BBC navigation

'Газпром' асосчиларидан бири Рем Вяхирев оламдан ўтган

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 18:18 GMT

Дунёдаги энг йирик газ ширкати ҳисобланган "Газпром"ни ташкил этиш бошида турган ва ўн йил мобайнида ширкатни бошқарган Рем Вяхирев 79 ёшида вафот этган.

СССР парчаланиб кетганидан кейин собиқ иттифоқнинг Россия ҳудудидаги асосий газ тизими бир ширкат остида жамланган.

1992 йилда "Газпром" акциялари муомалага чиқарилган.

Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари, бугунги кунда Россия мухолифати етакчиларидан Борис Немцов Рем Вяхирев ва Виктор Черномирдин "Газпром" асосчилари бўлганини ёзади.

Рем Вяхирев 1992 йилдан 2001 йилгача "Газпром"ни бошқарди.

2001 йил июнидан 2002 йил июнигача "Газпром" директорлар кенгашининг раиси лавозимини эгаллади.

Шундан кейин Рем Вяхирев Россия президенти маъмурияти бошлиғи ўринбосари бўлган Дмитрий Медведевнинг маслаҳатчиси бўлган.

"Газпром" Марказий Осиё мамлакатлари газини Оврўпога олиб чиқадиган қувурлар тизимига эга ягона ширкат.

Яқин-яқингача ҳам Туркман ёки Ўзбек гази фақат "Газпром"га сотилар, сўнг ширкат бу газни оврўполик истеъмолчиларга етказиб берарди.

Влдимир Путин Россия президенти этиб илк бор сайланганидан кейин Россияни "Газпром"дан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланаётганликда айбловлар илгари сурилди.

Украина ва Россия, Россия ва Оврўпо мамлакатлари ўртасидаги газ таъминоти билан боғлиқ можароларнинг марказида "Газпром" бўлди.

"Газпром" газ ва бошқа углеводород маҳсулотларни қидириб топиш, қазиб олиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланадиган жаҳоннинг энг йирик ширкатидир.

"Газпром" раҳбарияти Рем Вяхирев вафоти муносабати билан унинг яқинларига таъзия изҳор этган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.