BBC navigation

Ўзбекистонда Ҳайит кунини нима учун Президент белгилайди?

Сўнгги янгиланиш 24 июл 2014 - 12:26 GMT

Медиа плейер

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 28 июлни Рамазон Ҳайит куни деб эълон қилган. Аксарият мусулмонлар диний олим бўлмаган шахснинг Ҳайитни Ой кўрмасдан белгилаши мантиқсиз деган фикрда.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Ўзбекистонда Ҳайит кунини нима учун Президент белгилайди?

00:03:40

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 28 июлни Рамазон Ҳайити куни деб эълон қилган.

Бу ҳақдаги қарорда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2014 йилда Рамазон ҳайити куни 28 июл, душанбага тўғри келиши ҳақидаги қароридан иқтибос келтирилган.

Исломий тақвимга мувофиқ, Рамазон ойининг боши ва охири янги Ой чиқишига қараб белгиланади.

Аммо, Ўзбекистонда 1992 йилдан буён давом этиб келаётган тажрибага мувофиқ, Президент Рамазон ойининг боши ва охирини махсус фармон билан белгилайди.

Ислом нуқтаи назаридан бу қанчалик тўғри? Биз ушбу саволни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансурга бердик.

"Ҳайитни белгилаш аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларига биноан белгиланади. Яъни, "Шаъбон ойи охирги кунида Рамазон ойининг ҳилолини кўриб, рўзани бошланглар ва Рамазон ойидан кейинги Шаввол ойи ҳилолини кўриб, ҳайит қилинглар", деган ҳадислари бор. Аммо, ойни дунё мамлакатларининг ҳамма жойида ҳам кузатиш мумкин эмас, айниқса, бизнинг диёрларимизда ойнинг биринчи куни кўринмайди. Шунинг учун, биз тақвимга қараб ҳисоб-китоб қиламиз", дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайҳ Абдулазиз Мансур.

Шунга кўра, Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистонда бу йилги Рамазон ҳайити 28 июлда кутилаяпти.

Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин эса, душанба куни ҳайит кутилаётгани, аммо бу ҳали аниқ эмаслигини айтади.

"Биласизлар, Исломда ибодатлар кун, ой ҳисоби билан юради, ҳисобланилади. Ойлар баъзида 29 кун, баъзан 30 кун келади. Бу йил ҳам Рамазон ойи 29 кун келиши мўлжалланиб турибди, чунки ундан олдинги Шаъбон ойи 30 кун келди. Шундай бўладиган бўлса, душанба куни, яъни 28 июл куни, иншооллоҳ, ҳайит кутиляпти. Аммо, бу жуда аниқ эмас, бу мўлжал, чунки бу нарса якшанба куни кечқурун маълум бўлади. Мободо, Рамазон ойи ҳам 30 кун келадиган бўлса, ҳайит бир кун орқага сурилиши ҳам мумкин".

Аммо, Ўзбекистонда бу борада Президент фармони асосида иш кўрилишини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳайит кунларини белгилаш шаръий масала эмасми, бунга сиёсатчиларнинг аралашуви қанчалар тўғри?

"Ҳеч қандай аралашиш йўқ. Ўша қарорларда ҳам ёзилган: "Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 28 июл ҳайит куни қилиб белгилаган қарорини тасдиқ қилган ҳолда..." Биз фақат кунини белгилай оламиз,холос. Унда кўп тадбирлар ўтказилади, дам олиш куни қилади. ...ва бошқа-бошқа тадбирларни ўтказиш тўғрисида Президентнинг қарори чиқади. Ҳайит қилинсин ёки рўзанинг биринчи куни фалон куни бошлансин деган қарор чиқарилмайди", дейди Шайх Абдулазиз Мансур.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.