Швейцария 'музлатган' пулларини Ўзбекистонга қайтарадими?

  • 4 Август 2014

Ўзбекистон матбуоти хабарларига кўра, бу мамлакат ҳукумати Швейцарияни офшор ҳудудлар мамлакатлар рўйхатидан чиқарган.

Хабарларга кура, Ўзбекистон Солиқ ва Божхона қўмиталари, Ўзбекистон Марказий Банки жисмоний ва юридик шахсларнинг валюта операциялари қонунийлигини мониторинг қилишга тааллуқли қарорни имзолаганлар.

Бу билан Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Швейцария ҳукумати ўртасидаги шартнома ижросига эришилган.

Ўзбекистон матбуоти шу йилнинг 1 июлида Ўзбекистон ва Швейцария Федерал кенгаши ўртасидаги битимга ўзгартириш киритиш протоколи имзолангани ҳақида хабар тарқатган.

Бу шартнома икки томонлама солиққа тортиш олдини олиш мақсадини кўзлагани айтилган.

Швейцарияда Ўзбекистон фуқароларига тегишли бир неча юз миллион долларлик маблағлар музлатилган ва прокурорлар "пул ювиш" гумони билан тергов бошлаганлар.

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги қарори нимани англатади?

Ушбу саволни Би-би-си Швейцарияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксановга берди.

Алишер Таксанов: Менинг ўйлашимча, бу Швейцария банкларида "музлатиб қўйилган" маблағларни қутқариб қолиш мақсадидаги бир неча юришдан таркиб топган йўл. Ҳеч кимга сир эмас, Швейцарияда юзлаб миллион доллар пуллар коррупция алдам-қалдамларига боғлиқлик гумони билан "музлатиб қўйилган" эди. Афтидан, оврўполик ва америкалик расмийларнинг Тошкентга кўпдан-кўп сафарлари мобайнида Ўзбекистон Швейцарияда "музлатиб қўйилган" маблағларни қайтариш талабини ҳам қўйган, бунинг учун эса бир неча шартларни бажариш талаб қилинган. Маблағларни Ўзбекистонга қайтариш эвазига Оврўпо, авваламбор, барча молиявий ва валютага доир масалаларни шаффофлаштириш талабини қўйган. Маълумки, Ўзбекистон ўзининг хориждаги молиявий амалиётларини жамоатчиликка ошкор қилмайди. Бу масалалар шаффоф эмас ва молиявий ресурслар нимага сарфланаётганини кўпчилик билмайди. Молиявий найранглар фош бўлиб қолганидан кейин, табиийки, Швейцария маблағларни ортга қайтаришнинг биринчи талаби қилиб икки мамлакатлар ўртасида шартнома имзолаш талабини қўйган. Бу шартнома ўзбекистонлик жисмоний ва юридик шахслар амалга ошираётган валюта амалиётлари қонунга мос экани устидан мониторинг юритишни назарда тутган. Бу билан Ўзбекистон ўзининг молиявий операцияларини шаффофлаштираяпти, ва шу билан бу валюта амалиётлари легитим эканини тасдиқлаган бўлади. Бу ерда Ўзбекистон коррупцияга ботган амалдорлари катта миқдордаги маблағларни яширинча четга олиб чиқишларининг олдини олишдан манфаатдор эканини ҳам таъкидлаш лозим. Мана яқинда кўп сондаги Миллий Хавфсизлик хизмати, Божхона ва Солиқ қўмиталари ходимлари ҳибсга олинганлари ҳақида хабарлар тарқалди. Балки улар мана шу маблағларни четга олиб чиқиш ва Швейцарияда сақлашни таъминлашга алоқадор деб кўрилишлари мумкин. Энди эса Швейцария Ўзбекистон учун оффшор зона бўлмай қолади. Маълумки, оффшор ҳудуд солиқ ва бошқа молиявий операциялар бўйича шаффофлик талаб қилинмайдиган ёпиқ ҳудуд ҳисобланади. Энди эса Швейцария Ўзбекистонга валютавий операциялар билан боғлиқ маълумотларни тақдим қила бошлайди ва Ўзбекистон қайси фуқароси қанча маблағни Швейцария банкларида сақлаётганидан бохабар бўлади. Мен буни шахмат ўйинидаги бир неча юришдан иборат йўл, дедим. Бу биринчи йўл. Иккинчиси, хабарингиз бор, май ойида Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакян коррупция найрангларида айбдорлик билан жазоларга тортилди. Ҳойнаҳой, ташқарига маблағ олиб чиққан асосий "айбдорлар" шу иккови бўлган. Гулнора Каримованинг айби йўқ. Ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистон коррупцияда айбдор кўрилган шахсларни жазога тортди ва энди "музлатилган" маблағларни ортга қайтариш мумкинми ёки йўқми деган саволга, "албатта, мумкин", деб жавоб қайтариш имконияти туғилди. Учинчи қадам Ўзбекистон олдига қўйилган шартларни бажариш талаб қилинади ва бунинг эвазига эса, менинг фикримча, шу йил охирига бориб маблағлар Швейцариядан Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин.

САВОЛ: Ҳозир Швейцария прокурорлари "пул ювиш" гумони билан тергов олиб боришаяпти. Нима деб ўйлайсиз, мана бу сўнгги янгилик Швейцариядаги терговга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Алишер Таксанов: Швейцария прокуратураси бу пуллар қонуний йўллар билан топилмаган пуллар эканини жуда яхши билади ва Ўзбекистон тарафида бу маблағлар машруъ эканини тасдиқлайдиган исбот-далил йўқлигини ҳам яхши англашади. Лекин ҳозир Марказий Осиёда "катта ўйин" кетаётганини биз яхши биламиз. Каримов ҳам Оврўпога ва ҳам Америкага минтақадаги Россия таъсирига қарши куч сифатида муҳим. Афғонистондаги амалиётларнинг дастакловчиси сифатида керак. Шу маънода улар Президент Каримовни дастаклашади. Бунинг учун, мен юқорида айтганимдек, Ўзбекистон олдига муайян шартларни илгари суришган. Балки ҳукуматлар аллақачон ўзаро келишиб олгандир, бироқ прокурорлар сукут сақлашмоқда, терговда қандай илгари силжишлар бўлгани-бўлмагани жамоатчиликка қоронғу.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ