Ўзбек давлат органларига матбуот хизматлари керакми?

  • 27 Август 2014

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишларича, Адлия вазирлиги давлат идора-ташкилотлари фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида анжуман уюштирган, у ерда матбуот сўрови 7 кун ичида қондирилиши лозимлиги эслатилган.

Тошкентдаги анжуманга "Очиқликнинг ҳуқуқий асослари" деб ном берилган.

У ерда Ўзбекистоннинг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳақида"ги қонунида журналистлар учун нималар, давлат амалдорлари учун нималар кўзда тутилгани йиғилганларга эслатилган.

Жамоатчилик манфаатига хизмат қиладиган ахборотни тарқатишда давлат идора ва ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг роли қандай бўлиши таъкидланган.

Адлия вазирлигидаги анжуманда "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳақида"ги қонунда оммавий ахборот воситасининг ахборот сўровига етти иш куни мобайнида жавоб қайтариш лозимлиги қайд этилгани айтилган.

Бироқ Ўзбекистондаги вазиятни яхши биладиган маҳаллий ва хорижий кузатувчилар фикрича, охирги йиллардаги айрим ҳаракатларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлиб қолмоқда.

Мамлакат ичкарисида фаолият юритадиган оммавий ахборот воситалари фаолиятини чеклаш ҳаракатлари Ўзбекистонда Гуржистондаги "атиргул инқилоби"дан сўнг бошланганлиги айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларини Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтказишга қарор қилинган.

Матбуотга кўмаклашувчи халқаро нодавлат ташкилотларининг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилган.

Хусусан, туман ва шаҳарларда фаолият юритадиган мустақил радио ва телевидениеларга техник ёрдам бериб келган "Интерньюс" ходимларига нисбатан жиноят иши очилган.

Қатор нашрлар, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари Ўзбекистон қонунчилигини бузиш айблови билан ёпилган.

Президент Ислом Каримовнинг 2005 йил Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистон Бош прокуратурасига кутилмаганда кириб келиб саволларга жавоб қайтариши хорижий журналистлар билан энг сўнгги мулоқоти бўлган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бармоқ билан санарли хорижий оммавий ахборот воситаларининг ходимлари аккредитациядан ўтказилганлар.

Чет эллик журналистларнинг аккредитация олиш ва Ўзбекистонга кириб фаолият юритиш мақсадидаги уринишлари сўнгги йилларда жавобсиз қолдириб келинади.

Би-би-си мухбири Наталия Антелава, бошқа қатор журналистлар Тошкент аэропортидан ортга қайтариб юборилганлар.

Ўзбекистонда юз берган ҳодиса юзасидан ишончли, ҳаққоний ахборотга эга бўлиш мақсадида барча оммавий ахборот воситалари сингари Би-би-си ҳам Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий Хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва республиканинг бошқа масъул идоралари матбуот хизматларига тез-тез мурожаат қилишига тўғри келади.

Шуни таъкидлаш керакки, телефон гўшакларини умуман кўтармаслик Ўзбекистон матбуот хизматлари учун оддий ҳолат.

Гўшакни кўтарган ходим ҳам кўпинча Ички ишлар вазирлиги ёхуд Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматларида бўлгани каби "бу хонага бир иш билан кириб қолган бўлади".

Баъзи матбуот хизматларининг ўз исми-шарифи ва лавозимини айтишни раво кўрмайдиган ходимлари эса Ўзбекистонда "аккредитациядан ўтмаганингиз учун" ахборот беришдан бош тортади.

Баъзан матбуот хизматларининг тўғрисўз "сиз билан гаплашганим учун ишимдан айрилиб қолишни хоҳламайман", дейдиган ходимлари ҳам топилиб қолади.

Шундай ҳолатда Адлия вазирлиги ўтказган тадбирнинг иш бериши анча даргумон, дейишмоқда мустақил кузатувчилар.