BBC navigation

Франция Малига қўшимча кучларни юборади

Сўнгги янгиланиш 15 январ 2013 - 12:10 GMT
ФРАНЦИЯ АСКАРЛАРИ

Душанба куни Франция танклари ва зирҳли машиналари Фил Суяги Қирғоғи ва Мали чегараларини кесиб ўтган

Франция президенти Франсуа Олланд Малига киритилган мамлакати қўшинларига ёрдам учун қўшимча кучлар юборилишини маълум қилган.

Ушбу ҳарбий контингент Малига етиб келган 750 нафар француз ҳарбийларини дастаклаб туради.

Франция президенти сўзларига кўра, ўтган тунда Франция кучлари томонидан Исломий исёнчилар мавқеларига берилган янги ҳаво зарбалари "кўзланган ҳадафни нишонга олган".

Улардан бири душанба куни исломий гуруҳлар томонидан босиб олинган Диябали шаҳри эди.

Душанба куни Франциянинг 30га яқин енгил танклари ва зирҳли машиналари Фил Суяги Қирғоғи ва Мали чегараларини кесиб ўтган.

Сешанба куни Бамакода Малига жойлаштирилган Ғарбий Африка давлатлари қўшинлари қўмондонларининг мажлиси бўлиб ўтади.

Унда Франция ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик масаласи муҳокама этилади.

Би-би-си мухбири Марк Дойлнинг Бамакодан хабар беришича, Франция Африка иттифоқи кучлари ёрдами зудлик билан берилишии истайди.

Малига 600 аскар юбораётган Нигерия Африка иттифоқи кучларига раҳбарлик қилади.

Бенин, Буркина-Фасо, Гана, Нигер, Сенегал ва Того давлатлари ҳам ўз аскарларини юборишга ваъда берганлар.

БМТ дастаги

Малидаги можаро бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгашида бўлиб ўтган фавқулодда йиғинда Франция исломий гуруҳларга қарши амалиётлар ўтказиш учун ҳар тарафлама дастакни олган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, хусусан, Франция қўшинларининг Малига кириши бу мамлакат ҳудудий яхлитлигини қайта тиклашга ёрдам беради деб умид билдирди.

Британия Франция кучларига ёрдам сифатида С-17 русумли икки йирик транспорт учоғини берган.

АҚШ ҳавода учоқларга ёқилғи қуйиш ва балки жосуслик маълумотлари билан кўмак бермоқда.

Жазоир ҳам ўз ҳудудидан Франция қирувчи учоқлари парвоз қилиб ўтиб, Мали шимолини нишонга олишларига рухсат берган.

Малидаги исломий гуруҳлар

Малида уч асосий исломий қуролли гуруҳи фаолият юритаётгани айтилади.

Улар - "Ансоруддин", "Исломий Мағриб мамлакатларидаги "Ал-Қоида" ва "Ғарбий Африкада бирлашиш ва жиҳод ҳаракати".

Исломий гуруҳлардан бири раҳбари Франциянинг юрагига ҳужум қилажагини айтган.

Душанба куни Франция ташқи ишлар вазирлиги Малидаги ҳарбий амалиётлари бир неча ҳафталик амалиётлар бўлиши ҳақида айтиб чиққанди.

Бироқ, Би-би-сининг Мудофаа ва дипломатик масалалар бўйича мухбири Жонатан Маркус ёзишича, французлар исломий жангарилар қудратидан аллақачон ҳайратга тушишган.

Мали исломчилари қўлларидаги қурол-яроқнинг аксарини улар Ливиянинг собиқ раҳбари полковник Муаммар Қаддофийни дастаклаган пайтларида қўлга киритганлар ва кейин Малига олиб кетганлар, деб ишонилади.

"Франция ҳарбий амалиётларини бир неча ҳафтада тугатишга умид қилмоқда. Аммо Мали улкан мамлакат. Бу ерда исломий жангарилари таҳдидини бартараф этиш дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда анча қийин бўлиши мумкин", - дейди Би-би-си таҳлилчиси.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.