Тошкентда "Тахта бозор" ҳам ёниб кетди

  • 18 Август 2014
"Тахта бозори" пойтахтдаги қурилиш ишлари учун муҳим манбадир

Тошкент Халқа автомобил йўли бўйида жойлашган "Тахта бозор" якшанбадан душанбага ўтар кечаси маҳаллий соат 02:24да ёниб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, «HELPING REALIZATSION» масъулияти чекланган жамият ҳудудида жойлашган ёғоч материаллар бозорида оловдан нотўғри фойдаланиш оқибатида ёнғин келиб чиққан.

Расмий маълумотда, шунингдек, ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришгани, инсоний талафотлар ёки жароҳат олганлар йўқлиги айтилади.

Бироқ, ёнғин оқибатида 300 квадрат метр миқдорда тахта ёниб кетган. Ҳозирда етказилган зарар кўлами аниқланмоқда.

"Тахта бозор" Тошкент шаҳрининг шимоли-ғарбида, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган.

Ўтган бир ҳафта ичида бу Тошкент вилояти бозорларида юз берган илк ёнғин эмас.

11 августдан 12 августга ўтар кечаси Тошкент Халқа йўли бўйида жойлашган яна бир бозор - "Чинни бозор"да ҳам йирик ёнғин чиққан. Ички ишлар вазирлиги унда 20та савдо нуқтасига шикаст етказилганини айтган, аммо газета.уз сайтига кўра, аслида бу сон 150 атрофида бўлиши мумкин.

Сизнинг "Тахта бозори"да растангиз борми? Ёки унда савдо қиладиган таниш ё дўстларингиз борми? Бўлса, бизга хабар беринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02