"Ўзбекистон аҳолисининг 76 фоиздан кўпроғи қашшоқликда кун кечиради"

  • 5 Август 2014
Бир неча миллион ўзбекистонлик хорижда меҳнат қилиб, оила тебратади

Ўзбекистон аҳолисининг 76 фоиздан кўпроғи қашшоқликда кун кечиради.

"Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал индекс" (The Economist Intelligence Unit) муаллифлари ана шундай хулосага келганлар.

Ушбу индекс ҳар йили Британиянинг нуфузли "Экономист" (The Economist) нашри таҳлилчилари томонидан тайёрланади.

Уларга кўра, бу дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

"Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал индекс" дунёнинг 109 мамлакатини ўз ичига олган.

Ўзбекистон, қайд этган кўрсаткичлари бўйича, рўйхатнинг 73 ўрнига қўйилган.

Унда дунёдаги озиқ-овқат хавфсизлиги даражаси уч омилга асосланган ҳолда таҳлил қилинади: биринчиси, аҳолининг озиқ-овқат сотиб олиш салоҳияти; иккинчиси, озиқ-овқат ишлаб чиқариш; ва учинчиси, озиқ-овқат заҳираси ва сифати.

Биринчи омил, яъни аҳолининг озиқ-овқат сотиб олиш салоҳияти бўйича, Ўзбекистон дунёнинг энг йўқсил мамлакатлари сирасига киритилган.

Жаҳон тажрибасида 1 инсоннинг бир кунда топган даромади 2 доллардан кам бўлса, у қашшоқ деб кўрилади.

Айни халқаро тасниф бўйича Ўзбекистон аҳолисининг 76,7 фоизи қашшоқликда кун кўради.

Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича Африка қитъасидаги Нигер ва Мали каби энг йўқсил мамлакатлар қаторига қўйилган.

Аммо озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва заҳира қилиш бўйича Ўзбекистон яхши кўрсаткичларни қайд этган.

"Глобал индекс" хулосаларига таяналадиган бўлса, Ўзбекистон ҳозирда етарли озиқ-овқат ишлаб чиқаради, аммо фуқароларнинг аксарида етарли миқдорда озиқ-овқат сотиб олишга моддий имкон йўқ.

Бироқ Ўзбекистон расмий статистик рақамларига қараладиган бўлса, мамлакат "Буюк келажак" шахдам қадам ташламоқда ва аҳоли фаровонлиги ортиб бормоқда.

Қашшоқми ёки кам таъминланган?

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда минимал маош 1994 йилдан 2014 йилга қадар 1373 маротиба ортган.

Бироқ, Ўзбекистонда аҳолининг қанча қисми қашшоқликда яшаши ҳақидаги статистик маълумотлар давлат сири сифатида кўрилади.

Мамлакатнинг миллионлаб фуқаролари хориждан даромад топишга мажбур этилган.

Ўзбекистон матбуотида "қашшоқ оила", деб ёзиш тақиқланган.

Бу ибора ўрнига журналистларга "кам таъминланган оила" ёки "эҳтиёжманд оила" деб ёзиш маслаҳати берилади.

Мансабдорларнинг иқтисодий ўсиш ёки аҳоли фаровонлиги ошгани ҳақида келтирадиган рақамлари мустақил таҳлилчилар томонидан доимо савол остига олинади.

Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, охирги пайтда Тошкентда кичик бир оиланинг истеъмол савати камида 300 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Нафақа ва ижтимоий ёрдам охирги йилларда маҳалла кенгашлари орқали белгиланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ