BBC navigation

Путин Сочида Депардье билан учрашди

Сўнгги янгиланиш 6 январ 2013 - 12:36 GMT

Депардье Россияни қаттиқ севишини айтиб очиқ мактуб йўллаган

Россия Президенти Владимир Путин Сочи шаҳрида француз актёри Жерар Депардье билан учрашиб, унга ўз қўли билан Россия паспортини тақдим қилган. Бу ҳақида жаноб Путиннинг воизи хабар тарқатди.

Учрашув Россиянинг "Биринчи канал"и орқали намойиш қилинган. Бироқ унда паспорт топширилаётгани кўринмаган.

Жерар Депардье 3 январда Россия фуқаролигини олганди. Ҳали декабрь ойида жаноб Депардье Le Monde газетаси журналисти саволларига жавоб бера туриб, "Путин менга аллақачон паспорт юборди", деб айтганди.

Ундан бироз олдин эса 63 ёшли актёр катта даромадли фуқаролар учун киритилаётган баланд солиқларга норозилик тарзида француз фуқаролигидан воз кечиш ниятида эканини эълон қилганди.

"Биринчи канал" 4 январь куни Депардьенинг очиқ хатини ўқиб эшиттирган. Унда "Мен сизнинг мамлакатингиз - Россияни жуда севаман, сизнинг одамлар, тарихингиз, ёзувчиларингизни севаман. Сизнинг маданиятингиз ва фикр юритиш услубингизни севаман. Отам бир вақтлар коммунист бўлган ва Радио Москвани тинглаган. Бу ҳам менинг маданиятимнинг бир қисми", - дейди жаноб Депардье.

Францияда Франсуа Олланд бошчилигидаги социалистлар ҳукумати 1 миллион евродан ошиқ даромад топадиган фуқаролар учун 75 фоизлик солиқни киритиш ниятида.

Депардье бунга жавобан Франция ҳукуматини уни "муваффақияти, ижоди ва таланти" учун жазолашга уринишда айблаган.

Унинг қарорини актриса Катрин Денёв дастаклаб чиққан. Брижит Бардо эса агар Франция ҳукумати цирк филларини сақлаб қолиш учун чора кўрмаса, у ҳам Россия фуқаролигини сўрашини билдирган. Декабрда Лион ҳокимияти туберкулёз билан оғригани гумон қилинган филларни ўлдириш қарорига келганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.