BBC navigation

Миср президенти: 'Исроил ҳаво ҳужумлари бугун кечда тинади'

Сўнгги янгиланиш 20 ноябр 2012 - 15:05 GMT

Президент Муҳаммад Мурсийнинг айтишича, Исроилнинг Ғазо бўлгасини нишонга олган ҳужумлари сешанба куни кечга яқин тинишига умид қилмоқда.

Ҳаво ҳужумлари бугун - бир ҳафтадирки давом этмоқда ва аллақачон юздан ортиқ фаластинликнинг умрига зомин бўлган. Исроил томонидан эса, шу пайтгача уч киши қурбон бўлган.

Миср урушаётган икки томонни яраштиришга уринмоқда.

Исроил Қоҳирада бўлиб ўтаётган тинчлик музокараларига имкон бериш учун бўлгага бостириб кириш режаларини тўхтатиб туришини эълон қилганди.

Сўнгги янгилик Исроил томонининг ушбу баёноти ортидан янграмоқда.

Можаро ўтган чоршанба куни - Исроил ҲАМАС қуролли қаноти раҳбарини ўлдириши ортидан бошланиб кетганди.

Исроил бўлгадаги жангариларнинг ўз шаҳарларини нишонга олаётган ҳужумларига чек қўйиш истагида бу ишга қўл урганини айтганди.

Маҳаллий журналистларнинг хабар беришларича, ҲАМАС Исроил томонига жосуслик қилишда айблаб, сешанба куни олти кишини қатл этган.

Бугун Ғазо бўлгасидан Исроилга қарата 100 га яқин ракета отилган. Лекин элликдан ортиғи Исроилнинг ракетадан мудофаа тизими томонидан тутиб қолинган.

Хабарларга кўра, бориб тушган ракеталар ҳам на-да мулкий ва на-да инсоний талофатларга сабаб бўлган.

Мисрнинг ярашув режаси тафсилотлари маълум эмас. Аммо Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам ўз таклифларини тақдим этишган.

Исроил Ғазодан ҳар қандай ҳужумларга чек қўйилиши ва халқаро ҳамжамиятдан ҲАМАСнинг қайта қуролланишига йўл қўймасликни талаб этмоқда.

ҲАМАС томонига кўра, Ғазо қамали бекор қилиниб, Исроилнинг "суиқасдлари" барҳам топиши шарт.

Ўтган тун

Ўтган тун эса, Исроил ҳаводан туриб, Ғазо бўлгасига қарата яна 100 га яқин ҳужум уюштирган.

Уларга кўра, ҳужумлар чоғида ракета отувчи ускуналар ва ерости йўллари нишонга олинган.

Сешанба куни бўлгадаги жангариларнинг Исроил шаҳарларини нишонга олган ракета ҳужумлари давом этган. Аммо талофатларга сабаб бўлмаган.

ҲАМАС мулозимларига кўра, ўтган чоршанба кунидан буён Исроилнинг рейдларида 110 фаластинлик қурбон бўлган.

Жангариларнинг ракета ҳужумларида эса, шу пайтгача жаъми уч нафар исроиллик ҳалок бўлган.

Музокаралар

Исроил лидерлари ўтган тун Миср томонидан икки томонни яраштиришга қаратилган таклифларни кўриб чиқишган.

Тинчлик музокараларининг ўзи эса, бугун бошланган.

Жорий пайтда ўзаро чегарада катта сондаги Исроил қўшинлари кўзга ташланади.

Бу - Исроил томонидан бундан тўрт йил бурун бўлгага уюштирилган ҳарбий амалиётлар қайталанмасмикан, деган хавотирларни пайдо қилган.

Аммо, Исроил томонига кўра, оташкесинга оид музокаралар давом этаркан, бу каби эҳтимол назардан соқит этилади.

Исроил ҳукумати матбуот воизининг маълум қилишича, Исроил Бош вазири телефон орқали ушбу масалани АҚШ Президенти Барак Обама билан ҳам гаплашиб олган.

"Исроил музокараларнинг иш беришига кўз тикмоқда. Аммо биз Ғазога бостириб киришга тайёрмиз", деб айтган матбуот воизи.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам Исроил билан мавжуд инқирозни муҳокама этиб олмоқчи.

Ўз ўрнида, Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши томонларни ҳужумларга чек қўйиб, Ғазодаги жарбдийдаларнинг аҳволларига эътибор қаратишга ундовчи баёнотни кўриб чиқмоқда.

Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун эса, бугун сешанба куни Араб Лигаси раҳбари Набил ал-Арабий билан учрашади.

"Шахсан зўравонликларга чек қўйишга ундаш ва оташкесинга эришишда ўз ҳиссамни қўшиш учун мен бу ердаман. Бундан ташқари, яқинлари можароларда қурбон бўлган оилаларга чин дилдан таъзияларимни изҳор этиш учун ҳам минтақага сафар қилдим", деб айтган жаноб Пан қўшма матбуот анжумани чоғида.

Бирлашган Миллатлар Бош котиби бугун кечроқ Исроилга сафар қилади. У Исроил томонини Ғазо бўлгасига бостириб кирмаслик билан огоҳлантирмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.