АҚШ Ўзбекистонда 'қулликни' текширади

  • 26 Июл 2014
Ўзбекистонда болалар ўрнида энди муаллим ва шифокорлар далага ҳайдалмоқда

"АҚШ вакиллари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳамон давом этаяптими, деган саволга жавоб излашмоқда".

Тошкентда АҚШ Меҳнат вазирлиги вакиллари билан учрашган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари айни ҳайъат мақсадини ана шундай ифодалади.

"Ҳайъат вакиллари Ўзбекистонда болаларни пахта ишларига мажбурлаш давом этаётгани ҳақидаги ҳисоботни кўрсатишди" - дейди учрашувда бўлган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева - "Энди улар бу ҳисоботни Пахта Кампаниясига жўнатишмоқчи".

Суҳбатдошимизга кўра, америкалик мулозимлар ҳозир айрим вилоятларга бориб, пахтазорларда кимлар ишлаётганини текширишмоқчи.

Ўзбек фаолларининг айтишича, болаларга оид аҳвол бироз яхшиланган, аммо бошқа жабҳада вазият ёмонлашиб кетмоқда. Хусусан, ёз пайти ўқитувчи ва шифокорлар ўтоқ ҳамда ягана ишларига, кузда эса пахта теримига мажбурланмоқда.

"Ҳозир шифокор, ўқитувчи ва тужжорлар мажбуран дала ишларига ҳайдалмоқда" - давом этади Урлаева хоним - "Мактабда ўқитувчи, касалхонада шифокор етишмай, болалар билимсиз, касаллар тиббий ёрдамсиз қолишади".

"Одам топиб беролмасанг, керак бўлса, ҳокимлар районо мудирлари ё директорларни калтаклашади ҳам" - дейди исмини айтишни истамаган бир муаллим.

"Кўз ўнгимда катталар бир мудирни уриб, пешонасини қонатишган".

Талабани кузда сананг

Ўзбек ҳукумати қишлоқ хўжалигини ислоҳ этмагани боис пахта етиштириш шароити ўтган асрдан ҳам ёмонроқ

Айни дамда, коллеж талабалари ҳам кузда пахта теришга мажбур қилинади. Бироқ энг ёши 14-15 яшар бу ўқувчилар халқаро андазалар ва Ўзбекистон қонунлари бўйича ҳам бола саналади.

"Коллеж болаларини пахтага жалб этишни тўхтатиш борасида ҳам ишлаш керак" - дейди Елена Урлаева.

АҚШ вакиллари Ўзбекистондаги аҳволни ўз кўзлари билан кўришларини айтишаркан, айримлар бу учун нега ёз мавсуми танланганини тушунишмайди.

"Ҳа, ҳақиқий аҳволни кўрмоқчи бўлишса, сентябр ё октябрда келишмайдими?" - савол қўяди қашқадарёлик фаол Гулшан Қораева.

"Ҳозир талаба ва ўқувчилар таътилда бўлса, куз келиши билан уларни пахта теришга мажбурлашади. Ана ўшанда келиб, айланиб, ҳақиқий аҳволни ўрганишса бўлмасмикан?"

Бироқ ҳозир ҳам катта ёшли давлат идоралари ходимлари мажбуран дала ишларида ишлатилмоқда. Фаолларга кўра, бу деярли барча вилоятларда кузатилади.

"Норозилик пайдо бўлмоқда. Мана яқинда Фарғонадан шифокор ва муаллимлар норозилик изҳор қилиш учун Тошкентга келишди" - дейди Елена Урлаева - "Улар ўз соҳалари бўйича ишлашни исташларини, пахта териш учун узоқ йиллар ўқишмаганини айтишаяпти".

Қуллик кўриниши

Бироқ бу каби одамлар сони ўта кам ва Ўзбекистон ҳукумати норозилик билдирган шахсларни турли йўллар биланг жазолаш орқали қўрқитиб келади.

Пахта даласида ишлашдан бош тортганлар эса ишини йўқотиб қўйиш ва ё ундан ҳам оғирроқ жазолар қўлланишидан қўрқишади.

Совет давридан давом этиб келаётган бу тажрибани аксар ўзбеклар одатий ҳолат, деб қабул қилишларини айтадиганлар ҳам бор.

Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичига мувофиқ, куз пайти Ўзбекистон давлати дунёнинг иккинчи ашаддий қулдорига айланади

Масалан, Ўзбекистон ҳукумати ўта ёш болаларни пахта ишларига мажбурлаш тажрибасини сўнгги икки йилгача кенг қўллаб келган ва бунга қарши чиққанлар жуда кам бўлган.

Аммо халқаро босимлар остида кўплаб йирик ширкатлар қулдек меҳнат эвазига келадиган Ўзбекистон пахтасини бойкот қила бошлашгач, ҳукумат аҳволни бироз яхшилашга уринди.

Лекин энди пахтани ягана қилиш ва териш каби ишларга давлат идоралари ходимлари, хусусан, ўқитувчи ва шифокорлар мажбурланмоқда.

Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичи ташкилоти эса одамларни бу тахлит ишлатиш тажрибасини қулдорликка тенглаштиради.

"Пахта терими мавсумида Ўзбекистон ҳукумати қуллик меҳнати жорий этиш бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқиб олади ва бу ўринда Ўзбекистондан олдинда фақатгина Африкадаги Мавртиния туради" - эслатилади ташкилотнинг сўнгги ҳисоботида.

Эшагидан тушови...

Кузатувчиларга кўра, кўп сувталаб ва меҳнатталаб пахта нархи унинг таннархи, яъни пахтани етиштириш учун кетган сарф-харажатни қопламайди. Шу боис ҳукумати уни арзон ё текин меҳнат эвазига териб олишни истайди.

Ўзбекистонда сув етишмай, ерлар жадал шўрланиб ва саҳролашиб кетаётган ҳозиргидек ҳолатда ҳам ҳукумат қишлоқ хўжалигини ислоҳ этмасдан, эскича усулда пахта етиштиришни давом эттирмоқда.

Мутахассисларга кўра, агар Ўзбекистон пахтани камайтириб, ўрнига мева-чева экса, ҳам бир неча баробар кўпроқ сувни тежарди, ҳам деҳқон-фермерлар бойирди.

"Оқ олтин"дан ўзбек деҳқони косаси оқармади...

"Пахта нархи баъзида помидор баҳосига тенг бўлиб қолади. Пахта етиштиришга қанча меҳнат ва маблағ кетадию, помидорга қанча?" - деганди иқтисодчи ва ишбилармон Анвар Ҳусайнов Би-би-си билан суҳбатида.

Қатор мутахассисларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати арзон бўлса-да, нақд валюта тўлайдиган тайёр харидорга эга пахтадан воз кечолмаяпти.

Лекин Сталин давридан қолган мажбурлаш усулларини қишлоқ хўжалигида қўллаётган Ўзбекистоннинг иқтисоди бу туришда қанчалик ривожланади ёки сув захиралари камайиб, мамлакатда саҳролашиш кучаётган шароитда ушбу усулларни қачонгача тутиб туриш мумкин - номаълум.

Айни дамда, мамлакатдаги бола меҳнатига оид аҳвол бироз яхшиланганини таъкидлаётган айрим фаоллар АҚШ сиёсатчилари ташрифидан анча умидвор.

"Ҳар ҳолда сўнгги йиллари болалар масаласида ижобий ўзгаришлар бўлди, зора мажбурий меҳнат бутунлай тугатилса..."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ