Бағдоддаги портлаш 30га яқин одамнинг умрига зомин бўлди

Сўнгги янгиланиш 27 январ 2012 - 09:30 GMT

Ироқ расмийларига кўра, пойтахт Бағдодда автомобилда ўрнатиб кетилган бомбанинг портлаши оқибатида 30га яқин одам нобуд бўлган.

Шифокорлардан бирининг матбуотга айтишича, ҳодиса шаҳар шарқидаги касалхона ташқарисида жаноза маросимига яқин жойда юз берган.

Ички ишлар вазири расмийси худкуш ҳужумчи портловчи воситаларни маҳаллий вақт билан 11:00ларда ишга солганини маълум қилган.

Яқин йилларда Ироқда зўравонликлар камайган, бироқ ўтган ой Қўшма Штатлар қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг ҳужумлар сони ортган.

Жума куни Зафрония мавзеъсида амалга оширилган портлашда бир кун олдин рафиқаси ва ўғли билан бирга ўлдирилган Муҳаммад ал-Маликий исмли шахснинг жанозасини нишонга олгани хабар қилинади.

Уй-жой тижорати билан шуғулланган Муҳаммад ал-Маликий ва унинг оиласига суиқасд Бағдод ғарбидаги Ярмук маҳалласида амалга оширилганди.

Бугунги портлаш жаноб Маликийнинг жасади дафн этиш учун олиб кетилаётган пайт рўй берган.

У ва оиласи қандай шароитда ўлдирилгани тафсилотлари берилмайди, аммо аввалроқ келган хабарларда пайшанба куни Ярмукдаги уй-жой олди-сотди идорасига қуролли ҳужумда уч киши нобуд бўлгани айтилганди.

Бағдод жанубида пайшанба куни амалга оширилган бомба ҳужумларида яна 13 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Киркукда эса, уч инсон ўлдирилган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.