ЎИҲга аъзоликда айбланган қашқадарёликлар қамоққа ташланди

  • 22 Июл 2014

Қашқадарё вилоятида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га мансубликда айбланган 6 шахс 9 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум этилган. Айбланганларнинг 3 нафари аёллардир.

Бу ҳақда хабар тарқатган "Эзгулик" жамиятига кўра, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 155-моддаси (Терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ҳамда 244-моддаси 2-банди (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича ҳукм ўқилган.

Аммо, "Эзгулик" фаоли Абдураҳмон Ташанов бу айбловлар мутлақо исботини топмаганини айтади.

"Биласизми, кейинги пайтларда диний-радикал оқимларга мансубликда айбланган шахслар ишларини кузатадиган бўлсак, жуда ҳам бирёқлама, фақатгина одамларнинг кўрсатмаларига асосланган тўлиқ исботланмаган ҳолатлар бор. Бу ерда ҳам судланувчиларнинг ҳимоячилари уларга қўйилаётган айбловларни мутлақо исботланмагани, уларнинг уйидан "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" деймизми, бошқа террорчилик ташкилотлари деймизми, бирон бир ашёвий далиллар топилмаганлиги тўғрисида апелляция шикоятларида ёзишган", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Суд ҳукмида ушбу шахслар "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ташкилотига аъзо бўлишгани, Ўзбекистондаги вазиятни беқарорлаштириш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш ҳамда ўлкада халифатчилик давлатини қуришни режалаштиришгани айтилган.

"Эзгулик" жамиятидан Абдураҳмон Ташанов эса, бу одамлар исломий ҳаракат ўзи нима экани борасида ҳам тасаввурга эга бўлмаган одамлардир.

"Улар исломий ҳаракат нима, қаерда у, ўзи Покистон қаердалигини ҳам харитада кўрсатиб бера олмайдиган одамлар. Оддий оми одамлар. Улар ҳар ҳолда одамда шунақа таассурот уйғотади. Бундан ташқари иш ҳужжатларини кўрадиган бўлсак, дунёвий тузумни зўрлик билан ағдариб деган сўзлар ёзилган. Бу жиноятлар ўзи нимада ифодаланади? Қандай қилиб ағдармоқчи бўлди? Нима қилиб ағдармоқчи бўлди? Суд ҳужжатларида бу саволларга жавобнинг ўзи йўқ. Чунки, бу ерда ўша жиноятни амалга оширишда восита бўлган ашёвий далилларнинг ўзи йўқ, агар ҳукмга, айблов хулосаларига қараб хулоса чиқарадиган бўлсак..."

Шунингдек, "Эзгулик" жамияти Қашқадарёда яна 70 дан ортиқ одам айни айбловлар билан тергов қилинаётганини айтади.

"Айбланганларнинг яқинлари бизнинг жамиятимизга келиб ариза ташлаб кетишган, илова ҳужжатлар тақдим қилишган. Илова ҳужжатларини текшириб кўрганимизда, 70га яқин фуқароларни диний-радикал оқимларга мансубликда айбланиб қамалгани, баъзилари тергов бераётгани, айримларини судда эканлиги, дастлаб 6 нафаргина одам устидан ҳукм чиққанлигини аён бўлди", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганлардан бири Лолахон Қудратова исмли аёл бўлган.

Қарши шаҳрида истиқомат қилиб келган 47 ёшли Лолахон Қудратова 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Унинг қизи Кенжаева Жасмина Би-би-сига онасининг қамалиши билан боғлиқ тафсилотларни гапириб берди:

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ