BBC navigation

Афғонистон: 'Ҳамма Рональдою Мессига ‘ошиқ’

Сўнгги янгиланиш 31 январ 2013 - 09:29 GMT

Афғонистонда бугун Рональдоми, Месси ёки Какаларни излаб, ортиқча сарсон бўлмайсиз

Афғонистонда ҳам Испания ва ҳам Англия премьерлигаси шу қадар оммалашибдики, қаерга қараманг, бирор бир жамоаси рамзи ёки футболчиси акси туширилган матоҳга кўзингиз тушаркан.

Афғонистон сафарида бўлган Би-би-си мухбири Эмал Пасарлайнинг айтишича, шаҳар дўконларида Оврўподаги манаман деган футболчининг футболкасини ёзнинг иссиғи бўлмайдими ёки қишнинг совуғи, ҳеч бир сарсон бўлмай топа оласиз.

Термула, термула хуморидан чиқиб, мазза қилиб чой ичаман десангиз эса, "Реал"никими ёки "Арсенал", "Барса"никими ва ё "Манчестер Юнайтед", энг сара Оврўпо клублари рамзлари туширилган финжонлар ҳам шаҳар дўконларида сизга мунтазир, дейди у.

Буниси ҳам ҳали ҳолва: Кобулни кезсангиз, ҳали Рональдо, ҳали Месси, ҳали яна у инглиз ёки бу испан футболчиси акс этган каттаю кичик плакатларга ҳам кўзингиз тушади.

Одамлар, ҳатто, хусусий машиналарида ўзлари севган инглиз ёки испан жамоаси рамзи туширилган ёстиқчаларни ҳам қўйиб олишибди.

Шахсан ўзим яқинда дунёнинг энг номдор мураббийси Хосеп Гвардиола билан уч йиллик шартнома имзолаган Олмониянинг "Бавария"си ва асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳамсоҳиблик қилувчи Лондоннинг "Арсенал"иникини кўрдим, дейди мухбиримиз.

'Ҳамманинг Рональдога ўхшагиси келади'

Маҳаллий футбол ишқибозларини энг "суйдирган" ва "куйдирган"и Криштиану Рональдо экан

Кобулда бўлган мухбиримизнинг айтишича, қизми, ўғил, шаҳар болалари орасида, айниқса, Португалия ва "Реал"(Мадрид) юлдузи Криштиану Рональдо бирдек машҳур.

Кўча-куйда Рональдога ўхшаб сочларини тарашлаб, геллаб, ёпиштириб олган болакайларга ҳар қадамда тўқнаш келасиз.

Агар, гаплашсангиз, кўпчилиги унга жуда ҳавас қилишади. Рональдодек футболчи бўлишни исташади.

Афғонистонлик ўсмир йигитчалар орасида эса, Рональдодан ташқари, Аргентина ва "Барса" юлдузи Мессининг наклейкалари ҳам қўлма-қўл бўлиб кетган, дейди у.

Рональдою Мессига “ошиқлик” борасида мен суҳбатлашган афғон қизлари ҳам ўғил болаларидан заррача қолишишмайди.

Афғон қизларининг бу икки футболчи жамоаси иштирокидаги учрашувларни ҳам ҳай-ҳайлашиб роса томоша қилишлари, рости гап, ўзимни ҳам ҳайрон қолдирди, дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, бунга, маълум маънода, маҳаллий телевизион каналлар, айниқса, хусусийлари орқали манаман деган Оврўпо давлатлари миллий чемпионатлари учрашувларининг кенг миқёсда олиб узатилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

"Оврўпоники билан Афғонистон вақти бир неча соатга фарқ қилгани учун, ҳатто, аввал жонли кўрсатилган ўйинлар ёзиб олиниб, эртасига такроран ҳам намойиш этилади", дейди у.

Мухбиримизнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳозирга келиб, бутун Афғонистон бўйлаб фаолият юритаётган хусусий телевизион каналларининг сони етмишдан ортади.

Шунда ҳам, кимки телевизор орқали кўролмай қолган бўлса, Англия премьерлигаси бўладими ёки Испания Ла Лигаси ўйинлари, энг сўнгги натижаларидан бемалол маҳаллий нашрлар орқали бохабар бўлиши мумкин экан.

Футболчи болалар

Афғон болалари орасида, бор туришича Рональдо бўлишни орзу қилаётганларнинг саноғи йўқ...

Агар, мухбиримизнинг сўзларига қаралса, футбол афғон болалари орасида жуда оммалашиб бораётган эса-да, футболчи бўламан, деганлари учун ҳозирча мамлакатда етарлича шарт-шароит йўқ.

Ҳалича махсус футбол академиялари ташкил этилмаган, болалар маҳаллий клублар қошида ташкил этилган майдонлардан фойдаланишади.

Қиш сабаб, ўша клублар ҳам ёпиқ бўлган ҳозиргидек бир шароитда эса, ости бетондан бўлган баскетбол майдончаларида футбол ўйнаётган болаларга ҳам кўзим тушди, дейди у.

Аммо, маълум бўлишича, пойтахт Кобул бўладими ёки вилоят мактаблари, ҳар бири ўзининг терма жамоаси ва футбол майдонига эга. Ҳамда болалар мактаб ҳудудида хуморларидан чиққунча тўп суришлари мумкин экан.

Бунга ҳам қаноат қилмаган болакайларни кўча-куй ва хиёбонларда ҳам футбол ўйнаб юришганига гувоҳ бўлдим, дейди мухбиримиз.

Крикет қолиб, футбол "васвасаси"

Крикет қолиб, футбол "васвасаси"

Оммабоплиги борасида футбол сўнгги йилларда Афғонистонда “кўпларнинг ўйини” бўлган крикетга етай деб қолибди.

Эркакларники-ку, майли, яқинда футбол бўйича Афғонистон хотин-қизлар миллий терма жамоаси ҳам ташкил қилинган.

Ўтган йил эса, Афғонистон тарихида илк бор миллий чемпионат уюштирилиб, финал учрашувида қадим Ҳиротнинг “Тўфони Ҳарирўд” жамоаси аксаран ўзбеклар яшовчи Афғонистон шимолини намоён этган “Симўрғи Албруз”ни мағлуб этиб, мамлакатнинг биринчи чемпионига айланганди.

Бутун Афғонистондан бўлган саккиз клуб иштирокида бир ой давом этган чемпионат ўйинлари минглаб маҳаллий футбол ишқибозларини ўзига жалб этганди.

2011 йилда эса, саноқли бўлса-да, халқаро учрашувлардаги ғалабаси ортидан, Афғонистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида ўз тарихидаги энг юқори – 164-ўринни эгаллаганди.

Улар ўз ютуқлари билан, дейлик, ён қўшнилари Покистон ва ҳатто, Қирғизистонни ҳам ортда қолдиришга муваффақ бўлишганди.

Бугун афғонистонлик футбол ишқибозларининг орасида жаҳон футболи юлдузларининг энг машҳури бўлган Криштиану Рональдо эса, ўзининг хайрия ишлари билан ҳам афғон халқига яхши таниш.

Португалиялик футбол юлдузи УЕФАнинг Халқаро Қизил Хоч ташкилоти билан Афғонистондаги миналардан жабр кўрган инсонларга кўмак беришга қаратилган дастурига бевосита бош қўшган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.