Ўзбекистон Роғун ГЭСининг қурилишига яна қарши чиқди

  • 4 Август 2014
335 метр баландликда Роғун қуриладиган бўлса, дунёда энг баланд ГЭС бўлиши мумкин

Ўзбекистон Бош вазирининг муовини Рустам Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳеч қачон Тожикистонда Роғун ГЭСини қуриш режасини қўллаб-қувватламайди.

Бу ҳақда жаноб Азимов Олма-Ота шаҳрида 18 июлда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатларининг ҳукумат вакиллари учрашуви чоғида маълум қилган.

Ўзбекистондаги расмий ахборот воситалари Рустам Азимовнинг баёнотини орадан икки ҳафта ўтиб нашр этганлар.

"Ўзбекистон Республикаси ҳеч қандай ҳолатда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламайди", - деб айтган Рустам Азимов.

Ўзбек мулозими мамлакатининг Роғун ГЭСини қуриш лойиҳасига қарши чиқиши омилларини санаб ўтган.

У ГЭСини қуриш лойиҳаси "халқаро хавфсизлик стандартлари"га мос келмаслиги ва унда техник экспертиза шартлари инобатга олинмаганини айтган.

Қолаверса, Ўзбекистон Бош вазири муовинига кўра, Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси 44 йил муқаддам ишлаб чиқилган ва у бугунги талабларга жавоб бермайди.

Бундан ташқари Рустам Азимов Роғун ГЭСи тез-тез зилзила бўлиб турадиган қурилиши хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини таъкидлаган.

Бироқ халқаро мутахассислар ҳисоботига кўра, Роғун лойиҳаси Марказий Осиё яшаш муҳитига хатар туғдирмайди ва бу масалада Ўзбекистон хавотирлари асоссиздир.

"Жавобни кузда берамиз"

Олма-Ота шаҳрида бўлиб ўтган анжуман ортидан журналистларга гапирган Тожикистон Молия вазирининг биринчи муовини Жамолиддин Нуралиев халқаро мутахассислар ҳисоботи Марказий Осиё мамлакатлари назарлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда тайёрланганини айтган.

Унинг илова қилишича, якуний хулосалар сентябр ойида нашр этилади.

"Ана ундан кейин Роғун ГЭСини қуриш бўйича ниҳоий қарор олинади," - деб айтган Жамолиддин Нуралиев.

2012 йил ёзида Жаҳон Банки талаби асосида Роғун ГЭСини қуриш ишлари халқаро текширувлар ниҳоя топгунга қадар бутунлай тўхтатилган ва у ерда меҳнат қилаётган беш минг ишчи таътилга чиқарилган эди.

3,6 гигаваттлик Роғун лойиҳасига доир ишлар 1976 йил бошланган, лекин Совет Иттифоқи тугагач, амалга ошмаган эди.

Кузатувчилар халқаро экспертлар Роғуннинг қурилишига тўсқинлик қилувчи ҳеч қандай муаммо йўқлигини эътироф этган тақдирда ҳам Ўзбекистон унинг қурилишига тиш тирноғи билан қарши бўлишда давом этавериши мумкинлигини тахмин қилишади.

Бундай бўлишига мамлакат президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида бир неча маротаба ишора қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ