BBC navigation

Ўзбекистон:Масжидларда таровиҳ намозига ўсмирлар қўйилмаяпти

Сўнгги янгиланиш 8 июл 2014 - 13:37 GMT

Рамазон ойи Ўзбекистонда мактаб ва коллеж ўқувчилари таровиҳ намозларига қўйилмаяпти. Би-би-си Ўзбекистоннинг бир неча вилояти билан боғланганида рўзадорлар ушбу ҳолатни тасдиқлашди. Ўзбекистонда рўзадорлар бу йил 16,5 соат оғзи ёпиқ ҳолда юради.

Намангандан ҳуқуқ фаоли Носир Зокир бошқалар қатори рўза тутган. У рамазон ойида кечки хуфтон намози вақтида ўқиладиган таровиҳ намозини ўқиш бироз қийинчилик туғдираётганини айтади.

“Таровиҳ намозларини катталарга ҳеч ким тақиқлагани йўқ. Лекин кечки намоз ўқиладиган масжид мен турган жойимдан 3 км тепада жойлашган. Микрарайон ҳудудида битта масжид йўқ. Миробод деган жойда бор, 3-4 км чиқиб намозни ўқиб тушушингиз керак. Илгари ҳар битта маҳаллада биттадан масжид бор эди. 3-4 домга битта кичкина масжид тўғри келган, ҳозир ҳаммаси йўқ”, - дейди Носир ака.

Носир Зокирнинг таъкидлашича, Рамазон ойида Намангандаги ҳолат бундан 10 йил олдингиси билан кескин фарқ қилади.

“Бундан 10-12 йилча олдин Рўза вақти чойхоналар бекиларди. Кўчада рўза тутмаган хаста ва тутишни хоҳламаганларни рўзадорларнинг олдида кавшаниб юрганини кўрмасдингиз. Ҳозир чойхоналар очиқ. Одамлар рўзадорларнинг олдида бемалол овқатланиб, сигарет тутатиб ўтираверади”, - дейди Носир Зокир.

Ҳуқуқ фаолига кўра масжидларга мактаб ва коллеж ўқувчилари киритилмаслиги бўйича юқоридан кўрсатма бўлганлиги учун таровиҳ намозларига ҳам қўйилмаяпти.

“Масжидларга ёшлар киритилмайди. Ўзи Қуръони Каримда ўғил болалар 12 ёшдан, қизларга 9 ёшдан намоз буюрилган-ку. Аммо маъруза қилишиб, ёшлар ўқишини ўқисин, 18 ёшгача масжидга киргизманглар дейишади. Бу энди давлатнинг қонуни 18 ёшгача киритмайди. Болаларингизни олиб келманглар, дейди. Олиб келса чиқариб юборади”, - дейди Носир Зокир.

Тошкентдан маҳалла фаоли Абдураззоқ ака пойтахтда имомлар эмас балки ўқув юрти ходимлари ўқувчиларни масжидга бормаслик ҳақида огоҳлантиришини айтади.

“Мактаб ва коллеж ўқувчиларига масжидга бориш тақиқланган. Масжиддагилар индашмайди, лекин коллеждагилар чиқманглар, бизга гап тегади, деб айтишади”, - дейди Абдураззоқ ака.

Самарқанддан Ҳолиқназар Ғаниев таровиҳ намозлари тунги 11 гача ўқилаётганини ва масжидларда мактаб ёки коллеж ўқувчилари кўринмаётганини билдирди.

“Ўқувчиларга масжидга рухсат йўқ, деган гапни эшитамиз. Нафақат таровиҳга, балки умуман масжидга қўйилмаяпти”, - дейди Холиқназар Ғаниев.

Ўзбекистон Мусулмонлар Диний идораси раис ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мактаб ва коллеж ўқувчиларининг масжидларга қўйилмаётгани ҳақидаги хабарни атрофлича ўрганмасдан изоҳ бера олмаслигини билдирди.

“Бу масалаларга мен фикр айта олмайман, хабарим йўқ. Буларни яхши ўрганиб гапирилмаса – бу нозик масала. Буни аниқлаб тўғрисини гапириш керак. Бу масалалар қалтис масала. Давлатнинг сиёсатига таалуқли масала. Шунинг учун мен уни ўрганайин. Намангандан сизларга қўнғироқ қилмасдан, бизга айтишса, биз ҳал қиламиз”, - дейди Абдулазиз Мансур.

Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда диний эркинлик жуда чекланган, кўп минглаб диний маҳбуслар қамоқларда айбсиз ҳолатда ётганини таъкидлашади. Дин ва эътиқодни ҳукумат қаттиқ назорат қилиши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.