BBC navigation

НАТО кучларига ҳужум қилган Афғон полиция ходими қаҳрамонга айланди

Сўнгги янгиланиш 2 апрел 2013 - 15:22 GMT

Аксарият маҳаллий аҳоли Самаруддинни қаҳрамон деб таърифлайди

2011 йилда икки америкалик аскарни ўлдирган Афғон полиция ходими ўлимидан кейин қаҳрамонга айланди. Унинг оиласи Би-би-си мухбирлари Фируз Раҳимий ва Йоҳаннес Деллга бу кутилмаган ҳужум ортида қандай сабаблар турганини ўрганиш учун имконият яратиб берди.

Бундан икки йил аввал 2011 йилнинг тўртинчи апрелида Самаруддин Фарёбда икки америкалик аскарга қарата ўт очади.

Иккала америкалик аскар қурбон бўлади.

Самаруддин қочиб қолади.

Бу НАТО кучларига қарши Афғон хавфсизлик кучлари аскарлари томонидан 2007 йилдан бери уюштириб келинаётган ўнлаб хужумлардан бири эди.

Ана шундай ҳужумлар оқибатида 100 дан ортиқ НАТО аскарлари қурбон бўлди.

Самаруддинни уч кун кейин топишди.

НАТО мулозимларига кўра, “уни тутиш учун амалиёт жараёнида Самаруддин қочишга ҳаракат қилди ва отиб ўлдирилди”.

Самаруддиннинг қурбонлари 32 ёшда бўлган сержант Скот Бургес ва 26 яшар Майкл Ламмертслар эди.

Улар Афғонистонга келишганига атиги икки ой бўлган ва Фарёбда чегара қўшинлари мулозимлари билан Америка қўмондонларининг учрашувида хавфсизликни таъминлаётган бўлишган.

Аскарларнинг ҳамкасблари уларни илиқ таърифлашган, доим ёрдамга тайёр қуролдошлор ўлароқ мақташган.

Ҳар иккала қурбоннинг ҳам ортида турмуш ўртоғи ва иккитадан фарзанди қолди.

Самаруддиннинг иниси унинг ўлимини яхши эслайди.

Маҳаллий масжидга Самаруддиннинг номи берилди

Тонгда чегара полиция хизматида отишма овозларини эшитади.

"Мен хавотирга тушдим ва Самаруддинга телефон қилдим”, дейди у.

"У бир марта занг кетганидан телефонга жавоб берди. Мен ундан икки америкалик аскарни отиб ташлашибди, бу ҳақда эшитдингми деб сўрадим. У мендан қаердалигимни сўради. Тез шаҳардан кетгин, мен отдим уларни деди...Мен даҳшатга тушдим. Унга ишонмасдим”, дейди Самаруддиннинг иниси.

Аслида бу каби ҳужум уюштирганлар учун қочиб қолиш анчайин ноодатий ҳолат.

Аммо, Самаруддин қочди ва яна ўз ота уйига келди.

Унинг қариндоши Ғулом бу хабарни эшитибоқ уйга шошади.

"Самаруддин жуда ҳаяжонда ва гаранг эди", дейди у.

"Мен унинг олдига келганимда у йиғлай бошлади. Мен унинг пешонасидан ўпдим ва йиғлама дедим...”

Зўравонлик

Ўша отишмадан аввалги ҳафта Афғонистон бўйлаб норозилик намойишлар кечган ва аксариятида зўравонлик ҳолатлари рўй берганди.

Ҳаммасига Америкадаги кичик бир черков аъзолари муқаддас Қуръонни ёқишгани сабаб бўлганди.

Ғуломнинг айтганлари эса, Самаруддин нима учун бу ҳужумга қўл урганини очиқлагандай...

"Мен унга сен дининг учун бу ишни қилдинг, бундан ғурурланиш керак”, дедим.

"Биз ҳаммамиз ғазабда эдик”.

Самаруддин 2011 йилнинг тўртинчи апрелида отиб ўлдирган америкалик аскарлари

Бу каби қарашлар эҳтимол ташқаридан қараганда даҳшатнок кўринар, аммо Самаруддиннинг аксарият қариндошлари, дўстлари ва қўшнилари учун бу ғазабу нафрат бегона эмас.

Намойишлар тобора зўравон тус олди, Мозори Шарифдаги БМТ ваколатхонасига ҳужум қилинди ва бир неча хорижлик ўлдирилди.

Самаруддиннинг оиласига кўра, у бу воқеаларни кўнглига жуда яқин олган.

Самаруддин норозилик намойишларида қатнашади.

Масжидга бориб энг олдинги қаторда ўтиради.

Унинг иниси Нурмуҳаммадга кўра, масжид имоми Самаруддинни яхши эслайди.

“Мулланинг айтишича, Қуръон ёқилганини эшитиб, у ўзини йиғидан тўхтатолмаган”, дейди Нурмуҳаммад.

"Бу воқеа якшанбада бўлган. Душанба куни эса, Самаруддин икки америкаликни отиб ўлдирди. Ҳамма унинг ўз дини ва Қуръон учун шаҳид бўлганини билади”.

Самаруддин кечаси уйида қолган, кундузи масжидда яширинган.

У ердан Самаруддин бир дўстига қўнғироқ қилиб, яшириниш учун янги жой топиб беришни сўраган. НАТО кучлари Самаруддинни ўша ерда топишади.

Қадамжога айланган мозор

Аксарият маҳаллий аҳоли Самаруддинни қаҳрамон деб таърифлайди.

"Минглаб одамлар унинг дафн маросимига келишди", дейди Самаруддиннинг яқинлари.

"Дарёнинг соҳили одамлар билан лиқ тўла эди”, дейди Самаруддиннинг амакиси.

Самаруддиннинг қабри зиёратгоҳга айланди. Унга нисбатан ёзилган шеърлар ва диний дуолар қабр атрофига терилди.

Қўни-қўшнилар талаби билан маҳаллий масжидга унинг номи берилди.

Аммо, баъзилар Афғонистонга иттифоқчи саналган икки америкалик аскарни ўлдириш билан кимдир қаҳрамонга айланганидан хавотирда...

Абдул Мўмин Макрит маҳаллий имомлардан ва унинг айтишича, мамлакатга ёрдам учун келган аскарларни ўлдиришни дин оқламайди.

"Улар бизга хизмат қилиш учун келишган...Биз улардан миннатдор бўлишимиз керак”, дейди у.

"Афғонлар меҳмондўстлиги билан танилган. Биз ҳеч бир гуноҳсиз меҳмонни отиб ўлдирмаслигимиз керак”, дейди маҳаллий муллолардан Абдул Мўмин Макрит.

"Айримлар эса бу каби ҳужумчиларни “мужоҳид” ва ё “шаҳид” деб аташмоқда. Аксарият бу сўзларнинг маъносини билмайди. Ислом бу каби ҳужумларга йўл бермайди”.

Макрит жанобларига кўра, саводсизлик ва эътиборсизлик аксарият ёшларни турфа гуруҳларнинг измига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Самаруддиннинг онаси ўз ўғлининг улкан мақсад йўлида қурбон бўлгани ҳақида гапирмайди.

19 яшар бўлган Самаруддинни полицияга ишга киришидан қайтараман деб жони ҳалак бўлганини айтади.

"Мен унга агар шу ишга кирсанг, полиция идораси қаршисига бориб ўзимни ўлдираман", дедим. Қулоқ солмади. 22 ой ишлади. Қанча азоб чеккандим уни вояга етказгунга қадар...Барибир йўқотдим боламни...”

Оддий болалик

Самаруддиннинг уйида унинг катта портрети осилган.

Самаруддининг қабри...

Укаси Самаруддинни қирувчи учоқ ва Қуръон китоби олдида тушгандай манзара ҳосил қилувчи ясама суратларни кўрсатади.

"Самаруддин барча болалар каби футболга қизиққан, мактабдан қочиб юрган", дейди унинг қариндоши Ғулом.

Бошқа афғонлар каби урушлардан азоб чеккан, Покистонга муҳожирликка кетган ва кейинроқ она ватанига қайтган бир афғон тақдири...

Ички ҳужумларнинг аксариятида Толиблар айбланади. Баъзида маҳаллий ва хорижий кучлар ўртасида тортишувлар зўравонликка айланади.

Аммо, Самаруддиннинг фожеаси чуқурроқ бир воқеъликка ишора этади.

Америкалик журналист Анна Бадкҳен Самаруддиннинг чегарадаги ҳамкасблари билан учрашган.

"Мен унинг раҳбарлари билан кўришдим. Жуда кўп кўк чой ичдик. Сигарет чекдик. Биласизми, ҳали ҳам полицияда ишлайдиганларнинг айримлари уни қаҳрамон деб танишади”, дейди журналист.

"Бу каби қарашлар исёнкорлар ҳужумларидан кўра ҳам хатарнокдир", дея қўшимча қилади у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.