Ўзбек ҳукумати: шакар нархи 3200 дан ошмасин!

  • 13 Июл 2014

Бир ой деганда Ўзбекистоннинг антимонопол қўмитаси шакар бозорида юзага келган шов-шувнинг тагига етди.

Аввал-бошидаёқ шакар тақчиллигига йўл қўймаслик асосий вазифаси ҳисобланадиган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси деб аталадиган ташкилот эълон қилишича, Ўзбекистонда шакар савдоси билан боғлиқ сунъий тақчиллик келиб чиқишига оддий чайқовчилик, олибсотарлик сабаб бўлган.

Ушбу баёнотнинг ўзи Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти шу кунгача ҳам жорий этилмаганини исботлайди, аксилмонопол қўмитадан наф бор-йўқлигини шубҳа остига олади.

Чунки бу қўмитадан сўраладиган асосий саволлардан бири Асака заводида чиқарилган автомобилларнинг нархини нега 18 йилдан буён тартибга сола олмаётгани ёки нега Ўзбекистонда чиққан машина нархи Россия ёки Қозоғистондагидан қиммат экани билан боғлиқ.

Шунингдек, давлат ғазнасидан ажратиладиган валютага Украинадан шакар олиб келиб монополистга айланиш ҳуқуқи кимларга берилганди ва бугун кимда, деган савол ҳам рақобатга қарши кураш қўмитасига бериладиган кўплаб сонли саволлардан биттасидир.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси эълон қилишича, "шакар маҳсулотини "сунъий тақчиллигини” келиб чиқишига асосий сабаб бу оддий олиб-сотарлик, шу жумладан ушбу маҳсулот бозорида фаолият кўрсатаётган улгуржи воситачилар ҳамда чакана савдо дўконлари ўртасида ўзаро тил бириктириш, келишиб ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигидир".

"Юзага келган бу вазиятдан баъзи ноинсоф истеъмолчилар чайқовчилик мақсадларида фойдаланмоқдалар, яъни улар йирик савдо дўконларидан кўп миқдорларда шакар маҳсулотни сотиб олиб, сўнгра уни юқори баҳоларда қайта сотмоқдалар. Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган таҳлил ишларини кўрсатишича, бугунги кунда мамлакатимизда шакар маҳсулоти тақчиллигини келтириб чиқарадиган хеч қандай объектив ва субъектив сабаблар ва омиллар йўқ", дейилади қўмита баёнотида.

"Шакар маҳсулоти бозорида барқарорликни таъминлаш, юзага келган вазиятни юмшатиш ва истеъмолчилар ўртасида шов-шувларга барҳам бериш мақсадида, ҳукумат томонидан чакана савдо дўконларида сотилаётган шакар маҳсулотининг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилди", деб маълум қилган давлат қўмитаси.

Ўзбекистон аксилрақобат қўмитаси маълум қилишича, 2014 йилнинг учинчи чораги, яъни сентябргача Ангренда йилига 300 тонна шакар ишлаб чиқарадиган заводни ишга тушириш режаланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас