BBC navigation

Балужистон ҳокими хавфсизлик кучларининг қўлидан иш келмаганидан ғазабда

Сўнгги янгиланиш 17 феврал 2013 - 11:52 GMT

Кветта шаҳрида 81 Шиа мусулмон ўлимига сабабчи бўлган портлаш олдини олмаганликда Балужистон ҳокими хавфсизлик кучларини айблади.

Кветта Балужистон вилоятининг маркази ҳисобланади.

10 январ кунидаги 92 Ҳазора Шиа мусулмонлари ўлимига олиб келган худкушлик ҳужумларидан кейин Кветта шаҳрига борган Покистон бош вазири Балужистон вилояти ҳокими Наваб Аслам Райсонийни лавозимидан бўшатганди.

Унинг ўрнига Навоб Зулфиқор Махсий Балужистон ҳокими этиб тайинланган, янги раҳбарга ҳамда вилоятдаги махсус хизматлар ва кучишлатар тизимларига зўравонликлар олдини олиш йўлида кўпроқ эркинлик берилиши эълон қилинган эди.

16 феврал портлашида ҳам 81 инсон ҳалок бўлганидан сўнг Навоб Зулфиқор Махсий махсус хизматлар ва кучишлатар тизимларни тинчликни сақлай олмаётганликда айблаб чиқди.

Geo News телеканали билан суҳбатда Навоб Зулфиқор Махсий айтишича, истиҳборот агентликлари "ё ҳаддан зиёд қўрқиб қолишган ёки қандай чора кўриш ҳақида умуман тасаввурга эга эмаслар.

Жаноб Махсий, "мен хавфсизлик кучларининг экстремистик гуруҳларга қарши чора кўришлари учун қўлларини очиб қўйдим, бироқ улар бунинг уддасидан чиқмадилар", деб айтган.

"Бундай ҳужумларнинг олдини олиш уларнинг вазифаси. Биз уларга нима учун маош тўлаяпмиз?", деб айтган ҳоким.

Dawn News билан суҳбатида Навоб Зулфиқор Махсий, "ҳамма жойда бошбошдоқлик, ҳокимиятнинг кучи кўринмайди", деб айтган.

Жаноб Махсий ҳалок бўлган инсонларнинг оиласига 100 минг Покистон рупийси ёки 1000 АҚШ доллари миқдорида товон пули тўланишини айтган.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий Балужистон ҳокими билан телефон мулоқотида Шиа Ҳазораларини муҳофаза қилиш учун ҳамма иш қилинишига ваъда берган.

Кветтадаги Ҳазора Демократик партияси ҳалок бўлган инсонларнинг хотирасига иш ташлаш эълон қилган.

Партия портлаш учун жавобгарларни топиб йўқ қилиш учун ҳокимиятга 48 соат муҳлат берган.

Акс ҳолда кўпроқ иш ташлашлар ташкил этилиши ҳақида огоҳлантириш билдирилган.

Шанба куни тушдан кейин асосан Шиалар истиқомат қиладиган савдо қаторида портлаш рўй берган.

Полиция зобити Вазир Хон Носир сўзларига кўра, бомба масофадан туриб портлатилган.

Ассосишейтед Пресс ахборот агентлигининг бошқа бир полиция зобитидан иқтибос қилишича, портловчи модда рикшага ўрнатилган бўлиши мумкин.

Покистонда тақиқланган сунний исломий гуруҳ "Лашкари Жангви" ушбу портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.