BBC navigation

Олмонияда икки рус 'жосуси' устидан маҳкама бошланмоқда

Сўнгги янгиланиш 15 январ 2013 - 10:35 GMT

Олмонияда эр-хотинлар ишини Берлин девори қулаганидан буён кузатилаётган энг шов-шувли жосуслик жанжали деб аташмоқда

Олмониянинг Штутгарт шаҳрида жосусликда айбланаётган россиялик эр-хотин устидан маҳкама бошланмоқда.

Тергов хулосасига кўра, улар Олмонияда 1980-йиллардан буён аввал Совет Иттифоқи кейинчалик Россия фойдасига жосуслик қилганлар.

Хабарларга кўра, россиялик эр-хотин қалбаки Австрия паспортлари билан Олмонияга бориб жойлашганлар .

Ҳужжатларда Андреас ва Хайдрун Аншлаг исмлари билан қайд этилган ушбу жуфтликнинг ҳақиқий исмлари маълум эмас.

Прокуратура маълумотига кўра, эр-хотин 20 йилдан кўпроқ вақт давомида аввалига Совет, кейинчалик Россия ҳукуматларига НАТО ва Оврўпо Иттифоқи фаолиятига оид хуфия маълумотларни бериб борганлар.

Улар, шунингдек, Россия Ташқи разведка хизматига Олмония сиёсати ва қуролли кучлари ҳақида маслаҳатлар берганлар.

Олмон матбуотида хабар қилинишича, Москва ва Берлин Андреас ва Хайдрун Аншлагни ғарб разведкаларидан бирига хуфия маълумотларни бергани учун ҳукм этилган икки Россия фуқаросига алмаштириш бўйича самарасиз музокаралар олиб борганлар.

Совуқ уруш акс садоси

Олмонияда эр-хотинлар ишини Берлин девори қулаганидан буён кузатилаётган энг шов-шувли жосуслик жанжали деб аташмоқда.

Тергов иши материалларида таъкидланишича, 2009 йилда Андреас Аншлаг ҳолландиялик дипломат Раймонд Валентин Путерайни ўз томонига оғдириб олади ва ундан НАТО ва Оврўпо Иттифоқи ҳужжатларини сотиб ола бошлайди.

Ҳамкорлик учун ҳолландиялик дипломатга гўёки, ҳаммаси бўлиб, 72 минг евро тўланган.

Welt газетаси тарқатган хабарга кўра, ҳолланд дипломатидан олинган маълумотлар Оврўпода Ракеталарга қарши ҳимоя тизими, НАТОдаги ички ислоҳотлар ва иттифоқнинг Косово,

Афғонистон ва Ливияда юз берган можаролардаги иштирокига тааллуқли бўлган.

Андреас Аншлаг, шунингдек, Россия ташқи разведкасига махфий маълумотларга эга бўлган Олмония ҳукуматининг юқори мулозимларини ёллаш бўйича тавсиялар йўллаган, дейишади прокурорлар.

Эр-хотин Олмония контрразведкаси эътиборига 2011-йил августида тушгани айтилади.

Агар айбдор деб топилсалар, Андреас ва Хайдрун Аншлаг 10 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.