BBC navigation

'15.000$ қалинни ким беради, қалинни қонунан белгилаб қўйинг'

Сўнгги янгиланиш 23 январ 2013 - 12:41 GMT

Куёв келинга беражак қалин миқдори ўн беш минг АҚШ долларига чиқиб кетаркан, Афғонистонда қалин миқдорини расман белгилаб бериши мумкин бўлган қонуннинг қабул қилиниши кутилмоқда.

Дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири эканига қарамай, дейлик, Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни шимолий минтақаларида, агар ўртача оила назарда тутилса, тўй харажатлари бугун 20-25 минг АҚШ долларига етиб қолибди.

Дейлик, камида икки минг меҳмон чақириш шарт кўрилган биргина ҳашаматли тўй базмининг ўзи чўнтаги бақувватроқ афғон оиласига ҳозир 5.000 АҚШ долларига тушаётган экан.

Шимолий Фарёб вилоятидан бўлган мухбиримиз Шафийбек ўғлининг айтишича, келинга берилажак тилла тақинчоқлару, сарпо-суруғнинг ўзига яна икки-икки ярим минг АҚШ доллари миқдорида пул кетаркан.

Тўйхоналар ижара ҳаққининг ўзи 500 АҚШ долларига бориб қолган

Мухбиримиз ўзи яшайдиган вилоятда ҳам сўнгги йилларда никоҳ тўйларини ҳашаматли тўйхоналарда ўтказиш урф бўлиб бораётгани, тўйхоналар ижара ҳаққининг ўзи 500 АҚШ долларига бориб қолганини айтади.

Унга кўра, шунда ҳам, никоҳ тўйларига кетажак жаъми сарф-харажатлар афғон оилаларининг бой ва камбағал эканига қараб фарқланади.

Аммо эл-юрт гап қилади, мен сендан қоламанми, деб кимўзарга тўй қилаётган камбағал оилалар ҳам кўп ва улардан аксарияти битта тўй деб, бошдан-оёқ қарзга ботиб кетган, дейди мухбиримиз.

Унинг сўзларига қаралса, биргина ўзи истиқомат қилувчи Фарёб вилоятининг ўзида бундай оилаларнинг сони минглабдир.

Дейлик, йилига ўртача 350 АҚШ доллари даромад қилувчи афғон мардикорининг тўй харажатлари ҳам бугунги шароитда 2.000 АҚШ долларидан ошиб кетаркан.

Ўзи ёки фарзандининг никоҳ тўйига кетажак сарф-харажатларни топиш учун Эрон каби қўшни мамлакатларга ишлаш учун кетаётган одамларнинг сони эса, ниҳоятда кўп, дейди мухбиримиз.

"Битта тўйга етадиган пулни топиш учун 10 йилгача ўзга юртларда қолиб кетаётган одамлар ҳам бор. Улар қўшни давлатларда ҳар қандай қора юмушга ҳам рози бўлиб, шунча маблағни топишга ҳаракат қилишади", дейди у.

Дабдабали тўйлар Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган пайт тақиқланган эса-да, сўнгги йилларда яна урфга қайтгани кузатилади.

Пойтахт Кобулдаги дўконлардан бирида намойишга қўйилган келинлик либослари

Қўша-қўша тилла тақинчоқлар, қўшалоқ келинлигу куёвлик либослари, келин ва яқинларининг "Гўзаллик" салонларидаги ясан-тусанлари, хонандаю созандалар, суратчи ва тасвирчилар, ҳашаматли "Лимузин"лар бугун Афғонистондаги никоҳ тўйларининг ажралмас бир қисмига айланган.

Чанг босган кўчалару пахса уйдан тикланган уйлар орасида ўнлаб чироқлари нур сочиб турган саройсимон тўйхоналарнинг ўзи эса, биргина пойтахт Кобулда юздан ортиқ экан.

Тўй сарф-харажатларининг қанчалик кўплиги аҳолининг норозиликларига сабаб бўларкан, Фарёб вилояти Уламолар кенгаши, Маданий жамият идораси ва маҳаллий кенгаши махсус баёнот билан ҳам чиқибди.

Улар қалин ва бошқа тўй харажатларини кескин қисқартиришни талаб этишаркан, икки-уч минг АҚШ доллари миқдоридаги қалин пулига рози бўлмаган хонадоннинг тўйига бормасликларини айтишган. Вилоят ҳокими эса, камтарона тўйлар ўтказиш борасида, ҳатто, ўзи намуна бўлишга ҳам ваъда берибди.

Ташаббускорлар куёвлари аллақачон олти фарзандли бўлган қизларининг сарпо-суруғини тўлиқ бермаганидан шикоят этаётган оналарни назарда тутиб, ислоҳотларни ҳамма ўзидан бошлаши лозимлигини таъкидлашган.

Бироқ уларнинг қалин пулию, тўй сарф-харажатларини камайтириш талаблари афғон эркакларининг хотин устига хотин олишларига йўл очади, деган хавотирларни ҳам пайдо қилмай қолмабди.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.