Президент Каримов ҳам меҳнат таътилига чиқадими?

  • 16 Июл 2014

Қозоғистон Президентининг матбуот хизмати Президент Назарбоевнинг таътилга чиққанини эълон қилган.

"Давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев 14 июлдан бошлаб қисқа таътилда", дейилади бу ҳақдаги расмий хабарда.

Қозоғистон Президентининг девони вақти-вақти билан Президентнинг таътилга чиққани ёки унинг даволаниш ё-да таътил учун учун хорижга сафар қилгани ҳақида хабар тарқатиб туради.

Аммо Ўзбекистонда Президентнинг меҳнат таътилига чиқиши ноодатий ҳолдир.

Ўзбекистонликлар ўз Президентларининг 25 йил мобайнида бирон марта ҳам таътилга чиққанини эшитишмаган.

Президентнинг матбуот хизмати бу ҳақда хабар тарқатмайди.

Аммо бу Президент Ислом Каримов юрт осойишталиги ва халқ фаровонлиги йўлида ўз соғлигидан воз кечиб, таътилга ҳам чиқмай, тер тўкаётганини англатадими?

Би-би-си олиб борган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистон раҳбари ҳам бошқа раҳбарлар ва одамларга ўхшаб меҳнат таътили олади.

Фақат бу Ўзбекистондаги жамоатчиликка ошкор этилмайди.

Масофадан бошқарув

Тошкентдаги Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаънинг Би-би-сига айтишича, Президент Ислом Каримов йилда икки марта - ёзда 15 кун ва қишда 7 кун меҳнат таътили олади.

Фақат буни Президент девонидагилар билишади, холос.

Манбаънинг айтишича, Президент ёзги таътилини асосан, Тошкент яқинидаги "Қайнар" истироҳатгоҳида ўтказади, қишки таътил эса янги йил кунларига тўғри келади.

"Авваллари Украинада дам оларди, ҳозир йўқ. Чет элга чиқмайди", - дейди Тошкентдаги Ўзбекистон ҳукуматининг номи ошкор этилишини истамаган собиқ юқори мартабали мулозими.

Унинг айтишича, Президент таътилга кетаркан, вақтинчалик ўз ўрнига ҳеч кимни қўйиб кетмайди.

"Ким ҳам унинг ваколатларини олишга журъат қилади?",- дейди Би-би-си суҳбатлашган манбаъ.

Унинг айтишича, Президент дам олаётган пайт мамлакатни "масофадан бошқариш"да давом этади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси меҳнат таътили ёки узоқ давом этадиган хорижий сафар чоғида мамлакат Президентининг ваколатларини бошқа шахсга ўтказиб туришни назарда тутмайди.

Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби, журналист Шароф Убайдуллаев ҳам Президентнинг меҳнат таътилига доир Би-би-си манбаъси берган маълумотни тасдиқлайди.

Унинг айтишича, ўз вақтида Президент Каримов "кўз-қулоқ бўлиб туриш"ни Ўзбекистон ҳукуматининг "кулранг кардинали" сифатида билинган Бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабековга тайинлаган ҳолатлар бўлган.

"Аммо ўшанда ҳам Жўрабеков девонга яқин келмаган", - дейди Шароф Убайдуллаев.

Унинг айтишича, Ислом Каримовнинг ўтмишдоши, Ўзбекистоннинг шўро давридаги раҳбари Шароф Рашидов меҳнат таътилига чиққан пайт унинг вазифасини Компартиянинг иккинчи котиби бажариб турган.

"Улар 6-қаватдаги қўшни хоналарда ўтиришган. Анҳор томонда Рашидов, кўргазмалар залига қараб турган томонда иккинчи котиб ўтирарди. Ўртада катта мажлислар зали бўлган. Ҳозир иккинчи котиб ўтирган томон ҳам Президент Каримовнинг дам олиш хонаси ҳисобланади", дейди журналист.

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, Рашидов таътилга кетган пайт унинг хонаси таъмирга топширилган.

"У пайт тартиб шунақа эди. Ҳамма раҳбарлар таътилга кетган пайт хоналари таъмир қилинарди", -дейди узоқ йиллар Ўзбекистон Компартиясининг Марказий Комитети ва юқори матбуот органларида хизмат қилган журналист.

'Маҳкум'

АҚШда яшаётган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев Президент Каримовнинг вақтинчалик ёки рамзий маънода бўлса ҳам, ҳокимият жиловини бошқа кишига топширмаслигини унинг ўз атрофидагиларга ишонмаслиги билан изоҳлайди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда қарор топган сиёсий тузум шароитида бундай имконият йўқ.

"Сабаби ўзининг атрофидагиларга ишонмайди, ишонишнинг имконияти йўқ, тузум шунақа",- дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Унга кўра, Президент Каримов учун расман таътил ва нафақага чиқишнинг имкони йўқ ва бу мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол билан боғлиқ.

"Мамлакатдаги аҳвол ўта оғир. Каримовнинг доимий ишлайдиган, ваколатли аппарати йўқ. Алоҳида шахсларга алоҳида топшириқлар бериш йўли билан бошқаради. Шунинг учун қаерда бўлишидан қатъий назар, давлатни унинг бир ўзи бошқаришга маҳкум", - дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ мулозими.

Унинг фикрича, бу Каримовнинг "мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни яхши билгани ва ундан кўнгли тўлмаганидан" далолат беради.

"Мамлакатни бошқариш имконияти Каримовнинг ўзи билан чекланган", - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Би-би-сининг Ўзбекистон Президенти девони ва Ташқи ишлар вазирлигидан бу борада шарҳ олиш ҳаракатлари натижа бергани йўқ.

Ўзбекистонни чорак асрдан буён бошқараётган 76 ёшли Президент Ислом Каримов шу йилнинг майида яна бир муддатга президентликда қолмоқчи эканига ишора қилган.

"Мен яна ишламоқчи бўлсам, бунинг нимаси ёмон?", -деган жаноб Каримов ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида.

Ўзбекистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2015 йилда бўлиб ўтиши керак.