BBC navigation

Ҳиндистонда шафқатсиз зўрланган қиз вафот этган

Сўнгги янгиланиш 29 декабр 2012 - 10:08 GMT

Нью Деҳли шаҳрида жинсий зўрлаш қурбони бўлган 23 ёшли талаба қиз Сингапурдаги касалхонада вафот этган.

"Бемор маҳаллий вақт билан 29 декабр эрталаб соат 4.45 да ҳаётдан кўз юмди",- дейилади касалхонадан берилган хабарда.

Сингапурдаги шифохонада қизнинг яқинлари билан бирга ҳукумат вакиллари ҳам ҳозир бўлишган.

Жинсий зўрланган талаба қиз Деҳлида уч жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказгач, шифокорлар маслаҳати билан Сингапурга олиб келинади.

Шифокорлар 23 ёшли қиз "Маунт Элизабет" касалхонасига келтирилганда аҳволи жуда оғир бўлганини айтишган.

Бош шифокорнинг билдиришича, жинсий зўрлаш натижасида қизнинг ички органлари қаттиқ шикастланган. Касалхонага етказилгунича қизнинг юраги тўхтаб ҳам қолгани қайд этилган. Шунингдек, унинг бош мияси, ўпкаси ва кўкрак қафасида жиддий ўзгаришлар содир бўлгани аниқланган.

"Шунга қарамай, қиз узоқ вақт ҳаёт учун қаттиқ курашди, лекин унинг жароҳатлари билан яшаб кетиш жуда мушкул эди",- деб айтишган шифокорлар.

Қизнинг жасади маълум тайёргарликдан сўнг ватанига қайтарилиши хабар қилинади.

16 декабрда содир этилган жиноят Ҳиндистонда оммавий намойишларни келтириб чиқарган, натижада бир полиция офицери ҳалок бўлган.

Жиноятни содир этишда гумон қилинган олти киши ва автобус ҳайдовчиси ҳибсга олинган, икки полиция ходими вазифасидан бўшатилган.

Намойишлар

Шанба куни Деҳли полицияси вазирликлар жойлашган кўчаларни ўраб олган.

Бир қанча метро станциялари ёпилган, полиция одамларни шаҳар марказига келмасликка чақирган.

Кўчаларга юзлаб полиция ходимлари чиқарилган, уларнинг кўпчилиги аёл полициячилардир. Деҳли марказида бешдан ортиқ киши йиғилиши тақиқланган. Би-би-си мухбирининг айтишича, эрта тонгдан юздан ортиқ кишилар намойиш ўтказишга рухсат этилган Жантар Мантар туманига тўпланишган.

Намойишчилардан бири қизнинг ўлимида ҳукуматни айблаган, "ҳукумат Деҳлида аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун етарли иш қилмаяпти", деб айтган у.

Намойишдаги плакатлардан бирида "Бизга сизнинг ҳамдардлигингиз керак эмас! Биз сизнинг сохта туйғуларингизга зор эмасмиз! Биз жинсий зўравонликка қарши мустаҳкам қонунларни талаб қиламиз!" деб ёзилган.

Деҳли бош вазири Шила Дикшит зўрланган қизнинг ўлими "мамлакат тарихидаги шармандали ҳолат" эканини айтган. Дикшит хоним намойишчиларга мурожаат қилмоқчи бўлганда уни қичқириб ҳайдашган.

Намойишлар шунингдек бошқа шаҳарларда, жумладан Калкутта ва Бомбейда ҳам бўлиб ўтган.

Ҳукумат жиноятни содир этганларнинг исми-шарифи ва фотосуратларини махсус интернет сайтида чоп этишни мўлжалламоқда.

Айни пайтда икки махсус қўмита ушбу жиноят иши билан шуғулланаётгани билдирилади.

Бироқ Ҳиндистоннинг кўпчилик аҳолиси зўрлашда айбланаётганларга бир умрлик қамоқ жазоси берилган тақдирда ҳам, бу улар учун етарли жазо эмас деб ҳисоблашмоқда.

Намойишчилар ҳам қизни шафқатсиз зўрлаганларга ўлим жазоси беришни талаб қилишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.