Матбуот ҳокимиятларни очиқликка чақирди

  • 18 Август 2014
  • изоҳлар
Ўзбек вебсайтлари ҳокимиятларни очиқликка чақирди

Ўзбекистонда веб саҳифалар ҳокимиятларни аҳоли билан мулоқот қилишдан қўрқмасликка чақирди. Gazeta.uz ва kun.uz сайтлари аҳоли пойтахтдаги энг муҳим ўзгаришларни миш-мишлар ва ижтимоий тармоқлар орқали бохабар бўлаётганини ёзган. Тошкент шаҳар ҳокимияти ушбу таклифларда жон борлигини билдирди. Мустақил кузатувчилар эса муаммо бошқа ташкилотларда эканлигини айтишмоқда.

Gazeta.uz ва kun.uz сайтлари Тошкент шаҳри йўлларидаги таъмирлаш ишлари ва байрам тадбирлари туфайли йўлларнинг ёпилгани ҳақида олдиндан огоҳлантиришлар йўқлигини ёзишган ва йўл белгилари қўйилса маъқул иш бўлишини билдиришган.

Кўпроқ хоҳиш ва истак руҳида ёзилган хабарда ҳайдовчиларни огоҳлантириш борасида хориж шаҳарларида ишлар яхши йўлга қўйилгани айтилади ва бу нарса Ўзбекистонда ҳам бўлишига умид билдирилган.

Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи ҳаваскор ҳайдовчи Бахтиёр ака йўлларнинг таъмиирлаш ёки бошқа сабаб билан ёпилишини олдиндан билиш ҳайдовчиларга қулайлик туғдиришини айтди.

“Бир жойга кетаётган одам олдинроқ билса, ўша йўлни айланиб ўтиш учун ҳисобини олади”, - дейди Бахтиёр ака.

Тошкент шаҳар ҳокимияти Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов Би-би-си билан суҳбатда веб саҳифалари яхши таклиф беришганини билдирди.

“Тўғри-нотўғри гап йўқ, у ерда фақат таклиф бор. Жудаям яхши таклиф, биз қўллаб қувватлаймиз. Аста секинлик билан шу нарсага ўтишимиз керак. Бу фақат ҳокимият сайти билан боғлиқ эмас, балки йўл қурилиши ёки бошқа ташкилот сайтлари билан боғлиқ нарса. Ўзимиздаги хабардорликни кучайтиришга талаб қиладиган нарса бу”, - дейди Ҳусан Эрматов.

“Бу ҳокимиятнинг иши эмас”

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов пойтахтда автомобиль бошқариш жараёнида огоҳлантиришларсиз йўлларнинг ёпиб қўйилиш ҳолларига кўп бора дуч келишини билдирди.

“Бунақа ҳолатга жуда кўп тушаман. Бу бўйича Ўзавтойўл ва ДАН ҳамда ҳокимият идораларининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб хабар қолдирганман. Лекин бунинг ҳаммасини ҳайдовчилар ва журналистларнинг фаоллиги билан енгиб бўлмайди”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналистга кўра, йўл соҳасидаги фаолият олиб борувчи Ўзавтойўл ташкилотининг матбуот хизмати қилган ишлари бўйича журналистлар олдига чиқиб ҳисобот бермайди.

Ваҳоланки, Ўзбекистонда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва қуриш учун давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилади.

“Уларнинг бир тизими бўлиши керак. Йўл таъмирланаётгани борасида огоҳлантирадиган бригадалари бўлиши ва ҳокимиятларга етказиб бериши лозим. Йўл қаерда таъмирланаётган экан, деб излаб юришга ҳокимиятнинг ортиқча ходими йўқ-ку. Йўл таъмирлаётган одамнинг ўзи бу ҳақда хабар бериши керак. Уларнинг тизими ишлаши керак”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ташановга кўра, телевидение орқали йўлларни танқид қилишга қаратилган кўрсатув қўйилган ва унда ҳам йўл қурувчилар қолиб ҳокимият танқид қилинган.

Журналист масъул вазирлик ёки агентликлар қолиб фақат ҳокимиятларнинг танқид қилинишига эътибор қаратди.

Тошкент шаҳар ҳокимиятида ишловчи ва исми сир қолишини билдирган манбаанинг таъкидлашича, маҳаллий матбуотда сўнгги вақтларда бўлиниш юзага келган. Танқидларнинг фақат ҳокимиятга қаратилиши замирида бирор мақсад ётган бўлиши мумкин.

Шодиёр Сайф, Би-би-си, Олма ота

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02