Ўгай укам Ричарднинг Салоҳиддин исмли исломий ақидапарастга айланганини газета орқали билдим.
Мақола "Британиядаги энг хавфли одам", Анжем Чаудрий ҳақида эди. У ҳозир Британияда тақиқланган Islam4UK исломий гуруҳи раҳбари эди. Гуруҳ Буюк Британия бўйлаб шарият қонунларини жорий этишни мақсад қилганди.
Бир неча суратлар тагида Ричарднинг исми ва у билан бирга катта бўлган шаҳарчамиз - Дорсет графлигидаги Веймоут битилганди.
Афтидан у Чаудрийнинг энг янги ўқувчиларидан бири эди.
Оилани ларзага солган хабар
Ота-онамиз 1992 йилда турмуш қуришган ва биз биргаликда Дорсетда вояга етгандик. Ричард Лондонга беш йил муқаддам кўчиб ўтганди. Ва шу билан оила аъзолари бир-биридан узоқлаша бошлади.
Аммо, орадан анча вақтдан сўнг, 2008 йилда биз Қибрисда оилавий таътилни бирга ўтказдик. Икки ҳафта бир хонада турдик ва соҳилда волейбол ўйнадик.
Бир йил ўтиб эса, у мамлакат бўйлаб чиқадиган газеталардан бирида Ислом учун хорижга бориб жанг қилиш истагида экани ҳақида гапирарди.
Оиламиз ушбу хабардан ларзага тушганди. Ўшангача ҳеч ким бу ҳақда билмаганди ва бу биз учун жуда катта нарса эди. Шундан сўнг, мен айнан шу мавзуда ҳужжатли филм ишлашга қарор қилдим.
Бир неча ҳафтадан сўнг то укам билан юз кўришмагунимча бунга ишониб ишонмай юрдим.
Мен Веймоутдан Лондон шарқига келдим ва уни метро бекатларидан бири ташқарисида учрашдим.
У исломий чакмон кийган ва ҳайратланарли даражада узунгина сақол қўйганди.
"Шарият жорий этиладиган бўлса, ушбу барча ифлосликлар, барча мункарлар йўқ бўлади", деди у такаббурлик билан атрофга назар соларкан.
У ўзининг атрофидаги нарсалардан жирканарди.
Ва ниҳоят биз унинг квартирасига йўл олдик. У ерда шарият қонунлари, жаҳаннам ва аксар мусулмонларнинг нотўғри йўлга бошлангани ҳақида 5 соат гаплашдик.
Мен унинг мияси булғанганига ишонган ҳолда уйга қайтдим. Аммо, қайта - қайта ўзимдан бу қандай юз берди ва нима учун деган саволни сўрардим.
Ва бу саволга жавоб топиш ҳамон мушкул.
Ричард менга қачон бунчалар кескин ўзгаришга қарор қилганини айтмади.
Иккаламизнинг ҳам болалагимиз рисоладагидек кечган.
Кўп одамлар каби Ричард ҳам она шаҳримизни дунёга келишдан мақсадлар ҳақида кўпроқ нарса билиш ва ҳаётдан кўпроқ мазмун топиш умидида тарк этган ва диннинг ўта қаттиққўл кўринишига дуч келганди.
Ғарбдаги жамиятдан хафсаласи пир бўлганлик кайфиятлари Ричард ва унинг "биродарлари" орасида анчайин яққолроқ кўзга ташланарди.
Абдул Деан опаси 18 ёшида ортиқча гиёҳванд қабул қилиши ортидан ҳаётдан кўз юмганидан сўнг Исломни қабул қилган яна бир ғарблик.
Закариё эса, бир пайтлар Чарльс исмли мусиқачи бўлган. У Қўшма Штатлар Президенти Жорж Буш билан 11 сентябр ҳужумларида боғлиқлик тополмайди.
"Кулгули туюлади, аммо мени Ислом ҳақида ўқишимга туртки берган - Жорж Буш эди. У сиз ё биз билансиз ёки йўқ, деганди. Ва мен у билан бирга эмасман, дея кўнглимдан ўтказгандим", дейди Закариё.
Мен илк бор ҳужжатли филм олишни бошлар эканман, Ричарднинг гуруҳи менга шубҳа, адоват билан қараши ва совуқ муносабат қилишини кутгандим.
Матбуотда улар мияси булғанган, юраги нафратга тўла, ақлдан озган одамлар сифатида тасвирланади.
Бироқ, мени ҳайратлантиргани бу одамларнинг кўплари бениҳоя хушфеъл, одамшаванда ва ҳатто кулгули эдилар.
Аммо, Ричард бир неча ойдан беригина мусулмон бўлгани учун ҳамма нарса менда бўлгани каби унинг учун ҳам янги эди.
У Исломий қонун-қоидаларига биноан нимани қилиш мумкину нима маън этилганини тўлиқ билмас эди ва мунтазам қўрқув ичида яшарди.
Мен каби мусулмон бўлмаганлар билан қандай муносабат қилиш ҳам ана шундай мавҳум нуқталардан бири эди. Шунинг учун, муносабатларимизда кўпроқ расмиятчилик топардим.
Ричард менга: "Аллоҳ Қуръонда динсизларни дўст ва ёрдамчи тутманглар, чунки улар сизни нотўғри йўлга бошлайдилар, деб айтган", деди.
'Оғриқли ҳоллар'
У борган сари анча ўзини эркин тута бошлади ва бирга чақчақлашиб, кулишиб ўтирган пайтларимиз кўп бўлди.
Аммо, унинг ашаддий мутаассиб қарашлари ҳар доим юзада турарди.
Ҳайратда қотадиган ва кўнгилни оғритадиган дақиқалар ҳам бўлди. Бирда Ричард менинг қўлимни сиқиб кўришмаслигини, чунки мен "ифлос кофир" эканимни айтди. 11 сентябр куги мен унинг "биродарлари" омма олдида Америка байроғини ёққанларини томоша қилдим.
Лекин, ҳужжатли филм олишни бошлаганидан бери умидбахш дамлар ҳам бўлди. Мен яқинда Ричард билан яна учрашдим. Унга менинг филмимни олдиндан кўриш имконияти берилганди.
У аралаш ҳиссиётлар қўйнида эди. Гапимиз тугаганидан сўнг, машинамга ўтирдим ва у мен томон қайтиб келаётганини кўрдим.
Машинани ўчириб, ундан тушдим. Ричард қўлимни сиқиб хайрлашаркан: "Кечир, қўлни сиқмаслик ҳақидаги гап учун. Мен ҳақоратлаш ниятида эмас эдим", деди.
Юзимда табассум билан машинамни ҳайдаб кетдим. Ҳатто, қисқагина қўл сиқишиш билан ҳам нималардир ўзгариши мумкинлигини билиш кўнгилга таскин берарди.
Yusuf, Rossiya
Men bu insonni juda ham hissiyotga berilgan, Islom dini haqida to'liq ma'lumotga ega bo'lmagan odam, deb bilaman. Bu birodarimiz Islom dinini yaxshi o'rganishi kerak, deb bilaman.
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар
BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.
Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.