия можаросида сунний исломийларнинг ғалаба қозониши Ливан халқига, ҳам сунний, ҳам шиа ва насронийларга катта хавф эканини урғулаган.

Ва шайх Насрулло "Ҳизбуллоҳ" ҳеч қачон АҚШ ва Исроил қўллаб келаётган исёнчилар томонида бўлмаслигини таъкидлаган.

Қусейр жангларида ҳалок бўлган "Ҳезболлоҳ"нинг ўнлаб аскарлари Ливанда ҳурмат-эҳтиром билан дафн этилган.

Олдинроқ, АҚШ Давлат котиби Жон Керри "Ҳизбуллоҳ"нинг Сурия можаросига аралашуви қон тўкилишларини янада кучайтиришини билдириб, бу жараёнда Эрон дастагини қоралаб чиққанди.

Расмий Теҳрон бу иддаони рад қилиб келади.

Охирги хабарларга кўра, Бейрут бир қатор ракета ҳужумларига тутилган. Ливан расмийлари билдиришича, "Ҳизбуллоҳ" назоратида бўлган қатор маҳаллалар нишонга олинган. Бир ракета турар жой биносига, бошқаси автомобил салонига келиб тушган.

Ҳужум ким томонидан амалга оширгани ҳозирча номаълум, бироқ бу- "Ҳизбуллоҳ" раҳбарининг Башар ал-Ассадни ёқлаб қилган телемурожаатига жавоб сифатида бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ