BBC navigation

Покистон ва Эрон ўртасида баҳсли газ қувури ишга туширилади

Сўнгги янгиланиш 11 март 2013 - 09:34 GMT

Покистон Эрон билан ўртада барпо этилажак газ қувури ўз миллий манфаатларига хизмат қилишига ишонади

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Эрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадинежод икки давлатни боғловчи баҳсли газ қувури лойиҳасини расман очиб беришади.

Қўшма Штатлар лойиҳага қаршилик кўрсатаркан, оқибати жазо чоралари бўлишидан огоҳлантирган.

Америка мазкур қувур Эронга кўпроқ газ сотиш имкониятини яратиши ва Теҳрон ядровий дастурига қарши саъй-ҳаракатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб келади.

Покистон эса, узоқ вақтдан бери ортга ташланиб келинаётган газ қувури лойиҳаси мамлакатдаги сурункали энергентика тақчиллигини маълум даражада ечишга хизмат қилади, деган ишончда.

Эрон тарафдаги лойиҳа бўйича ишлар қарийб ниҳоя топган. Душанба куни Покистондаги қурилишларга расман изн берилади.

Жами 780 чақиримни ташкил этадиган газ қувурини келаси 2 йилда қуриб битказиш режаланган.

Вашингтон Покистондаги энергетика инқирозини енгиллатишга бошқа йўллар ҳам мавжудлигини таъкидлаб келади.

Покистон ҳукумати эса, мамлакатда энергетика танқислиги жуда катта масалага айлангани, ортиқ АҚШ босимларига итоат қилмаслигини айтади.

Ўтган ой электр таъминотидаги узилишларга жануби-ғарбий Балучистон вилоятида жойлашган иншоотдаги техник нуқсонлари сабаб дея кўрсатилган. Аммо, мазкур ҳолат мамлакат энергетика бўйича юз тутаётган муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиққанди.

Бундан олдинроқ, Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Хар қувур "Покистоннинг миллий манфаатлари"га хизмат қилишини айтганди.

Бироқ, Би-би-си мухбири Майк Вулдрижга кўра, Покистон газ қувурининг нотинч Балучистон вилояти орқали ўтиши жиддий хавфсизлик муаммоларини кўндаланг қўйишини ҳам инкор қилмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.